Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:37

"Тошкентга доимий прописка янги йилдан очилади"


ИИВ ходимлари сентябрда имзоланган қонун ижроси нега кечикаётганидан ҳануз бехабарлигини айтмоқда.


“Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонун шу йилнинг 14 сентябрида Ўзбекистон президенти томонидан имзоланган эди.

Ушбу қонунга биноан республика фуқароларини Тошкент шаҳрида вақтинчалик ва доимий қайддан ўтказиш ваколатини тўла қўлга олган Ўзбекистон ИИВнинг Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш Тошкент шаҳар бошқармаси — ХЧКФР бўлимлари ходимлари қонун ижроси нега кечикаётгани ҳануз номаълум эканини айтмоқда.

ИИВнинг Тошкент шаҳар бўйича ХЧКФР бўлимининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда доимий прописка янги йилдан кейин бошланишини айтди.

- Байрамдан кейин бўлади прописка. Ҳозирча очилгани йўқ, - деди милиция ходими.

Шаҳарга доимий прописка 2012 йилнинг январидан бошланишини айтаётган ички ишлар ходимлари президент сентябр ойида имзолаган қонуннинг ижроси нега бу қадар кечикаётгани сабабини айтиб беролмадилар.

Айрим ХЧКФР бўлимлари ходимлари бунинг сабаби ҳали номаълум эканидан сўзламоқдалар.

- Бизам кутавериб чарчадик (кулиб). Шу ерда ишлаб туриб ўзимиз ҳам доимий пропискага ўтмаганмиз ҳали. Янги йилдан бошланади, дейишяпти. Аммо, бу ҳам ҳали номаълум, - деди Тошкентдаги туманлардан бирининг ХЧКФР бўлими ходими.

Яна бир милиция ходими эса қонун ижроси нега кечикаётганидан хабардор экани, аммо бу ички информациядир, дея таъкидлади.

- Вақтинчалик прописка ҳозирча бор. Доимий ҳам очилган, ҳали бошланмади лекин. Сабаби бор табиий. Агар келсангиз мен сизга айтишим мумкин, телефонда гаплашадиган гапмас бу, - деди Тошкент шаҳридаги ХЧКФР бўлими ходимларидан яна бирининг ходими.

Ижроси қарийб 3 ойга сурилиб кетган прописка тўғрисидаги қонунга биноан 12 тоифадаги фуқароларга Тошкентда доимий қайддан ўтиш ҳуқуқи берилган эди:

- шаҳардан уй сотиб олган шахслар;
- пропискаси бор шахсларнинг биринчи ва иккинчи даражадаги тўғридан-тўғри қариндошлари;
- пропискаси бор фуқароларнинг васийлари;
- пропискаси бор шахсларнинг ота-онасиз қолган қондош ака-ука ва опа-сингиллари, шунингдек меҳнатга лаёқатсиз оиласи бўлмаган ака-ука ва опа-сингиллари;
- пропискаси бор эр(хотин), агар улардан бирининг пропискаси бўлса ва камида бир йил бирга яшаган бўлса;
- Тошкент шаҳрида доимий пропискаси бор фуқаролар, агар улар доимий прописка масаласи бўйича Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги бошқа манзилга мурожаат қиладиган бўлса;
- Тошкент вилоятида доимий пропискаси бор фуқаролар, агар улар доимий прописка масаласи бўйича Тошкент вилоятидаги бошқа манзилга мурожаат қиладиган бўлса;
- илгари Тошкентда пропискада турган, бироқ ўқиш ёки узоқ муддатли хизмат сафарига кетиб қайтиб келган ёки жазони ўташ муассасасидан озод бўлган шахслар;
- фақат амалдаги фаолияти даврида Тошкент шаҳрига тайинланган амалдорлар ва уларнинг оилалари;
- депутатлар ва уларнинг оилалари;
- фақат иш даври давомида пойтахтга ишлашга таклиф этилган мутахассислар ва уларнинг оилалари;
- ҳарбийлар ва уларнинг оилалари.

Мазкур қонун қабул қилингунига қадар Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтишни истовчи фуқаролар Тошкент шаҳар ҳокимияти қошида тузилган махсус комиссияга мурожаат қилиши ва унинг рухсати асосидагина ИИВнинг тегишли бўлимларига ариза топшириши лозим эди.

“Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ушбу комиссияни бекор қилиниб, Ўзбекистон фуқароларини Тошкент шаҳрида яшаш учун доимий рўйхатдан ўтказиш жараёни тўлиқ ИИВнинг ХЧКФР бўлимлари ваколатига ўтказилди.
XS
SM
MD
LG