Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:41

Германиялик фаоллар Ангела Меркелга юзланди


Халқаро ҳуқуқ фаоллари¸ Ўзбекистон ҳукумати ҳар йили 2 миллионга яқин болани ўқишдан қолдириб¸ пахта тердираëтганини айтмоқда.
Халқаро ҳуқуқ фаоллари¸ Ўзбекистон ҳукумати ҳар йили 2 миллионга яқин болани ўқишдан қолдириб¸ пахта тердираëтганини айтмоқда.

Германия канцлерига очиқ хат йўллаган ноҳукумат гуруҳлари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволидан хавотир билдирди.


Германияда жойлашган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи 6 ташкилот, жумладан, Конституцион ва инсон ҳуқуқлари бўйича Европа маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича Германия форуми каби ташкилотлар канцлер Ангела Меркел номига очиқ хат йўллади.

Ушбу мактубда Германия ҳукумати Ўзбекистон билан асосий эътибор инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилашга қаратилган ҳамда ошкора бўлган сиёсат олиб боришга даъват этилди.

Немис ҳуқуқ фаоллари ўз мактубида Ўзбекистонни дунёдаги энг репрессив режимлардан бири, деб атаган.

Озодлик билан суҳбатда Конституцион ва инсон ҳуқуқлари бўйича Европа маркази ходими Клэр Пиксиер Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ўта қўпол равишда поймол этилаётган бир неча ҳолатни санаб ўтди.

- Биз Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар, жумладан, ҳар йили пахта далаларида болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш, Ўзбекистонда системали ва ваҳшиёна тарзда қийноқларнинг қўлланиши каби қатор ҳолатларни тилга олдик ва канцлер Ангела Меркел хонимдан Ўзбекистон билан мулоқотда инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилашган таянган ҳамда ошкора дипломатик алоқалар юритишини сўрадик, деди Клэр Пиксиер.

Немис ҳуқуқ ҳимоячилари Германия ҳукуматига яна бир неча тавсияларни тақдим қилган.

- Биз Германия ҳукуматидан Халқаро Меҳнат ташкилотидан махсус текширув комиссиясини тузиш ҳамда бу комиссия ёрдамида Ўзбекистон томонидан имзоланган Болалар меҳнатидан фойдаланишнинг ўта оғир турлари бўйича 184-Конвенция ижросини текширишга эришишни ҳам сўрадик, - дейди Конституцион ва инсон ҳуқуқлари бўйича Европа маркази ходими Клэр Пиксиер.

Ўзбекистонда шундоқ ҳам оғир аҳволда бўлган инсон ҳуқуқлари вазиятининг сўнгги йилларга келиб айнан Европа Иттифоқи томонидан киритилган мулоқот дипломатияси сиёсати боис янада оғирлашгани қатор халқаро ташкилотлар томонидан муттасил равишда танқид этилмоқда.

2005 йилги Андижонда ҳукумат кучлари намойишчиларга ўт очганидан сўнг расмий Тошкент билан узилган алоқалар, асосан, Германия ҳукумати сайъ-ҳаракатлари ёрдамида бошланган янгича ёндошув сиёсати ортидан 4 йилдан сўнг қайта тикланган эди.

Буни эътироф этган Клэр Пиксиер Ўзбекистоннинг Ғарб давлатлари билан ҳамкорлик алоқалари давлатларнинг геосиëсий манфаатлари устига қурилганидан хавотир билдирди.

- Германия Ўзбекистоннинг йирик иқтисодий ҳамкорларидан бири. Иккинчидан, Ўзбекистон Афғонистон билан чегарадош бўлгани боис Германиянинг бу масалада ҳам ўз манфаатлари бор. Бу ҳам Германия ҳукуматининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аёвсиз тарзда бузилаётгани ҳақидаги жамоатчилик чақириқларига қулоқ солишига тўсқинлик қилмоқда, дейди Конституцион ва инсон ҳуқуқлари бўйича Европа маркази ходими.

Шунга қарамасдан германиялик ҳуқуқ фаоллари фуқаролик жамияти аъзолари, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланаётган ташкилотлар бирлашиб, Ғарб ҳукуматларидан Ўзбекистон каби репрессив давлатлар билан сиёсатда умумиинсоний қадриятлардан чекинмасликни талаб қилишда давом этиши керак, деб ҳисобламоқда.

- Шунинг учун Германиядаги 6 ташкилот бирлашиб, канцлерга очиқ мактуб ёздик ва ҳукуматдан Ўзбекистонга ёндошувини ўзгартиришини талаб қилдик. Биз энди тез орада ҳукумат вакиллари ёки канцлер хонимнинг ўзи билан учрашишга умид қилиб турибмиз, дейди Конституцион ва инсон ҳуқуқлари бўйича Европа маркази ходими Клэр Пиксиер.

6 немис ташкилоти номидан канцлер Ангела Меркелга йўллаган мактубга 2011 йилдаги пахта йиғим-терим мавсумида болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланишга оид сўнгги маълумотлар илова қилинган.

Мактубда келтирилишича, ҳар йили, жумладан бу йил ҳам 2 миллионга яқин бола маҳаллий ҳокимиятлар зўрлови билан мажбурий равишда пахта йиғим-теримига сафарбар қилинган.

Бу борадаги айбловларни муттасил равишда инкор қилиб келган Ўзбекистон ҳукуматининг БМТ махсус маърузачилари, Халқаро Меҳнат ташкилоти вакилларига мамлакатга киришга рухсат бермай келаётгани эса кескин танқид қилинган.
XS
SM
MD
LG