Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:54

Тошкент маҳаллаларида ахлат уюмлари кўпаймоқда


"Махсустранс" машиналари кечикаëтгани боис йирик маҳаллаларда хонадонлардан чиқаётган ахлатлар йиғилиб қолмоқда.



Ўзбекистондаги ярим расмий Интернет нашрларининг ëзишича¸ Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги "Кўксарой" маҳалласи қўмитасига аҳолидан маҳаллада йиғилиб қолаётган ахлатлар бўйича шикоят тушган.

Қарийб 5000 одам яшайдиган маҳаллада кузги хазонрезги палласида одатдагидан кўпроқ чиқаётган ахлат¸ айтилишича¸ бир ҳафта ичида катта катта уюмларга айланмоқда.

Озодликка боғланган пойтахтликлар Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги нисбатан ўзига тўқ маҳаллаларда ҳам ахлат икки-уч ҳафталаб туриб қолгани ва маҳалла аҳли ўз ёнидан пул тўлаб, алоҳида транспорт буюртиргани ҳақида сўзлаб берган эдилар.

"Кўксарой" маҳалласидаги вазиятга масъул бўлган Тошкент шаҳри Учтепа тумани "Махсустранс" ишлаб чиқариш бирлашмаси мутасаддиларидан бири Озодлик билан суҳбатда шундай ҳолат бўлганини тан олди ва бунинг сабабларини шундай тушунтирди.

- Бытовой отход, дейиладику. Хазон, шох, гулларни кесгани ҳисобига ҳозир кўпайган. Мисол учун, битта машина 10 та хонага борадиган бўлса. ҳозир 6 та хонадондан ўтиб тўлиб қолаяптида. Шунинг учун ораси узайиб кетяпти, дейди "Махсустранс" бирлашмаси ходими.

Унинг сўзларига кўра, айни кезда "Кўксарой" маҳалласидаги муаммо ҳал қилинган¸ бироқ бундай ҳолат яна 10-15 кунлар давомида кузатилиши мумкин.

"Хазонрезги мавсумида ахлат ташийдиган машиналарнинг сонини кўпайтирса бўлмайдими?", деган саволимизга ташкилот ходими "имкони йўқ" мазмунида жавоб берди.

- Ўзи ҳозирги машиналаримиз эскириб кетган. 15 йил олдин Кореядан келган машиналар булар. Ҳаммаси таъмирталаб. Учтепада 30 та машина бўлса, шунинг 4-5таси кунига ремонтда. Айниқса, балонларимизнинг аҳволи чатоқ, дейди Махсустранс ташкилоти вакили.

Тошкент шаҳрида ахлатларнинг туриб қолаётган кўпчилик маҳаллалар ташкилотнинг бундай муаммосидан хабардор экан.

Жумладан, Мирзо-Улуғбек туманидаги маҳалла қўмиталаридан бири ходимаси маҳалла қўмиталари ёки аҳолининг ўзи хазонрезги пайтида ўз ёнидан пул сарфлаб, қўшимча транспорт ёллашини айтди.

- Нима қиламиз энди, битта хонадонда 5-6 тадан қоп йиғилиб қолади. Дарахтлар кўпку. Ўзимиз ҳам тушунамиз машина етмайди. Ҳафтата икки марта келиб туради. Ахлат йиғилиб қолса, ўзимиз ҳам машина заказ қиламиз. Кузда шундай бўлиб туради-да энди, дейди Мирзо-Улуғбек туманидаги маҳалла қўмиталаридан бирининг вакили.

Тошкент шаҳар Собир Раҳимов туманида ҳам айни ҳолат кузатилганини эътироф этган яна бир маҳалла қўмитаси ходими, одатан, аҳоли томонидан буюртма қилинган ахлат ташувчи тракторлар хизмати бироз қимматлигини қўшимча қилиб ўтди.

- Аҳоли ахлат учун пулни ўз вақтида тўлаб келади. Маҳалламизнинг бошига катта битта прицеп олиб келиб қўйишди. Ҳамма шох-шаббани ўшанга ташлади ва бир ҳафтадан бир олиб чиқиб кетди. Уни энди битта прицепи катта пул тураркан. Ҳозирга келиб хазон йўқ бўлиб кетди уже, яхши бўлиб қолди, дейди тошкентликлардан бири.

"Махсустранс" ходимига кўра, шу кунларда Ўзбекистон бўйлаб кузатилаётган ёнилғи тақчиллиги муаммоси ахлат йиғувчи машиналар фаолиятига таъсир қилмаган.

Тошкент шаҳрида нафақат хазонрезги мавсуми, балки ёз фаслида ҳам катта-катта маҳаллаларда ахлат 3-4 кунлаб туриб қолаётган ва аҳоли ахлат ташувчи машиналарнинг икки кундан кеч қолдирмай келишини таъминлаш талаби билан чиқаётгани хабар қилинган эди.

Тошкент шаҳар "Махсустранс" ишлаб чиқариш бошқармасидан олинган маълумотга кўра, ҳозирги пайтда бу масала устида иш бормоқда¸ аммо бунинг қачон ҳал бўлиши ҳозирча номаълум.
XS
SM
MD
LG