Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:50

"Жанаўзен воқеалари Андижон воқеаларига ўхшаб қолмасин"


Қозоғистондаги фуқаролик жамияти фаоллари Жанаўзен воқеалари 2005 йилги Андижон воқеаларига ўхшатилмаслиги учун расмийлардан шаффоф бўлишни сўрамоқда.


Мана бир неча кундирки, Қозоғистоннинг Жанаўзен шаҳрида содир бўлган воқеалар жамоатчилик диққат марказида қолмоқда.

Зеро, аҳоли вакиллари ва полиция тўқнашувига сабаб бўлган муаммо сўнгги 6 ойдан буён ҳал этилмаётган ва ўша кездаёқ ишдан ноҳақ бўшатилганидан норози нефтчилар чиқишларини давом эттириб келаётган эди.

Бу норозиликларнинг айнан 16 декабр - қонли Желтўқсан воқеаларининг 25 йиллиги ва Қозоғистон мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида қонли тўқнашувларга айлангани қозоғистонлик сиёсатчилару, мухолифатчиларнинг муҳокамаси диққат марказида қолмоқда.

Манғистау вилоятининг Жанаўзен шаҳарчасида 16 декабр куни бошланган тўқнашув қурбонлари сони, расмий маълумотларга кўра, бугунга қадар 12 кишига етди. Аммо норасмий маълумотларда қурбонлар ва жароҳатланганлар сони бундан кўп бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Айни пайтда Жанаўзен шаҳрида фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати жорий этилгани ҳамда шаҳарга хориж матбуоти қўйилмаётгани боис маълумотлардаги тафовутни мустақил манбалар орқали тасдиқлатиш имконсиз қолмоқда. Айнан мана шу жиҳат қозоғистонлик сиёсатчилар ва мухолифат фаолларининг эътиборини тортмоқда.

Сўнгги маълумотларга қараганда, ҳанузгача Жанаўзен шаҳри интернетдан узилган, телефон алоқаси ҳам издан чиққан.

Қозоғистонлик мустақил журналист Сергей Дуванов бу вазиятни таҳлил қилишга уринар экан, Жанаўзенда тўкилган қон учун масъулият тўғридан- тўғри амалдаги ҳукумат зиммасида, деб билишини айтади.

- Охир-оқибат шундай натижа билан тугаши кутилган эди. Менимча, бу ерда қон айнан ҳукуматнинг айби билан тўкилди. Яъни ҳукумат олти ойдан буён норозилик билдираётган нефтчиларнинг арзига қулоқ тумади, музокаралар столига ўтирмади ва уларни шу даражадаги бир аянчли, қизиққон аҳволга келтирди, - деб ҳисоблайди қозоғистонлик мустақил журналист Сергей Дуванов.

Унинг фикрича, бугунга келиб шаҳардаги алоқа тармоқларини блок қилиш орқали Қозоғистон ҳукумати, одатдагидек, ўз камчилигини ёпишга уринмоқда ва бошқача айтилса, билвосита бу масъулиятни тан ҳам олмоқда.

Аснода бу журналист ва яна қатор қозоғистонлик таҳлилчилар нефтчиларнинг ярим йилдан буён тинч тарзда давом этиб келаётган норозилик намойиши қонли тўнашувга айланиб кетишига кимнингдир қутқуси сабаб бўлгани ва буни ҳукумат уюштирган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Жумладан, қозоғистонлик сиёсатчи, “Азат” партияси ҳамраиси Бўлат Абилов ҳам ана шундай фикрда.

- Мен ўзим бу нефтчилар билан бир неча бор учрашган эдим ва улар мутлақо тинч норозилик билдириб келаётган эди. Лекин расмий баёнотларда айтилгани каби ҳукумат биносини ёқиш, меҳмонхонани ёқиш ёки Қазмунайгаз идорасини ёқиш учун тайёргарлик кўриш керак. Яъни мен бу ерда провокация бўлган, деб ҳисоблайман, - дейди қозоғистонлик сиёсатчи ва у ҳам айнан ҳукумат томонидан бу шаҳар билан ҳамма алоқалар тамомила узиб қўйилганига урғу беради.

Айни пайтда Қозоғистондаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Жанаўзендаги воқеаларга оид асл ахборотнинг ошкор қилиниши, яъни шаҳарга йўл очилишини талаб қилмоқда ва шу мақсадда Қозоғистонда мустақил жамоатчилик ҳайъатини тузиш ҳамда зудлик билан Жанаўзендаги воқеани ўрганиш зарурлигини айтмоқда.

Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори вазифасини бажараётган Рўза Ақилбекова бу фикрни қувватлади ва ҳукумат шаҳар билан алоқани очиб қўйиши зарурлигини урғулар экан, Андижон воқеаларини ҳам тилга олиб ўтди.

- Шаҳарнинг блок қилиниши, эҳтимол, эҳтиёт чорасидир. Аммо шаҳарда вазият нормаллашганини айтаётган экан, ҳукумат жамоатчилик вакиллари ва журналистлар учун йўлларни очиб қўйиши керак. Яъни кейинчалик бу ерда худди Андижонда бўлгани каби ёмон воқеалар бўлмаганини кўрсатиш учун, бу воқеаларнинг ўша воқеаларга ўхшатилмаслиги учун ҳозир ҳукумат жуда шаффоф бўлиши керак, - дейди Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори вазифасини бажараётган Рўза Ақилбекова.

Шу мақсадда зудлик билан Жанаўзендаги воқеаларни ўрганиш учун махсус ҳайъат тузиш ва унинг сафига мухолиф партиялари, инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳамда норози нефтчиларнинг ўзларидан ҳам вакилларни қўшиш талаб қилинмоқда. Хусусан, полиция вакиллари томонидан норозиларга қарши қурол ишлатилгани ва бунинг президент Нурсултон Назарбоев томонидан қувватлангани Қозоғистон жамоатчилигининг жиддий норозилигига сабаб бўлмоқда.

Назарбоевнинг “Жанаўзендаги полиция қонунда белгиланган ваколатлари доирасида ҳаракат қилди” мазмунида берган баёнотидан сўнг Жанаўзендаги воқеаларнинг янада кескинлашиши ва пировардида воқеалар “араб баҳори” каби йўналишда ривожланиб кетиши мумкинлигидан хавотирлар билдирилмоқда.

Ҳар икки ҳодисанинг бир уйғун жиҳати, яъни норозиликнинг айнан ижтимоий-иқтисодий омиллар сабабли туғилгани, ижтимоий адолатсизлик ҳамда ҳақсизлик боис зўрайганини тан олган қозоғистонлик журналист Сергей Дуванов бир жиддий фарқни тилга олди.

- Нефтчилар ҳукумат ва сиёсий вазиятнинг ўзгаришини талаб қилгани йўқ. Улар шунчаки, яхши яшашни истамоқда ва бу табиий ҳол. Шуниси билан бу воқеа Суриядагидан фарқ қилади, чунки у ерда ҳокимиятдан ҳаммани безор қилган раҳбарнинг кетиши талаб қилинмоқда ва айни ҳол Тунисда ҳам, Мисрда ҳам бўлган эди, - дейди қозоғистонлик мустақил журналист Сергей Дуванов.
XS
SM
MD
LG