Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:49

Тошкентда кунига 50 киши биометрик паспорт олмоқда


Фуқароларга уч турда – фуқаролик паспорти, фуқаролиги йўқ шахслар учун ҳаракатланиш ҳужжати ва дипломатик паспортлар берилмоқда.
Фуқароларга уч турда – фуқаролик паспорти, фуқаролиги йўқ шахслар учун ҳаракатланиш ҳужжати ва дипломатик паспортлар берилмоқда.

ЎзА муваффақиятли бораётганини таъкидлаган бу жараённинг республикада қачон жорий этилиши ҳануз номаълум.


Ўзбекистон Ахборот агентлиги чоп этган хабар мазмунига кўра, Тошкент шаҳрининг иккита туманида дастлабки синов тариқасида бошланган биометрик паспорт бериш жараёни муваффақиятли бормоқда ва ҳозир шаҳарнинг Мирзо-Улуғбек ҳамда Юнусобод туманларида кунига ўртача 50 кишига биометрик паспорт тарқатилмоқда.

Расмий хабарда бу жараённи тез орада Республика Ички ишлар вазирлигининг мамлакат бўйлаб барча Кириш, чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаларида бошланиши айтилган.

Аммо, бу жараённинг айнан қачон бошланиши ҳақида ҳануз аниқ маълумот йўқ.

Бундан бироз муқаддам Ўзбекистон ИИВ Кириш, чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ходими Улуғбек Тошмирзаев Ўзбекистон пойтахтида фуқароларга янги биометрик паспорт берила бошлагани бу синов тариқасида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманларида 10 ноябрдан бошланганини айтган эди.

- Бундан мақсад биометрик паспорт берадиган бутун бошли системани тўлиқ ўрганиб чиқишдир. Бу система тўлиқ ишга туширилса, йилнинг охиригача бутун Тошкент шаҳри бўйича паспорт берила бошланиши мумкин,- деган эди бошқарма ходими Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Ўзбекистонда президент Ислом Каримовнинг 2009 йил 23 июнда имзолаган фармони билан 2015 йилнинг якунига қадар биометрик паспорт тизимига тўлиқ ўтиш режа қилинган.

ЎзА агентлиги билан суҳбатда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат персоналлаштириш маркази раҳбари Абдусаттор Маткаримов белгиланган муддат ичида вазифа адо этилишини урғулаган ва яна бир карра биометрик пасспорт ҳақида батафсил маълумот берган.

“Бу ҳужжатларнинг ҳар бири унинг эгаси ҳақида шахсий биомтерик параметрлар — рақамли фотосурати ва бармоқ излари туширилган биографик маълумотларни ўз ичига олган махсус электрон чип билан таъминланган”, дея эслатади, жумладан, ЎзА агентлигига сўзлаган Давлат персоналлаштириш маркази раҳбари Абдусаттор Маткаримов.

Расмий маълумотларга қараганда, тилга олинган биографик маълумотларни ҳозирлаш учун зарур замонавий техник жиҳозлар билан барча паспорт столлари таъминланган. Айни пайтда бу ускуналар билан ишловчи давлат ходимлари учун ўқув машғулотлари давом этмоқда.

Амалдаги паспортлар масаласида Озодлик саволига жавоб берган Ўзбекистон ИИВ мулозими Улуғбек Тошмирзаевга кўра, ҳозир фуқаролар қўлига берилган паспортлар мавжуд қонунга биноан 2015 йилнинг 31 декабрига қадар амал қилади.

Бу расмий ҳам мамлакатдан ташқарида яшаётган ўзбекистонликларнинг паспорт алмаштиришида муаммо бўлмаслигини ҳам таъкидлайди.

- Хорижда юрганлар хорижда консуллик рўйхатидан ўтган бўлса, ўша ернинг ўзида алмаштириш имкони бор. Биз келажакда Ўзбекистоннинг хориждаги консулликларини биометрик паспорт бера оладиган аппаратлар билан таъминлаймиз. Бу келгуси йилга мўлжалланган,- деган эди Ўзбекистон ИИВ Кириш, чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ходими Улуғбек Тошмирзаев.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси қарорига кўра, янги биометрик паспорт олаётган фуқаролар энг кам иш ҳақининг 50 фоизи (31 минг 460 сўм) миқдорида давлат солиғи тўлайди.

Янги биометрик паспорт бериш икки босқичда амалга оширилади.

2011 йилга мўлжалланган биринчи босқичда янги паспорт вазирлик ва ташкилотлар ходимларига берилади.

Бундан ташқари янги паспорт берилишини сўраб мурожаат қилганлар ҳамда паспорт алмаштирадиган ёшга етган Ўзбекистон фуқароларига ҳам биометрик паспорт берилади.

2012 – 2015 йилларга мўлжалланган иккинчи босқичда Республиканинг ҳамма фуқаролари қонунда белгиланган тартибда янги биометрик паспорт ола бошлайдилар.
XS
SM
MD
LG