Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:37

Навоий кутубхонасининг янги биноси ишга тушди


Миллий кутубхонанинг янги биноси.
Миллий кутубхонанинг янги биноси.

Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ҳашаматли янги уйини очиш маросимида президентнинг ўзи қатнашди.


Алишер Навоий номли миллий кутубхона ва симпозиумлар саройидан иборат «Маърифат уйи»нинг очилишида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов иштирок қилди.

Айни пайтда¸ Миллий кутубхонанинг очилишига ёзувчи-шоирлар, олим-ўқитувчилар таклиф қилинмади.

Ислом Каримов янги кутубхонани томоша қилар экан, китобларни сақлашга яхши шароит яратишга оид бир қанча маслаҳатлар ҳам берди.

Замонавий ва миллий меъморчилик намуналарини асосида қурилган кутубхонанинг умумий майдони 25минг 215 квадрат метр, китобларни сақлаш учун махсус хоналар ҳажми 9 минг 132 квадрат метр. 3202 китобхонга мўлжалланган ўқув заллари мавжуд.

Замонавий муҳандислик техникалари¸ ўзбек нашрларининг таъкидича¸ китоб сақлаш хоналарида ҳаво ҳароратини бир маромда ушлаб тура олади.

Кутубхонанинг умумий фонди 6,5 миллион дона китобдан иборат.

Филология фанлари доктори, навоийшунос олима Суйима Ғаниеванинг айтишича, бундан саккиз йил олдин Навоий кутубхонасининг бузилганлиги ва китобларнинг ҳар жойларга тарқатиб ташланганлиги маълум бир қийинчиликларни юзага келтирган эди.

- Бир неча йил биз кутубхонага бора олмадик, китоб ололмадик, кўролмадик. У ер бу ер, уч-тўрт жойда бўлди уларнинг фонди. У ëққа борсангиз, бу ëққа юборади, ўтирасиз икки-уч соат. Сарсон, абгор бўлдик. Мен уч йил олдин Пекинда бўлганимда, Пекиндаги миллий кутубхонани кўриб беҳуш бўлаëзувдим. Шунақанги марказда катта миллий кутубхона. “Нега бизда кутубхонамиз йўқ? Нимага жой берилмаяпти” деб мен радио, телевидениеда чиққан эдим. Мана минг марта шукурки, жуда чиройли жойда, жуда чиройли кутубхона очилди. Кеча у ëғидан, бу ëғидан машинада ўтиб томоша қилдим. Лекин фондлар қандай жойлаштирилади, китобларни олиш масалалари қайтарзда бўлади – буларни ҳали билмаймиз,- деди профессор Суйима Ғаниева.

Ўзбекистонлик шоир Ҳаққул фикрича, Ўзбекистон ҳукумати орадан саккиз йил ўтиб, йўл қўйган хатосини англагандай бўлди. Зеро, Сенат биносини қуришдан олдин, кутубхона қуриш керак эди, дейди шоир:

-Ҳукуматга бунинг учун фақат раҳмат айтиш керак. Агар кутубхонани катта қилиб қуриб, уни сақлашни кафолатлайдиган хоналар қуриб, бу миллатнинг бойлигини сақлаш учун ҳаракат қилинаëтган бўлса, ўша одамларга офарин айтиш керак. Бошқа нарса дейиш керак эмас. Бизнинг тилагимиз шуки, Навоий кутубхонасида бўлган китоблар ҳозиргача йўқолмай сақланиб янги бинога етиб келган бўлса, бу бизнинг бахтимиз, миллатнинг бахти. Агар йўқолиб кетган бўлса, афсус қилишдан бошқа иложимиз йўқ, дейди шоир Ҳаққул.

Филология фанлар номзоди Бахтиёр Исабековнинг айтишича, Ўзбекистонда қанча олиму-фузалолар етишиб чиққан бўлса¸ уларнинг ҳаммаси Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонадан миннатдор бўлишлари керак:

- Бу Ўрта Осиёдаги энг катта кутубхона. Бу тенги йўқ миллий мерос. Бу китоблар қанчадан-қанча жойга кўчиб, сарсон бўлди. Мен бу ўринда ўнлаб нодир асарларнинг йўқолиб кетмаганига кафолат беролмайман. Ҳар ҳолда, кеч бўлса ҳам яхши бўлди. Мана ҳозир мақталаяпти, чиройли, қулай деб. Лекин бу аввалдан ўйланмаганлиги ва китобларнинг сарсон қилингани ҳисобидан бўлганлиги, одамни сал ранжитади, дейди Бахтиёр Исабеков.

Бундан саккиз йил олдин миллий кутубхона бир ҳафта ичида шошилинч тарзда кўчирилганда, нодир китобларнинг бундан кейинги аҳволи нима бўлади, деган саволларга ҳеч ким жавоб бермаган эди.

2003 йилда кутубхона кўчирилганда китобларнинг бир қисми собиқ Тошкент вилояти ҳокимлиги ва яна бир қисми Миллий хавфсизлик хизмати бошқармасининг Истиқлол кўчаси 33 уйда жойлашган собиқ биносига ташилган эди.

Ўша пайтда, Озодлик суҳбатлашган кутубхона ходималаридан бири, сунъий иплар билан боғлаб ташланган¸ юкчилар юк машинасига гурсиллатиб отаётган китоблар аҳволини кўриб, йиғлаган эди.

Ўшанда ҳукумат учун тарихий ва нодир китоблардан кўра, Сенат аъзолари учун янги қуриладиган ҳашаматли бино қадрлироқ бўлган эди.
XS
SM
MD
LG