Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:27

Қодирийни яна қатағон қиламизми, энди?


Баъзи муштарий ва тингловчиларимизнинг "ғурурларига тегиб кетган" ва Умида Аҳмедова суратларида акс этган Ўзбекистон реаллигининг бир парчаси.
Баъзи муштарий ва тингловчиларимизнинг "ғурурларига тегиб кетган" ва Умида Аҳмедова суратларида акс этган Ўзбекистон реаллигининг бир парчаси.

Аччиқ ичакдай чўзилиб кетди ўзи бу мавзу. Лекин бир нарса демасам бўлмайдиганга ўхшаяпти. Ўзбекнинг катта исломий олими ўзбекнинг аёл кинооператори олган фильмию унинг ўзи тўғрисида фикр билдиргани муносабати билан тайёрланган мақоладан сўнг бошланган баҳсу мунозара қизигандан қизиб сайтдан тутун чиқиб кетай деяпти.


Шарҳчиларнинг аксарияти ўзбекнинг аёл кинооператорини фильми учунгина эмас, суратлари учун ҳам айблай бошлади.

Миллатни ёмон кўрсатаётганмиш у. Чопонининг йиртиғини кўрсатиб қўйганмиш. Бу суратлар ўзбекларнинг иззат нафсига тегаётганмиш. Миллий ғурурини топтаётганмиш.

Шунинг учун ўша аёл тўғрисидаги гап-сўзларни сайтимиздан қириб ташлаб, уни – сайтимизни қатрон қилишимиз керакмиш. Шунақа деди кеча бир тингловчимиз.

Тингловчи отангдан улуғ.

Шу сабабли айтганларини чидаб эшитдик. Боз устига эфирга бердик. Айтганларига, одоб доирасидан чиқмасликка ҳаракат қилиб, муносабат ҳам билдирдик.

Ва у ёки бу ижодкорга бундай тоқатсиз муносабатдан Сталин даврининг ҳиди келаяпти, дедик.

Қодирийни, Носирни эсладик.

Шу муқояса ҳам бировларга оғир келгандай. Афтидан, оғир олувчилар Қодирийни, Чўлпонни, Фитратни синчиклаб ўқимаган кўринадилар.

Синчков бўлмаганлари ҳам яхшиликка. Акс ҳолда бир марта қатағон қурбони бўлган улуғларимизни яна бир бор қатағон қилган бўлардилар.

Тилга олинганлар ижодидан бир-иккитагина мисол келтираман.

Қодирий “Ўткан кунлар”нинг бошида 24 га кираётган Отабекни Қутидорнинг уйига “меҳмонга олиб келади”. Отабек музофотдаги бу обрўли зот меҳмонхонаси тўридан жой олади.

Ичкари билан Ташқари ўртасида бемалол юра оладиган Тўйбека Отабекни Кумуш ва унинг онаси Офтоб ойимга мақтаб-мақтаб чиқади.

Бу ёғини муаллифнинг ўзидан ўқиймиз:

“Тўйбеканинг шунингдек ҳангамалари бошқа вақтларда Кумушни яхшигина кулдирса ҳам ҳозир унга ёпишиб келмади шекиллик, аччиғланган кўйи ётиш учун уйига кириб кетди. Офтоб ойим “бачча-маччадир” (таъкид бизники-C.У.) деб ўйлаган эди”.

Музофотдаги бообрў оиланинг бекаси Офтоб ойим ҳазиломуз бўлса-да Қутидордай эрининг ўз уйига бачча олиб келишини, боз устига уни меҳмонхона тўрига ўтқазиб қўйиши мумкинлиги эҳтимолини соқит қилмаяпти.

“Миллатга туҳмат қилаяпти Қодирий!” деган бўларди замонавий ўзбек аёл кинооператорининг этнографик суратларини оғир олаётган замонавий цензорлар.

Замонавий цензорлар мана бунга – Абдурауф Фитратнинг “Ҳинд сайёҳининг қиссаси”га умуман ва хусусан мана бу парчага нима деган бўлардилар экан?

Бухоро аҳли тутумлари тўғрисида ёзар экан, Фитрат қаҳрамони тилидан жумладан дейди:

“Бу бемазагарчиликнинг энг каттаси – бесоқолбозликдир. Кундузлари ҳавзи Девонбеги атрофларида, растаю бозорларда муллабаччалар бир бесоқол ўспиринни ўртага олиб, шўру ғавғо кўтариб оламга ғулғула соладилар. Айрим пайтда бесоқол боласи бўлмаган бир гуруҳ муллабаччалар улар билан юзма-юз келиб, оч бўрилардек ўзларини уларнинг “қўй”ларига урадилар. Жуда кўп уруш ва талашлардан кейин ким устун келса, бесоқолни ўзиники қилиб олиб кетади. Энг ажиб жойи шундаки, Бухоро уламолари ўзларининг шогирдларини бу ғайри шаръий, ифлос йўлдан қайтармас эдилар...”

Бу жирканч кўриниш тасвирини шу жойда тўхтатамиз.

“Миллатга туҳмат қилаяпти Фитрат!” деган бўларди замонавий ўзбек аёл кинооператорининг этнографик суратларини оғир олаётган замонавий цензорлар.

Фитратдан яна бир парча:

“Туркистон...кўчаларини кўрдингизми? Ҳали ҳам қўйларни шаҳарда сўйиб, уларнинг ахлат ва чиқиндиларини йўл устига ташлайдилар, ўликларни шаҳар ичида кўмадилар, айрим кўчаларда эса фақат ҳайвон ахлатларигина эмас, балки одам нажаси ҳам кўпдир. Буларнинг ичадиган суви икки юз халажой остидан ўтиб, ҳовузларга тушади...”

Бу жирканч кўриниш тасвирини ҳам тўхтатамиз.

“Миллатга туҳмат қилаяпти Фитрат!” деган бўларди замонавий ўзбек аёл кинооператорининг этнографик суратларини оғир олаётган замонавий цензорлар.

Абдулҳамид Чўлпондан ҳам келтиришим мумкин. “Кеча ва кундуз”идан, масалан. Ўқиганлар билади нимани назарда тутаётганимни.

Вақт йўқ. Келтирмайман Чўлпондан.

Келтирсам “Миллатга туҳмат қилаяпти Чўлпон!” деган бўларди замонавий ўзбек аёл кинооператорининг этнографик суратларини оғир олаётган замонавий цензорлар.

Эслатиб ўтишим зарурки, Қодирий, Фитрат ва Чўлпонлар биз келтирган парчалар учун қатағон қилинмаганлар. Қатағон сабаби бошқа эди.

- Ўша суратларни олишдан, дунёга кўрсатишдан мақсади нима? деб сўради кеча биттаси.

Бирдан жавоб беролмадим. Дамим ичимга тушиб кетди.

Сомсапаз бўлсаму, “Нима учун ёпаяпсиз сомсани”, деб сўрасалар дарҳол айтган бўлардим.

Лекин кечаги саволга дабдурустдан жавоб тополмай қолдим.

Асарларидан парчалар келтирганимиз улуғларимиздан “Баччабозлигу кўчалардаги нажас тўғрисида нима учун ёздингиз”, деб сўрасалар, менимча улар ҳам дабдурустдан жавоб беролмаган бўлишарди.

Бироздан сўнг, ўзларини ўнглаб олгач, балки берган бўлардилар жавобни.

Масалан, мана бундай деб: “Нажасдан тозаланмоқ учун нажаснинг нажас эканлигини кимдир айтмоғи керак”.

Замонавий цензорлар назарида, афтидан, ўзбек жамияти тозаланиб битган, ўзбек жамияти дунёдаги энг тоза жамиятдир. Уни дунёга фақат кўз-кўз қилиш мумкин.

Энг қизиғи шундаки, баҳсга сабаб бўлган кинооператор опанинг этнографик суратлари ҳам ўша гўзалликнинг бир чети холос.

Опа жамиятнинг жирканч жиҳатларини улуғларимиздай кўрсатишни бошлаганлари ҳам йўқ ҳали.

Миллатни севиш “мен миллатпарварман”, деб кўкракка уриш билан белгиланмайди. Эҳтиёт бўлиш керак: кўкракка заҳа етиб қолиши мумкин.

Бир-икки кундан бери шаштим паст. Кайфиятимга Фитратнинг мана бу сатрлари мос:

“Сиз бу миллатга қанчалик умид билан боқсангиз, мен шунчалик умидсизланаман. Бу шундай миллатки, ҳақини ғорат этсалар, ўзи ана шу яғмогарлар оёғига бош қўйишни фазилат деб билади. Фано қудуғига ботиб турсаларда, ўзларининг халоскорларини кофир деб атайдилар”.
XS
SM
MD
LG