Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:46

Эронда ҳибсга олинган ўзбек қочқин оиласи озод бўлди


Асли наманганлик Юсуповлар оиласи Эроннинг Язд шаҳрида қамоқда сақланган эди.
Асли наманганлик Юсуповлар оиласи Эроннинг Язд шаҳрида қамоқда сақланган эди.

Язд ҳибсхонасида сақланган Эркин Юсупов оиласи Эрон суди томонидан озод қилингани айтилди.


Озодликка маълум бўлишича, ўтган йилнинг 21 ноябрида Эроннинг Язд шаҳрида ҳибсга олинган ўзбекистонлик қочқин, асли наманганлик 41 ёшли Эркин Юсупов ва унинг оиласи декабр ойи охирларида Эрон суди томонидан озод қилинган.

Ўзбекистонлик қочқин Ҳазрат Жўраев оиланинг озод этилишига оид ўзига маълум бўлган қисқа маълумотни Озодликка сўзлаб берди.

- Мен бу оила билан алоқада бўлиб турган танишларимиздан эшитиб билдимки, бу оила озод этилган. Уларни Язддан Теҳронга жўнатишган ва у ерда судга тортишган. Суд вақтида бу оила бор ҳақиқатни сўзлаган ва Эрон суди уларга раҳм қилиб, уларни озод қилган,- дейди Ҳазрат Жўраев.

Ушбу манбага кўра, оила айни кезда Эронга қўшни давлатлардан бирига чиқариб юборилган ва Озодлик оиланинг яқинлари илтимосига мувофиқ, бу давлат номини сир қолдирди.

Ноябр ойида Язд ҳибсхонасидан туриб Озодликка боғланган 29 ёшли Мастура Юсупова — Эркин Юсуповнинг рафиқаси — оила 2005 йилларда Эронга келиб қолгани ва қисқа муддат ичида БМТ Қочқинлар масалалари бўйича Олий комиссарлиги Теҳрон бўлими томонидан қочқин, деб тан олингани ҳақида сўзлаб берган эди.

Эндиликда Ҳазрат Жўраевнинг бизга маълум қилишича, оилага берилган қочқинлик мақоми тўғрисидаги ҳужжат муддати битгач, БМТ Қочқинлар идораси Теҳрон ваколатхонаси оиланинг ҳужжати муддатини узайтирмаган ва айни кезда уларни учинчи давлатларга ҳам йўлламаган.

Шу тариқа, диний эътиқоди боис Ўзбекистонда ҳукумат идоралари томонидан "ваҳҳобийликда" айбланиб, тазйиққа учраганини иддао қилган ва шу боис, 1998 йилларда Ўзбекистонни тарк этишга мабур бўлганини айтган Юсуповлар оиласи маълум муддат Эрон сарҳадларида ҳуқуқий ҳимоясиз яшириниб юришга мажбур бўлган.

Айни кезда ушбу оилада каттаси 9, кичиги 2 ёш бўлган учта фарзанд бор.

Бу оиланинг ҳибсга олингани халқаро матбуот оғзига тушганидан бохабар бўлгач, БМТ Қочқинлар билан ишлаш Олий комиссарлиги Теҳрон бўлими ва айни пайтда Эрон суди ҳам бу оила масъулиятини ўз зиммасидан соқит қилишга уринган, дея ушбу вазиятга муносабат билдиради Юсуповлар оиласи тақдирини кузатиб келаётган инсон ҳуқуқлари фаоли Надежда Отаева.

Ҳуқуқ фаолига кўра, Эронга бориб қолган кўпчилик ўзбекистонлик қочқинлар худди Юсуповлар оиласи каби ўта оғир вазиятда қолмоқда.

- Гап шундаки, Қочқинлар билан ишлаш Олий комиссарлиги ваколатхоналари бундай оилаларнинг учинчи давлатларга кўчирилиш имкони йўқлигини билгач, қанчадир вақтдан кейин уларнинг қўлидаги ҳужжат муддатини узайтирмайдилар. Бунақа ҳолат ҳақида биз кўп эшитганмиз ва бундай ҳолатлар Эрон, Туркичяда кузатилган, - дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.

Айни кезда бизга Эркин Юсуповлар оиласи ҳақидаги хабарларни тақдим қилган ўзбекистонлик қочқин Ҳазрат Жўраев ҳам 2011 йилнинг апрел ойидан буён ноқонуний вазиятга тушиб қолаганини айтмоқда.

- Мен ҳам апрел ойидан бошлаб, БМТ Қочинлар билан ишлаш Олий коммисарлиги Теҳрон бўлимига мурожаат қилиб келаяпман. Ҳар гал боғлансам, кейин телефон қилинг, дейишаверди. Декабр ойига келиб эса мурожаатларимни жавобсиз қолидариган бўлишди, - дейди Ҳазрат Жўраев.

Биз БМТ Қочқинлар билаш ишлаш Олий комиссарлигининг Теҳрондаги бўлмига боғланишга уриндик, аммо Ҳазрат Жўраев номини тилга олган мутасаддилар билан сўзлашишга муваффақ бўлмадик.

Айни кезда Озодлик бу қочқинлар тақдири хусусида БМТ Қочқинлар билан ишлаш Олий комиссарлигининг Эрон бўйича вакили жаноб Балуж Бабао билан ҳам боғланди.

У киши вазиятга оид барча маълумотларни олди ва ўрганиб кўриб, жавоб айтажагини ваъда қилди.

Франциядаги Марказиё Осиё инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Надежда Отаевага кўра, кейинги вақтларда ҳуқуқий мақомидан ажраб, Эрон, Покистон, Туркия каби давлатлар ҳудудида ҳимоясиз қолиб кетаётган ўзбекистонлик қочқинлар тақдирига жиддий эътибор қаратиш жуда зарур.

- Менимча, биз ва ҳакасбларимиз бу масалани БМТ нинг Олий коммисари даражасида кескин кўтаришимиз лозим ва бу ҳимоясиз инсонлар ҳуқуқий ёрдам билан таъминланишига эришиш керак. Чунки, бундай оилаларнинг қўлларида йўлларда туғилган ва ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган болалар бор, биласизми? Бу оилалар ҳуқуқий ҳимоя ва энг муҳими, ҳуқуқий маслаҳатга муҳтож, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Озодлик мухбири бу оила тақдири борасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қатор халқаро ташкилотлар — БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги, Amnesty International, Human Rights Watch каби ташкилотлар билан мунтазам алоқада қолмоқда.

Бу ташкилотлар Эркин Юсупов оиласи каби ўзбекистонлик қочқин оилаларни қийноқлар системали равишда қўлланиши халқаро миқёсда тан олинган Ўзбекистонга бериб юбориш халқаро ҳуқуқий меъёрларга мутлақо зид эканини таъкидлаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG