Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:46

Ўзбекистонда йўл солиғи сиёсий мақсадларда сарфланмоқда


Ўзбекистонда ҳар бир автомобил эгаси ҳар бир литр бензин сотиб олганда 200 сўмдан йўл солиғи тўлайди.
Ўзбекистонда ҳар бир автомобил эгаси ҳар бир литр бензин сотиб олганда 200 сўмдан йўл солиғи тўлайди.

Ўзбекистон ҳукумати республикадаги миллий автомобил йўллар тармоғини такомиллаштириш мақсадларига 680 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратди. Бу харажатлар ўзбекистонликларга солинадиган йўл солиғи ҳисобидан қопланади, лекин Ўзбекистонда йўллар аҳволини яхши биладиган ҳайдовчилар "ўзбекча" такомиллаштириш натижаларини кўргани йўқ.


Расмий маълумотларда ҳукумат ажратган 680 миллиард сўмнинг қарийб 80 фоизи мамлакатда мавжуд миллий автомобил йўллари таъмири учун сарфланиши айтилмоқда.

Ўзавтойўл Давлат акциядорлик компаниясидан олинган маълумотга кўра, 2012 йил давомида йўл таъмири учун ажратилган маблағнинг айнан қайси йўллар таъмирига, қай тарзда сарфланиши ҳақидаги режа ҳали тасдиқлангани йўқ.

- 30 декабр куни шунча пул ажратилиши ҳақидаги қарор тасдиқланди. Энди бу маблағнинг қай шаклда сарфланиши бўйича ишлаб чиқилган режанинг тасдиқланишини кутяпмиз. Шунинг учун, бунчаси йўл таъмирига кетади, бунчаси йўл қуришга, деб айтишга ҳали эрта,- деди Ўзавтойўл компаниясининг ўзини таништирмаган ходими.

Аммо, бир неча кун муқаддам Ўзбекистонга оид расмий маълумотларни чоп этиб келаётган айрим ярим расмий Интернет нашрлари ҳукумат томонидан йўлсозлик соҳаси учун 910 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилгани ва бу маблағнинг Ўзбекистон Йўл жамғармаси томонидан ажратилгани айтилган эди.

Шунингдек, бу манбаларда таъмир қилинажак мавжуд йўллар, деганда жами 327 километр, яна айрим манбаларда эса 527 километр йўл ҳақида гап бораётгани айтилган эди.

Бироқ, Ўзбекистон Йўл жамғармаси мутасаддиси 2012 йилдаги йўлсозлик учун 910 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилгани ҳақидаги хабарни инкор қилди.

- Бир неча кундан бери шу гап чиқди. Гўёки, бизнинг жамғарма ажратганмиш. Бу нотўғри гап. Биз белгилаган 2012 йилги лимит - 680 миллиард сўм. Бу сумма янги қурилаётган ва мамлакатдаги мавжуд Миллий автомобил йўллар тармоғи таъмири ҳамда модернизацияси учун сарфланади,- дейди жамғарманинг ўзини тантиштирмаган ходими.

Кўпчилик оддий ўзбекистонликларни ўйлантириб турган асосий муаммо — шаҳар, туман ва қишлоқлар ичидаги йўллардир. Зотан бундай йўлларни таъмирлаш маҳаллий ҳокимиятларнинг ички бюжетидан қопланади.

Ўзбекистон Йўл жамғармаси мутасаддисига кўра, хусусан, бугунга келиб ҳар 1 литр бензин нархи ичидаги 200 сўмга яқин йўл солиғи жумладан ички, маҳаллий йўллар таъмири учун ҳам сарфланиши лозим.

Магистрал йўллардан ўнгга ва чапга бурилишингиз билан учрай бошлайдиган йўллардаги носозликлар эса йўл солиғи бориб тушадиган вилоят, шаҳар, туман ҳокимликлари маҳаллий бюжети доирасида бартараф этилиши керак.

Республика Йўл жамғармаси ходимига кўра, 2011 йилда тушуми қарийб 1 триллион сўм атрофида бўлган бу ташкилот фақат Миллий автомобил йўллари қурилиши ва модернизацияси билан шуғулланади.

Бу жамғарма республикада мавжуд жами ташкилотларнинг ҳар ойлик даромади 0,1 фоизи миқдоридаги солиқдан шаклланган.

Ўзбекистонда бир неча йиллардан буён давлат сиёсати даражасидаги йўналишлардан бири — Миллий автомобил йўллар қурилиши ва таъмирланиши бўлмоқда.

Ўзбекистон миллий автомобил йўллари тармоғи эса, расмий маълумотларга кўра, ҳозирда тўрт йўналишда қурилаётган ва таъмирланиб, халқаро стандартларга тенглаштирилаётган йўллардир.

Булар: Тошкент-Ўш, Тошкент-Бейнов, Тошкент-Олот, Тошкент-Ҳайратон йўналишидаги магистрал йўллардир.

Шу кунларда йўлсозлик билан шуғулланаётган очиқ турдаги қатор корхоналардан олинган маълумотларга кўра, ҳозир асосий эътибор воҳага — Хоразм, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё ва Қорақалпоғистон йўналишидаги йўлларга қаратилган.

- Масалан, биз ҳозир Хоразм ва Бухоро йўналишида ишлаяпмиз. Бу автомобил йўллар Туркманистон йўлларига туташади. Бу йўналишда баъзи участкада йўл бутунлай янгидан қурилаяпти. Баъзи йўлларда таъмирланаяпти,- дейди Тошкентдаги йўлсозликка ихтисослашган маъсулияти чекланган очиқ жамиятлардан бирининг ўзини таништирмаган ходими.

Бу ташкилотда ишлайдиган йўлсозлик бўйича мухандислардан бирининг сўзларига кўра, ҳозирга келиб Ўзбекистон Миллий автомобил тармоқлари ичидаги магистрал йўллар қурилиши деярли якунига етган ва ҳозирда бу йўллардаги таъмир ишлари ҳақида гап бормоқда.

Ўзбекистон президенти кўп йиллардан буён Ўзбекистондаги автомобил йўлларнинг минтақа давлатлари орқали Форс кўрфазига етиб бориши ташаббусини илгари суриб келади.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти орқали қўшни Афғонистонга туташадиган автомобил ва темир йўллар инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳозирда Афғонистондаги НАТО қўшинлари учун юкларни транзит қилишда Ўзбекистон орқали ўтадиган Шимолий таъминот тармоғи ролининг кучаяётгани бу соҳани такомоллаштиришнинг долзарб масалага айланиши сабабларидан биридир.

Ўзбекистонда йўлсозлик билан шуғулланаётган расмий ташкилотлардан олинган маълумотларга кўра, ҳозир республика ташкилотларидан йиғиб олинаётган йўл солиқлари, асосан, давлат сиёсати аҳамиятидаги шу икки йўналишдан борувчи автомобил йўллари модернизациясига сарфланмоқда.
XS
SM
MD
LG