Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:35

Ўзбекистонда бензин тақчиллиги 2012 да ҳам кузатилади


Эски йилдан янги йилга ўтган бензин тақчиллиги яқин орада бартараф қилинмайдиган кўринади, демоқда таҳлилчилар.
Эски йилдан янги йилга ўтган бензин тақчиллиги яқин орада бартараф қилинмайдиган кўринади, демоқда таҳлилчилар.

Янги йилда бензин нархи ошгани йўл солиғи ошгани билан, танқислиги эса Ўзбекистонда талаб ва таклиф баланси бузилгани билан изоҳланмоқда.


Яна бензин қимматлади, бу гал йўл солиғи учун


2012 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон АЁҚШларида Аи-80 бензини ва солярка нархи 1605 сўм, Аи-91 бензини 1770 сўм, Аи-95 бензинининг нархи эса 1955 сўм қилиб белгиланди.

Бу нарҳ ичидаги 200 сўм йўл солиғидир. Янги йилдан бошлаб бензин нархи ичидаги бу солиқ қиймати 25 сўмга оширилди.

- Аи-80 бензин 1405 сўм. Йўл солиғи 200 сўм. Аи-91 бензин 1770 сўм. Ундан ҳам 200 сўм олиб ташласангиз, бензин асл нархини чиқариб оласиз. 95 бензин бор, 1955 сўм. Ўшандан 200 сўм олиб ташлайсиз,- деди, жумладан шаҳардаги ёқилғи қуйиш шохобчаларидан бирининг оператори.

Ўзбекистонда йўл солиғи айни кезда барча турдаги давлат корхоналари умумий даромадининг 0,1 фоизи миқдорида ундирилмоқда.

Бундан ташқари, транспорт воситасидан фойдаланувчи шахслар ҳам ҳар литр бензин учун 200 сўмдан йўл солиғи тўламоқда. 2012 йилнинг 1 январига қадар бу солиқ миқдори 175 сўм эди.


Бензин тан нархи сотув нархнинг деярли ярмига тенг


Айни кезда ўзбекистонлик айрим иқтисодчилар кузатувича, бензиннинг ҳар литри учун белгиланган нарх ичида миқдори катта бўлган солиқлардан бири йўл солиғидир.

Бензин нархи ичидаги бошқа солиқ турлари ва ҳажми ҳақида сўзлаган иқтисодчи, Ўзбекистон Молия взирлигининг собиқ амалдори, ҳозирда Остонадаги Евроосиë институтининг Иқтисодиëт факултети декани бўлган Сапарбой Жубаев, мисол учун, нархи 1 минг 770 сўм бўлган Аи-91 русумидаги бензин нархи таркибини тахминан изоҳлашга уринди.

- Масалан, Бухоро заводида бензиннинг ўзини ишлаб чиқариш баҳоси балки 1000 сўм, дейлик. Унинг устидаги асосий солиқлар балки 300 сўмдир. Масалан, даромад солиғи, қўшимча қиймат солиғи, акциз солиғи, корхоналарнинг ўзига солинадиган солиқлар, йўл солиғи, ишқилиб солиқ кўп бизда. Шунинг ҳаммаси билан бензин нархи 1 минг 770 сўм бўлади, - дея тахминий ҳисоб-китоб юритади С. Жубаев.

Шу билан биргаликда иқтисодчи, бугун жаҳон бозоридагига қараганда анча арзон бўлган Ўзбекистондаги бензин нархи мамлакат раҳбарияти томонидан сунъий равишда паст баҳоларда ушлаб турилибди, дея қўшимча қилади.

Нархи ошиб бораётган бензин ҳануз тақчил


Ўтган 2011 йил давомида Ўзбекистонда бензин танқислиги кузатилди.

Тошкент шаҳрида ишлаётган аксарият ёқилғи қуйиш шохобчаларидан олинган маълумотга кўра, шу кунларда ҳам Аи-91, Аи-95 русумли бензин йўқ.

Аксар шаҳобчаларда сифати энг паст бўлган Аи-80 бензини ҳам сезиларли даржада танқисдир.

Бу ҳақда Озодликка сўзлаган таҳлилчилар ёнилғи тақчиллигини мамлакатдаги нефт заҳираларининг таги кўриниб қолгани билан изоҳлаган эдилар.

Иқтисодчи Сапарбой Жубаевга кўра, бу тахминда ҳам жон бўлиши мумкин.

Аммо, йил охирига келиб шаклланган манзара ҳамда жамоатчиликда мавжуд маълумотларга кўра, бунинг асосий сабаби сўнгги йилларда Ўзбекистонда бензинга бўлган талаб кескин тарзда ортиб бормоқда.

Бензин ишлаб чиқариш ҳажми эса кенгайиш ўрнига жиддий равишда қисқариб бормоқда.

- Менимча, умумий талаб билан умумий ишлаб чиқариш баланси бузилган, деб ўйлайман. Чунки Ўзбекистонда бензинга талаб катта. Машиналар кўп. Лекин, ишлаб чиқариш учун иккита завод (Бухоро, Фарғона) кам.

Бунинг сабаби, Ўзбекистонда нефтнинг аслида кўп эмаслигида. Уни импорт қилиш керак, импортга валюта керак. Шунинг учун, Ўзбекистон чет элдан нефтни озгина импорт қилиб, уни переработка қилаëтган бўлса керак, - дея тахмин қилади Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ амалдори, ҳозирда Остонадаги Евроосиë институтининг Иқтисодиëт факултети декани Сапарбой Жубаев.

Унинг кузатувига кўра, Ўзбекистон бўйича ўз вақтида 7 миллион тонна нефт қазиб олинган ва ҳозир бу миқдор 5 миллионга тушган.


Бензин тақчиллиги 2012 йилда ҳам давом этади


2011 йил давомида Ўзбекистондаги энергетик бўҳрон ҳақида энг кўп хабар берган Uzmetronom сайти муҳаррири Сергей Ежков кузатувларига кўра ҳам Ўзбекистонда нефт ва газ қазиб олиш ҳажми сезиларли даражада қисқарган.

- Расмий рақамлар орасида бугун Ўзбекистонда 2,8 миллион тонна ҳажмида суюқ углеводородлар қазиб олаётгани айтилди. Бироқ, биргина Фарғона нефтни қайта ишланш заводининг қуввати йилига 5 миллион тоннадир. Кўряпсизми, қазиб олинаётган умумий қазилма ҳажми, ҳатто битта заводни тўла қувватда ишлашига етмайди,- дейди мустақил журналист Сергей Ежков.

Журналистга кўра, бунинг устига мамлакатда катта суратларда ўсиб бораётган иқтисодиёт, энергетика учун эҳтиёж ва автомобил парклари мамлакатда жиддий энергетик тақчилликни юзага келтирган ҳамда бу тақчиллик яқин йиллар ичида давом этиши тайин.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасига кўра, мамлакатда бензин ишлаб чиқариш 2011 йилнинг 9 ойи мобайнида 2,6 фоиз (1,009 миллион тонна), керосин 4,5 фоиз (260,3 минг тонна), дизел ёқилғиси 1,1 фоиз (845,5 минг тонна), сиқилган газ ишлаб чиқариш эса 4,4 фоиз (191,8 минг тонна) га камайган.
XS
SM
MD
LG