Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:39

Ўзбекистонда инглиз тилини ўрганиш рағбатлантирилмоқда


Инглиз тилини ўрганувчилар учун сўнгги хорижий масканлардан бири бўлган British Council кутубхонаси шу йил апрел ойида ёпилган бўйи очилгани йўқ.
Инглиз тилини ўрганувчилар учун сўнгги хорижий масканлардан бири бўлган British Council кутубхонаси шу йил апрел ойида ёпилган бўйи очилгани йўқ.

Шу мақсадда 6 декабрдан бошлаб мамлакатда Инглиз тили ҳафталиги ўтказилади.



Ўзбекистондаги British Council, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фонд Форум ҳамкорлигидаги бу тадбирнинг мамлакатда инглиз тили ва маданиятини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилгани айтилмоқда. Ташкилотчиларга кўра¸ мазкур ҳафталик давомида инглиз тилини ўрганишни истовчиларга қўшимча имкониятлар тақдим қилинади.

British Councilдан олинган маълумотларга кўра, кенгаш Ўзбекистондаги қатор ташкилотлар билан бирга 18 та олий ўқув юртининг инглиз тили кафедраси билан ҳамкорлик қилади.

Келгуси бир ҳафта ичида ана шу жамоалар ва соҳага масъул расмийлар билан бўладиган учрашувларда Ўзбекистонда инглиз тили бўйича таълим соҳасини ислоҳ қилиш масалаларининг ҳам муҳокама қилиниши айтилмоқда.

Ўзбекистонда ёшу кекса орасида инглиз тилини ўрганиш истаги йилдан-йилга кучайиб бормоқда.

Инглиз тили ҳафталиги муносабати билан сўзлашганимиз суҳбатдошларнинг аксарияти бу тилни ўрганиш, асосан, қизиққан ўқувчи ва талабаларнинг мустақил машғулотлари орқали эканини эътироф этдилар.

Хусусан, инглиз тили ҳафталигига бош-қош бўлаётган British Council ташкилотида бундан бироз муқаддам Ахборот-ресурс маркази фаолият юритиб келаётган эди.

Шу йил апрел ойида ташкилотнинг бошқа бинога кўчиши муносабати билан ёпилган ресурс маркази ҳануз очилгани йўқ.

Озодлик микрофонига гапиришни истамаган ташкилот вакили ушбу марказнинг Фонд Форум ихтиёрига берилиши ҳақида ўшанда пайдо бўлган маълумотларни тасдиқламади.

Унга кўра, бу кутубхона тақдири ҳануз муҳокама қилинмоқда.

Айтиш мумкин, British Council ташкилоти кутубхонаси Ўзбекистонда инглиз тилини ўрганиш ва хорижда ўқишга қизиққан ёшлар учун қолган сўнгги замонавий, хорижий маскан эди.

Ўзбекистонда инглиз тилини ўрганиш мумкин бўлган бошқа имконлар эса мамлакат кутубхоналари бўлиб қолмоқда.

Тошкентдаги Олий ўқув юртларидан бирида таҳсил оладиган талаба Санжарнинг айтишича, инглиз тилини ўрганиш бобида British Councilдаги замонавий кутубхонанинг ўрнини босадиган кутубхона олий ўқув юртлари ёки шаҳар ҳамда қишлоқларда йўқ.

- Бу кутубхоналарда китоблар эски, кўпида компютер бўлса ҳам интернет чатоқ. Тошкентдаку шароит ҳали ҳам яхши, аммо вилоятларда кутубхонада ўтириб инглиз тили ўрганишнинг кераги йўқ. Фақат мустақил равишда ўрганиш мумкин ва бунинг учун сотувдан исталган китобни топиш мумкин, дейди инглиз тилини мустақил равишда ўрганаётган талаба.

Ҳозир Ўзбекистонда инглиз тилини ўрганишни истаганлар, асосан, мустақил равишда ва репетиторлар ёрдамида ўрганмоқдалар, дейди яна бир суҳбатдошимиз — андижонлик умумий ўрта таълим мактабининг рус тили фани бўйича ўқитувчиси Мамиржон Шокиров.

- Мактабларда чет тиллари бўйича дарс соатлари кам. 2-синфдан 9-синфга қадар инглиз тили ҳам, рус тили ҳам ҳафтасига икки соатдан. Бу жуда кам, дейди андижонлик ўқитувчи.

Унинг фикрича, ҳозирги шароитда мактабданоқ хорижий тилларнинг ўқитилиш соатларини кўпайтириш жуда зарурдир.

- Чунки ота-оналар ҳам замон қаёққа кетаётганини тушуниб турибди ва улар орасида ҳам болаларига чет тилини ўргатиш зарурлигини тушунадиганлар кўп. Ҳозир рус тилига ҳам қизиқиш яна кучайяпти ва болаларини репетиторларга бераётганлар ҳам кўп, дейди андижонлик ўқитувчи.

Маориф ходимларига кўра¸ қишлоқ болаларида мустақил равишда тил ўргатиш имкони йўқ ҳисоби. Биринчидан, адабиётлар етарли эмас. Иккинчидан, бунга ортиқча маблағ ошинаётганлар кўп эмас.

Озодлик суҳбатдошларига кўра, ҳозир Ўзбекистоннинг чекка қишлоқларидаги мактабларда инглиз тилидан дарс берадиган ўқитувчилар репетиторликнинг ҳар бир соати учун энг кам бўлган 600 сўмдан - 1500- 2000 сўмга қадар ҳақ оладилар.

Қишлоқдан чиқиб, вилоят марказларидаги шаҳарларга яқинлашган сари репетиторликнинг ҳам нархи ошиб боради ва соатига 3000 дан 5000 сўмни ташкил қилади.

Тошкент шаҳрида эса репетиторликнинг бир соати мактаб ўқувчилари учун ўртача 5000 сўмни ташкил қилмоқда.

Аммо талабалар ва айниқса, хорижга чиқиш каби аниқ мақсадларда олий тоифали муаллимлардан сабоқ олиш учун Тошкент шаҳрида соатига 10-15 АҚШ долларига қадар ҳақ тўлашга тўғри келади.

Ўзбекистоннинг сайёҳлик ривожланган Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарларида инглиз, немис ва француз тилларини кўпроқ мустақил равишда ўрганиш мумкинлиги айтилмоқда.

Бухородаги мактаблардан бирида кўп йиллардан буён француз тилидан дарс бериб келган ўқитувчи ёшларда хориж тилларини ўрганиш истагини "ниҳоятда кучли", деб баҳолади.

- Ҳеч ким мактаб билан чекланмайди. Шундай шаҳар, туман марказига чиқса, луғатлар, замонавий дарсликлар, разоговорниклар тўлиб тошиб ётибди. Нархи ҳам у қадар қиммат эмас. Болалар олаяпти, берилиб чет тилларини ўрганаяпти. Табиийки, инглиз тилига қизиқиш кучлироқ, дейди исми айтилишини истамаган бу ўқитувчи.

Мустақил равишда хориж тилларини ўрганган тақдирда ҳам бу ёшларнинг келажаги қандай бўлади, деган саволимизга бу ўқитувчи анча оптимистик нуқтаи назар билан жавоб берди.

- Қизиқ ҳолда. Мен яқинда вилоятдаги Меҳнат биржасининг кўргазмасига бордим. Деярли ҳамма иш ўринларига инглиз тили, яъни бирорта чет тилини билиши тавсия қилиниши айтилган. Мен хурсанд бўлдим. Шуям эътиборни кучайтирадида. Иш масаласига келинса, албатта чет тилини билганлар давлат берган ишни ёнида яна бирор таржимага ўхшаган ишни қилаяпти, дейди бухоролик француз тили ўқитувчиси.

Ўзбекистонда тил ўрганиш масаласи борасида Озодлик мухбири суҳбатлашган ўқитувчи¸ ота-она ва талабалар, энг аввало, мактаб даражасида дарс соатларини кўпайтириш заруратини урғуладилар.

Ўзбекистон мактаблари ва ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасаларида рус ва чет тилларидан дарс соатлари нега озлиги¸ дарс соатларини ошириш имконлари ҳақида ҳозирча на Халқ таълими ва на Олий ва ўрта махсус таълим вазирилигидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG