Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:00

Андижонда Абдували қорига яқин диндорлар ҳибсга олинди


Андижонда ҳибсга олинганлар орасида 16 йил муқаддам ғойиб бўлган Абдували қори Мирзаевнинг бир куёви ва бир жияни борлиги айтилмоқда.
Андижонда ҳибсга олинганлар орасида 16 йил муқаддам ғойиб бўлган Абдували қори Мирзаевнинг бир куёви ва бир жияни борлиги айтилмоқда.

Расмий маълумотга кўра, ҳибсга олинганлар ваҳҳобийлик оқимига алоқадорликда гумон қилинмоқда.


Сўнгги бир неча кун ичида Андижон вилоятида истиқомат қилувчи йигирмага яқин ёш диндор йигит ҳибсга олинди¸деб хабар қилди Озодликка шаҳардаги ўз манбаси.

Андижондаги манбага кўра, булар орасида бўлган бир неча йигит Олтинкўл туманидаги Кўмакай посёлкасининг бир маҳалласида истиқомат қилган ва ҳар ҳафтада бир марта йиғилиб, гап ейишган.

“Бугун уч кун бўлди. Кечки пайт маҳаллага келиб, ҳаммасини бир маҳалда олиб чиқиб кетишибди. Уч кундан бери бизга кўрсатишгани йўқ, қаерда эканини ҳам айтишмаяпти”, деди ўз хавфсизлигидан чўчигани боис исмини ошкор қилмаган андижонлик манба.

Бу суҳбатдошнинг айтишича, ҳибсга олинган йигитларнинг ваҳҳобийлик оқимига алоқадорликда гумон қилинаётгани норасмий тарзда айтилган.

Андижон шаҳри ва унга туташ туманлар бўйлаб эса сўнги бир неча кун ичида жами 20 га яқин ёш диндор йигит ҳибсга олингани ҳақида норасмий маълумотлар борлиги айтилмоқда.

Исми сир қолишини сўраган бу манбага кўра, ҳибсга олинган йигитлар орасида бундан 16 йил муқаддам ғойиб бўлган таниқли имом Абдували қори Мирзаевнинг қариндошлари ҳам бор.

Аммориддин Баҳромов.
Аммориддин Баҳромов.
1987 йилда туғилган Амморидин Баҳромов ҳамда 1984 йилда туғилган Абдулло Турғуновдир. Иккинчи йигитнинг Абдували қорига куёв экани айтилмоқда.

Шунингдек, ҳибсга олинганлар орасида Аслиддин, Иззатулло, Абдусалом исмли йигитлар ҳам бор.

Норасмий маълумотларга кўра, Абдусалом исмли йигит Абдували қори Мирзаев ён қўшнисининг ўғли.

Озодлик манбаси Фарғона вилоятида ҳам бироз муқаддам Абдували қори Мирзаев қўлида таълим олган катта ёшли шогирдларидан бири ва бу шогирдга шогирдлик қилган 3 киши ҳибсга олингани ҳақида аниқ маълумотга эга эканини айтди.

“У кишиларнинг ҳибсга олинганига 5-10 кунча бўлиб қолди. Бир танишимизнинг қамоқда ўтирган акаси свиданка бўлаётган пайтда айтган экан: “Шунақа, шунақа, фарғоналик қори акаларни суриштиришяпти, бизда шунақа гап бўлаяпти”, деган экан. Ўша гапдан озгина ўтиб, у акаларни ушлашибди”, деди Озодликка Skype (OzodSkype) орқали боғланган манба.

Андижонлик суҳбатдошга кўра, ҳибсга олинган фарғоналик диндорлардан бирининг исми Руҳиддин, қолганларининг исм-фамилияси эса унга номаълум.

Андижон вилояти Олтинкўл тумани Ички ишлар бўлими ходими уч кун муқаддам Кўмакай қишлоғидан диний-экстремистик оқимларга алоқадорликда гумон қилинган шахслар қўлга олинганини тасдиқлади.

ИИБ ходими уч кун муқаддам бу посёлкадан фақат уч шахс ҳибсга олингани ва айни дамда уларнинг ҳибсда сақланаётганини айтди.

Расмий манба Кўмакай посёлкасидан 20 киши ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни инкор қилди.

“Ҳибсга олинганлар ДЭОлар — диний экстремистик оқимга алоқадорлар, яъни ваҳҳобийлар. Ҳозир ҳибсда сақланмоқда”, деди Олтинкўл тумани ИИБнинг ўзини таништирмаган ходими.

Бу ходим ҳибс тафсилотларига доир бошқа саволларга жавоб беришдан бош тортди.

Ўзбекистонда фуқароларни ҳибсга олиш қарори суд томонидан берилиши боис Олтинкўл тумани Жиноий ишлар судига боғланганимизда, суд маъмурияти бу хабарни инкор қилмади, аммо бу воқеага доир бирорта маълумот ҳам бермади.

Фарғона вилояти ва шаҳри ИИБ дан эса бу ерда ҳибсга олинган уч диндор ҳақида маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Бироқ ушбу вилоятда истиқомат қилаётган ва исми сир қолиши билан сўзлаган диндорлардан бирига кўра, унинг теграсидагилар Абдували қори Мирзаевга у ёки бу шаклда дахлдор бўлган андижонлик 18 ёки 19 киши ҳибсга олингани ҳақида турли манбалардан йиғилган аниқ маълумотга эга.

“Булар яна нимани бошлади экан, деб ҳайронмиз. Бу қамоққа олинганлар ўзи ҳар доим босим остида, назоратда бўлган. Лишний ҳаракат қилолмайдида улар, назоратдаку?! Энди шу болаларниям олишаётганига хавотирмиз”, дейди фарғоналик манба.

Унинг сўзларига кўра, Андижонда ҳибсга олинган 25-30 ёшлар атрофидаги тақводор йигитлар билан қариндошлиги, танишлиги бўлган одамлар ҳозир чуқур хавотирда қолган.

Озодлик ўз манбалари орқали олган ва қисман расмий тасдиғини топган бу маълумотларга ойдинлик киритишда давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG