Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:35

Президент тавсияси билан куйганёрликларнинг уйи бузилди


Маҳаллалар шу кўринишга келиши учун тайёр уйлари бузилган оилалар қанчадир муддат ёки тамомила уйсиз қолаётгани айтилмоқда.
Маҳаллалар шу кўринишга келиши учун тайёр уйлари бузилган оилалар қанчадир муддат ёки тамомила уйсиз қолаётгани айтилмоқда.

Андижон вилоятининг Куйганёр шаҳарчасида бузилган юзга яқин уй ўрнида намунали коттеж қуриладиган бўлди.


Бундан бир ой муқаддам Андижон вилоятига сафар қилган президент Ислом Каримов тавсияси билан Андижон туманининг Куйганёр шаҳарчасида аҳолига тегишли 100 га яқин уй бузилмоқда.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда андижонлик суҳбатдошнинг айтишича, автомобилда ўтиб кетаётган президент туманнинг бир неча кенг кўчалари бўйлаб янги русумдаги коттежларни қуришни тавсия қилган.

"Бизда кўчаларимиз кенг-кенг эмасми, президент: “Шу кўчаларнинг икки тарафидан чиройли коттежлар қурсангизлар бўлмайдими?” депти экан. Шу гапдан кейин туман ҳокими ўзи бош бўлиб, ўша кўчалардаги уйлар бузилишини бошлади. У ерда яшаётган оилаларни эса Пахтачилик институтининг ётоқхонасига жойлашаяпти", дейди андижонлик тингловчиларимиздан бири.

Озодлик бу ҳолат юзасидан Андижон туман ҳокимининг Куйганёр шаҳарчасидаги бузилишлару қурилишлар билан шуғулланаётган қатор ташкилотларга мурожаат қилди.

Туманда янги уй-жойлар учун аҳолига кредит бериш билан шуғулланаётган бир неча банк ходимлари бу хабарларни, хусусан, бузилишларнинг айнан президент Каримов ташаббуси билан боғлиқ экани ҳақидаги гап-сўзларни тасдиқладилар.

- Шу Оқёр томондаги йўл бўйидаги уйлар бузиляпти. Ўша ерларга коттежлар тушар экан. Юзтача уй бузилди. Йўлнинг икки бетида бузиляпти. Ҳаммасига аввалдан участка берилган экан,- деди Куйганёрдаги банклардан бирининг ходими.

Яна бир банк ходими эса қишли-қировли кунлар яқинлашганда уйсиз қолган оилаларга Пахтачилик институти ётоқхонасидан жой берилаётганини тасдиқлади.

- Уйи бузилганларга Пахтачилик институтидан жой берилибди. Кейин чек берган. Аммо, кўпчилиги шу ётоқхонага жойлашаётган экан. Улар қуруқ ер бериб, банкдан кредит олиб, уйни тикка қилинглар, деяпти экан,- деди банк ходими.

Аҳоли уйларини бузиш ишларига бошчилик қилаётган Андижон туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Турсунбой Хўжамбердиев ҳам Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда бу хабарларни қисман тасдиқлар экан, бузилаётган аҳоли уйлари ўрнида 85 та намунали уй қурилиши режалаштирилаётганини айтди.

Унга кўра, бузилган 100 га яқин хўжалик соҳиблари ўз уйи ўрнига тушаётган янги уйга эга бўлиши мумкин. Аммо, бунинг учун дастлабки бадал сифатида 25 миллион сўм миқдоридаги пулни тўлаши лозим.

Шунча миқдорда пули бор оилалар янги коттежларга эгалик қилиш учун рўйхатга олинмоқда.

Ҳокимлик расмийсига кўра, бунча пули йўқ оилаларга ҳам ёрдам берилмоқда, аммо чекланган миқдорда.

"Ўзпахтасаноат ташкилотига ҳокимлик томонидан юклатилди ва улар шунақа фуқаролардан ишга олиб, уларнинг иш ҳақи ҳисобидан дастлабки бадалини тўлайдиган бўлди. Ҳозирча 13 та бўлди бунақа оила",- деди Турсунбой Хўжамбердиев Озодлик билан ўзаро суҳбатда.

Андижон туман ҳокимлигидан олинган маълумотларга қараганда, яшаб турган уйлари бузилиб, умумий қиймати 50-60 миллион сўм атрофида бўладиган янги коттежларни сотиб олишга рози бўладиган оилалар сони кўпга ўхшамайди.

Ҳокимлик расмийсига кўра, уйи бузилган оилаларга ҳеч қандай товон пули тўланаётгани йўқ.

Турсунбой Хўжамбердиев буни бу оилаларга ғамхўрлик маъносида изоҳлади. Унга кўра, агар товон пули бериладиган бўлса, у ҳолда бу хонадонлар сотиб олиниши керак. Унда белгиланган суммадан чиқиб бериладиган пул жуда кам бўлади.

Шунинг учун, оилаларга бузилган уйлардан чиққан қурилиш материалларни янги участкаларга олиб бориб, ўша ерда уй қуришга рухсат берилмоқда.

Турсунбой Хўжамбердиев қишли-қировли кунлар яқинлаб қолганда уйлари бузиб ташланаётган оилаларга Андижон Давлат Қишлоқ хўжалик институти ётоқхонасидан вақтинчалик бошпана таклиф қилинаётгани ҳақидаги маълумотларга ойдинлик киритишни истамади.

Аммо, институт маъмурияти бу хабарни тасдиқлади.

- Бизда энди иккита қават эди, ҳоким келиб кўриб кетди. Иккита қават ажратиб қўйилган ҳозир. Оилани катта кичиклигига қараб жойлаштираверамиз, деган эдида ҳокимликдагилар. Энди қанча туришади билмадим, қиш ичи турса керакда. Ё уйи битгунча турадими, билмадим энди,- деди Андижон Давлат Қишлоқ хўжалик институти ходими.

Институтнинг яна бир ходимига кўра, бузилган уйларнинг эгалари орасида институтнинг бир ўқитувчиси ҳам бор ва у ётоқхонага келишдан кўра, ўз қайинотасининг уйига бориб яшашни афзал кўрган.

Товон пули берилмаслигини аниқ билган ва янги коттеж учун 25 миллион сўм маблағи бўлмаган кўп оила ётоқхонага келишдан кўра, қариндош-уруғининг уйидан бошпана топишни маъқул кўрмоқда.

Айни кезда шундай манзарани Андижон вилоятининг яна бир неча туманларида кузатиш мумкинлиги хабар қилинди.

Шунингдек, президент ташрифидан сўнг Андижон шаҳрининг бир неча йирик кўчаларидаги уйлар ҳам хатловга тушгани, тез орада у ерларда ҳам бузилишлар бошланиши режалаштирилгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG