Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:31

Гулсумой шахси устида тортишаётганлар юзлашди


Германияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба қиз Ирода Карабаева МХХ босими остида ўз жонига қасд қилгани айтилган Гулсумой Абдужалиловага тегишли, деб берилган суратнинг унга тегишли эканини таъкидламоқда.
Германияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба қиз Ирода Карабаева МХХ босими остида ўз жонига қасд қилгани айтилган Гулсумой Абдужалиловага тегишли, деб берилган суратнинг унга тегишли эканини таъкидламоқда.

Бу юзлашувда томонлар бир-бирини ёлғон гапираётганликда айблади.


13 декабр куни икки қиз – шу кунларда Германиянинг Ҳайделберг шаҳрида таҳсил олаётган Ирода Карабаева ҳамда Ўзбекистонда МХХ тазйиқига учраганини даъво қилган Хуршида Жўрабоева юзлашди.

Ўзбекистон Халқ ҳаракати фаоли ташаббуси билан ўтказилган бу мулоқотда Озодлик мухбири ҳам иштирок этди.

Мулоқотга томонлардан бири - Ирода Карабаеванинг 4 декабр куни МХХ тазйиқи остида ўз жонига қасд қилгани айтилган Гулсумой Абдулажилованики дейилган суратни ўзига тегишли эканини даъво қилгани¸ Хуршида Жўрабоеванинг эса буни инкор қилгани сабаб бўлди.

Ирода Карабаева интернет орқали видеомулоқот чоғида.
Ирода Карабаева интернет орқали видеомулоқот чоғида.
Андижонлик 32 ёшли Гулсумой Абдужалилова деб айтилаётган аёл Ўзбекистон Халқ ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳга қарши кўрсатма беришга зўрлангани боис 4 декабр куни оқшом ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги хабар тўғрисида биринчи бўлиб Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари алъянси 5 декабр куни баëнот тарқатди.

Ўша кундан бошлаб Гулсумойнинг шахсияти ва унинг ўзини ўлдирган-ўлдирмагани борасида баҳс бошланди.

Интернет орқали видео-мулоқот тарзида қурилган суҳбатда Ирода Карабаева ўзи жонига қасд қилган Гуслумой Абдужалилова тасвирлангани айтилган ва матбуотда эълон қилинган суратларнинг ҳаммаси уники эканини яна бир карра такрорлади.

Карабаева суратларда акс этган вақт ва жойларга оид ўзида мавжуд суратларни ҳам Озодлик таҳририятига тақдим этди ва шунингдек, у билан видео-мулоқотга чиққан Хуршида Жўрабоевани танишини ҳам тасдиқлади.

- Бу менинг ўртоғим Хурши. Мен у билан Ўзбекистонда ҳам бирга ўқиганман, Германияда ҳам борди-келдимиз бор эди. Нега бу қиз менинг суратларимни қанақадир ўлган қизга тегишли деётганини мен тушунмаяпман. Ҳеч қанақа Гулсумойни танимайман, деди Ирода Карабаева видеомулоқот чоғида.

Ирода Карабаеванинг иддаосича, у билан видеомулоқотга чиққан Хуршида Жўраева ушбу суратнинг чап томонида турган аёлдир.
Ирода Карабаеванинг иддаосича, у билан видеомулоқотга чиққан Хуршида Жўраева ушбу суратнинг чап томонида турган аёлдир.
​Унинг даъволарини қатъиян инкор қилган Хуршида Жўрабоева эса Ирода Карабоева исмли аёлни танимаслигини айтди.

- Мен Ирода деган қизни умуман танимайман. Суратдаги қиз Гулсумой ва видеодаги қиз унга ўхшашиб кетар экан, лекин аниқ Гулижон эмас бу қиз. Бу қизни мақсади нималигини мен билмайман, лекин Гулсумой - ҳужжатларида эса Гулсумхон экан - бўлган ва у яқинда ўз жонига қасд қилди, деб такрорлади Хуршида Жўрабоева.

У ҳам видеомулоқот чоғида ўз даъволарига далил сифатида Гулсумой Абдужалилованинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон расмийлари берган ўлим тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини тақдим қилди.

Гулсумой Абдужалиловага тегишли, деб тақдим қилинган ўлим ҳақидаги гувоҳнома.(Озодлик бу ҳужжатнинг асл эканига кафолат бера олмайди.)
Гулсумой Абдужалиловага тегишли, деб тақдим қилинган ўлим ҳақидаги гувоҳнома.(Озодлик бу ҳужжатнинг асл эканига кафолат бера олмайди.)
Озодлик ушбу гувоҳномани берган Қўрғонтепа тумани Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи — ЗАГС билан боғланди.

Ушбу бўлимнинг телефон гўшагини кўтарган ходими бу ерда гувоҳномага имзо чеккан М. Ҳамроева исмли ходимнинг ишламаслигини таъкидлади.

Аммо 2011 йилнинг 9 декабрида Гулсумхон Абдужалилова исмли аёлнинг ўлими ҳақидаги гувоҳнома берилганини на тасдиқлади ва на инкор қилди.

Гувоҳномадан ташқари, Хуршида Жўрабоева дугонаси эканини иддао қилаётган Гулсумой Абдужалилова ўлими олдидан ёзиб қолдирган, деб бир мактубдан айрим саҳифаларни ҳам Озодликка тақдим этди ва таҳририят ушбу мактубнинг ҳам асл ёки қалбаки эканини аниқлашга ҳам муваффақ бўлмади.

Озодлик таҳририяти сўнгги бир неча кун ичида Ўзбекистондаги манбалари орқали олган бошқа маълумотларига кўра, Андижон вилояти, Қўрғонтепа тумани, Савай аҳоли пунктида бундай оила умуман қайд этилмаган.

Шунингдек, ушбу маҳаллага бириктирилган шифохонага ҳам ўз жонига қасд қилган Абдужалилова исмли аёл келтирилмаган.

Гулсумой Абдужалилова ўлими олдидан ёзиб қолдиргани даъво қилинган мактуб фотонусхасидан бир парча. (Озодлик бу мактубнинг асл эканига кафолат бера олмайди.)
Гулсумой Абдужалилова ўлими олдидан ёзиб қолдиргани даъво қилинган мактуб фотонусхасидан бир парча. (Озодлик бу мактубнинг асл эканига кафолат бера олмайди.)
Гулсумой Абдужалилованинг мавжудлиги ва унинг ўз жонига қасд қилингани ҳақидаги хабарни жамоатчиликка ошкор қилган илк манба - Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари альянси ҳам ўшандан кейин воқеа жойида ўтказган текширувлари натижасида бундай шахснинг борлигини тасдиқловчи далиллар топилмагани ҳақида баёнот тарқатди.

"Афтидан Гулсумойнинг мен 5 декабр куни оқшом қўнғироқлашган Хуршида исмли қандайдир ўртоғи ... ҳам мени ахмоқ қилган кўринади, лекин мен ёрдамга муҳтож одамларга ишонганман ва бундан кейин ҳам ишонаман" мазмунида баёнот тарқатди алъянс раҳбари Елена Урлаева.

Айни кезда Ўзбекистондан мавжудлиги ҳақида бирор аниқ далил топилмаган Гулсумой Абдужалилованинг Германияда таҳсил олгани ва истиқомат қилгани айтилган манзилдан ҳам ҳозирча дараги чиқмади.

Бу воқеа юзасидан ўз суриштирувини ўтказган BBC ўзбек хизмати Гулсумой Абдужалилова, деган шахснинг Германиядаги университетида ўқимаганига оид расмий тасдиқни қўлга киритгани ҳақида ёзди.

Шунингдек, бу воқеани ўрганаётган германиялик журналист Маркус Бенсман ва инсон ҳуқуқлари фаоли Умида Ниёзовалар ҳам ўз манбалари орқали шу мазмундаги тасдиқни қўлга киритганларини айтмоқдалар.

Шу тариқа, Гулсумой Абдужалилованинг аслида ҳаётда бўлмагани ҳақида дастлаб Uzmetronom ва кейинчалик ўзбек махсус хизматларига алоқадорлиги айтиладиган бошқа сайтларда илгари сурилган даъволар тасдиғини топган бўлиб чиқмоқда.

Аммо воқеалар марказида қолаётган ва хусусан, бу сирли жумбоққа озми-кўпми ойдинлик киритган сўнгги видео-мулоқотда иштирок этган ЎХҲ фаоли Муҳамадсолиҳ Обутов ҳали-ҳануз Абдужалилова мавжуд бўлган ва у МХХ босимлари остида ўлган, деган фикрда қатъий қолмоқда.

- Мен Гулсумой Абдужалилова, деган қиз бўлган ва у ўз жонига қасд қилгани ҳақида ҳали ҳам қатъий ишончдаман. Тўғри, Ирода Карабаева деган қиз ҳам бор, кўриб турибмиз ва бу суратлар уникидир эҳтимол. Аммо шундай бўлаяптики, видео-мулоқотга чиққан икки қиздан бири қанақадир сабаблар билан ёлғон гапиряпти. Лекин уларнинг қайси бири ёлғончи ва нима учун бунақа қиляпти – менга мутлақо қоронғу бўлиб қолаяпти, дейди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Гулсумой Абдужалилова ўз жонига қасд қилгани ҳақида илк хабар пайдо бўлганидан буён унинг реал ёки ўйлаб топилган шахс экани ҳақидаги сирли жумбоқ марказида қолаётган Обутов ҳам ўз фикрига далиллар келтиришга уринмоқда.

У нафақат Гулсумой Абдужалилова балки марҳуманинг акаси, укаси, синглиси билан ижтимоий тармоқлар ҳамда телефон орқали бир неча марта мулоқотда бўлганини айтмоқда.

Обутовнинг даъвосига кўра, марҳума Абдужалилова Қўрғонтепа тумани ИИБ ходимлари томонидан ҳар гал сўроқ ва қийноққа тутилганидан сўнг Муҳаммадсолиҳ Обутовга боғланган.

Аммо Обутовнинг айтишича, бу оила билан алоқани Гулсумой Абдужалилованинг ўлгани ҳақида ҳам Елена Урлаева¸ ҳам ЎХҲ учун ягона ахборот манбаи бўлган Хуршида Жўраева уюштирган.

- Бу ерда жуда катта хавфли ўйин бошланиб кетгани аниқ. Унинг орқасида аниқ МХХ турибди. Яъни, режим ЎХҲдан қўрқаяпти ва шунинг учун ҳам шунақа ўйин қилаяпти. Аммо, мен бу воқеага охирига қадар ойдинлик киритаман ва нима бўлганда ҳам бу воқеа бизни кураш йўлидан қайтара олмайди, деди ЎХҲ фаоли Муҳаммадсолиҳ Обутов.

ЎХҲ етакчиси Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасдга рози бўлмагани учун ёшгина бир аёлнинг бевақт ўлганини таъкидлаётган ягона манба – Хуршида Жўрабоева бу воқеаларнинг ҳаммаси унинг mail.ru порталидаги Мой мир ижтимоий тармоғида қурилган алоқаларидан бошланганини айтмоқда.

Бу аёлга кўра, унинг яқинлари 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонни тарк этган.

Бу аёл ўз яқинлари билан интернет орқали алоқада бўлган ва шу боис Германияда юрган чоғларида Мой мир ижтимоий тармоғи орқали ўзбек мухолифати, ЎХҲ аъзолари билан виртуал алоқа ўрнатган.

Аёлга кўра, у Ўзбекистонга қайтганида МХХ уни айнан интернетдаги ижтимоий тармоқларда ўрнатган алоқалари, мулоқотлари учун тазйиққа олган ва уни ЎХҲ ҳамда Акромийлар гуруҳининг Ўзбекистонда теракт уюштириши ҳақидаги ёлғон кўрсатмага қўл қўйишга мажбур қилган.

Буни истамаган Жўрабоева қийноққа солинган ва сўроққа қатнаб юрган кезларида ҳозир мавжудлиги катта савол остида қолаётган Гулсумой Абдужалиловага мурожаат қилган.

- Гулижон Германияда эди ва ЎХҲ ҳақида мендан эшитган аслида. Интернетда кимки шу ҳаракатдан бўлса, боғланиб мен учун улардан ёрдам сўради. Кейин қўққисдан бувиси ўлиб қолган пайтда у Ўзбекистонга қайтди. У бизнинг уйга телефон орқали боғлангани учун униям МХХ ушлади, дейди виртуал жумбоқ бўлиб қолаётган Гулсумой Абдужалилова ҳаётда мавжуд эканини таъкидлашда давом этаётган ягона манба бўлмиш Хуршида Жўрабоева.

Воқеа кузатувчилари илгари сураётган деярли якдил хулосага кўра, бу воқеа – охир оқибат қандай натижа билан тугашидан қатъий назар – ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари, мухолифат фаоллари ва яқиндагина ташкил этилган ЎХҲ, матбуотга бўлган ишончни бир қадар пасайтириши мумкин. Бундан эса¸ айрим мухолифат фаоллари фикрича¸ ЎХҲ ва Ўзбекистон ичкарисида қолган саноқли ҳуқуқ фаолларига босимни кучайтираëган МХХ манфаатдордир.

Агарда бу воқеа ортида Ўзбекистон махсус хизматлари тургани ҳақдаги даъволар асосли бўлса, у ҳолда Гулсумой Абдужалилова шахсига оид сирли жумбоқнинг ечимсиз қолиши эҳтимолдан йироқ эмас.
XS
SM
MD
LG