Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:35

Эронда наманганлик қочқин оила қўлга олинди


Диний эътиқодига тазйиқ боис Ўзбекистонни тарк этганини айтган оила ҳозир Эроннинг Меҳриз шаҳридаги ҳибсхонада сақланмоқда.


Эронда ҳибсга олинган Эркин Юсуповнинг ҳибсхонадан туриб Озодликка боғланган рафиқаси Мастура Юсупованинг айтишича, уч фарзанди билан қўшиб ҳибсга олинган оилани Ўзбекистонга топшириш учун тайёргарлик бормоқда.

Аёлнинг сўзларига кўра, террорчиликда гумонланаëтган Эркин Юсупов Эрон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан сўроққа тутилмоқда.

1970 йилда Наманган вилоятида туғилган Эркин Юсупов, рафиқаси Мастура Юсупованинг сўзларига кўра, 1998 йилда Ўзбекистонни тарк этган.

Бунга қадар у Ўзбекистонда диний эътиқоди боис босим остига олинган ва унга ваҳҳобийлик айби қўйилган.

Бир неча бор ҳибсга олингани ва бунинг ортидан ҳаётига хавф туғилди, деб ҳисоблангани боис Юсупов Ўзбекистонни тарк этган.

- Мен ҳам Наманган вилоятиданман. Биз у киши билан хорижда танишиб оила қурганмиз ва Эронга келганимиздан сўнг БМТга бошпана сўраб мурожаат қилган эдик, дейди Озодлик билан суҳбатда Мастура Юсупова.

Каттаси 9 ёш бўлган уч фарзандли оила бундан беш йил муқаддам БМТнинг Теҳрондаги Қочқинлар билан ишлаш Олий комиссарлиги ваколатхонасига мурожаат қилган.

- Биз беш йил уларнинг лагерида яшадик. Бизни бошқа давлатга чиқаришмади. Кейин Эрон: “Чиқиб кетинглар, бошқа давлатга”, деб айтди. Биз чиқиб кетолмадик. Қаёққа борамиз, қўлимизда БМТнинг қоғозидан бошқа ҳужжат йўқ. Эроннинг чекка қишлоқларида яшириниб юрган эдик, - дейди Мастура Юсупова.

Оилани Эроннинг Меҳриз шаҳрида 21 ноябр куни ҳибсга олишган ва ҳозир Мастура Юсупова уч фарзанди билан аёллар бўлимида, унинг турмуш ўртоғи эса эркаклар бўлимида алоҳида-алоҳида сақланмоқда.

- Эримни ҳар куни қўлига кишанлар солиб, олиб чиқиб кетишяпти. Роса сўроқ қилишаяпти. Сен террорчисан, дейишяпти экан. Бизни учраштиришмаётган эди, мен болаларим йиғлаяпти, дадасини кўргиси келяпти, учраштиринг, деб айтдим. Ўшанда эрим айтдики, уни террорчи дейишяпти экан, дейди Мастура Юсупова.

Бу аёлнинг айтишича, шу кунларда оилани Ўзбекистонга бериб юборишга тайёргарлик кўрилмоқда.

- Бизни яширинча берворишмоқчи. Бизни Ўзбекистонга бериб юборишмасин. Биз ҳимоясизмиз. Мен ҳозир ҳибсхонага кирган афғон аёлининг телефонини сўраб олиб, сизга боғландим. Телефонларимизни олиб қўйган. Ҳамма билан алоқамиз узилган. Жуда ночор аҳволдамиз, ёрдам беринг! дейди Эрондан Озодликка боғланган Мастура Юсупова.

Бир неча кун муқаддам айни хабар билан Озодликка боғланган Эрондаги ўзбекистонлик қочқин Ҳазрат Жўраев шу вақтга қадар кўплаб ўзбекистонлик қочқинлар Ўзбекистон томони сўрови билан Эрон полицияси томонидан ҳибсга олинганини эслади.

- Бу қочқинлар ҳимояга муҳтож. Улар қочқинлик сўраган ва БМТ ҳужжатларини қабул қилган бўлса ҳам Эрон полицияси ноқонуний равишда уларни қўлга олиб, давлатдан чиқариб юбораяпти. Эркин Юсупов наманганлик диндор, илмли йигит. Бу оилага халқаро ҳамжамият ёрдам бериши керак, деди Озодлик билан суҳбатда Ҳазрат Жўраев.

Эркин Юсуповнинг 29 ёшли рафиқаси Мастура Юсупова уч нафар ёш гўдаги билан сақланаётган ҳибсхонада полиция ходимларининг у ва у каби аёлларга нисбатан беэътибор муносабати, ўзи ва фарзандларининг оғир шароитда сақланаётганини ҳам қўшимча қилиб ўтди.

Озодлик билан суҳбат чоғида бу аёл бир неча бор телефонни ўчиришга ҳам мажбур бўлди ва суҳбат якунида: “Имконим бўлиши билан сизларга яна боғланаман, илтимос, бизга ёрдам қилинг!” деб такрор-такрор ўтинди.

Озодлик таҳририяти бу қочқин оилани ўз ҳимоясига олган БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш Олий комиссарлиги ҳамда Эрон ҳуқуқ-тартибот идоралари билан боғланиб, вазиятга ойдинлик киритишга уринишда давом этади.
XS
SM
MD
LG