Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:36

Шайх ҳазратлари, Умида Аҳмедова ва "бокиралик юки"


Умида Аҳмедова суратларидан бири.
Умида Аҳмедова суратларидан бири.

"Қурултой"нинг янги сонини тинглаб¸ сарлавҳадаги сўзлар орасидаги боғлиқликни англаб етишингиз мумкин.

"Қурултой"нинг бугунги дастурида жамиятдаги ифода ва мунозара эркинлигига мусулмонларнинг муносабатини ўргандик.

Бунга www.islom.uz нашридаги бир мақола сабаб бўлди.

Www.islom.uz нашри орқали Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига Умида Аҳмедова ва Олег Карпов суратга олган “Бокиралик юки” филми ҳақида савол берилган.

Муҳаммад Содиқ ҳазратлари жавобининг ҳукумат тарафидан Умида Аҳмедовага қарши қилинган қораловчи матндан фарқ қилмаслиги эътирозга сабаб бўлди.

Гап шундаки¸ таниқли фототасвир ва киносуратчи Умида Аҳмедова 2010 йилнинг 10 феврал куни Тошкент шаҳар Жиноий ишлар бўйича Миробод туман суди томонидан "Аëл ва эркак: тонгдан шомга қадар" деб номланган бадиий суратлар тўплами ва "Бокиралик юки" номли ҳужжатли филми орқали "ўзбек халқига туҳмат ва ҳақорат қилганлик"да айбдор деб топилган, бироқ бу жараëн халқаро майдонда кескин норозиликларга сабаб бўлгани таъсирида уни суд залидаëқ афв қилган эди.

Умида Аҳмедованинг Миробод туман суди томонидан чиқарилган ҳукм юзасидан Тошкент шаҳар судига апелляция тартибида шикоят аризаси қониқтирилмади ва ўз кучида қолдирилди.

Муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Умида Аҳмедова "ўзбек халқига туҳмат қилганлик" учун жазога тортилганидан бир йилдан кўп вақт ўтиб¸ айнан таниқли тасвирчининг туғилган кунида унга қарши қарийб беш саҳифалик "айблов хулосаси" эълон қилдию¸ нега бу айблов матни қораловчилар тўтидек такрорлаган расмий айблов матнига жуда уйқаш¸ бу саволларга муфтий ҳазратларининг ўзларидан жавоб олишнинг имкони бўлмади. Озодлик мухбирининг кун давомида Муҳаммад Юсуф ҳазратлари билан гаплашиш уринишларига унинг ëрдамчилари томонидан чек қўйилди.

Шу боис¸ "Қурултой"нинг Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари туртки бўлган бугунги дастури у кишининг иштирокисиз ўтди ва унда Швециядаги “Таянч” жамияти раҳбари Муҳамадсолиҳ Абутов, кинотасвирчи Умида Аҳмедова, сиëсатшунослар Тошпўлат Йўлдошев ва Камолиддин Раббимовлар иштирок қилди.

Энг биринчи этироз бу мақолани ўқиган тошкентлик муслима аëл, Мемориал фаоли Мўътабар Аҳмедовадан келди.

Мўътабар Аҳмедова шайх ҳазратларининг фикри ҳукумат фикри билан бир ердан чиққанига эътироз билдирди.

Тўрт варакққа жо бўлган шайх ҳазратларининг жавобларидан баъзи иқтибослар билан танишсак.

“Мана энди, «бокиралик юки» масаласи бизга ҳам етиб келибди. Бу сафар кино санъати орқали келибди. Бу «санъат дурдонаси»га яна Ғарбдан «ҳомий» топилибди. Ҳа, ҳаммага таниш ўша Швейцария. Кечагина масжид мезаналарини тақиқлаган, мусулмонлар қолиб, Fарб давлатларининг ҳам танқидига учраган, исломий белгиларни кўришга ҳам тоқати йўқ Швейцария. Икки қисмдан иборат бу фильмни кўрган одам унинг нима учун суратга олинганини дарҳол пайқаб олиши қийин эмас. Фильм муаллифлари ўз ишлари билан мусулмонлар вакили бўлмиш ўзбек халқининг урф-одати, оила тизими ва дийну диёнатини масхара қилишдан бошқа нарсани кўзламагани аниқ билиниб туради.”

Қизиғи шундаки шайх ҳазратлари айтган бу гаплар Ўзбекистон ҳукуматининг Умида Аҳмедовага нисбатан илгари сурган айбловларига икки томчи сув каби менгзайди. Ҳукумат нуқтаи назарини ҳимоя қилган киномунаққид Ҳамидулла Акбаров гапларига қулоқ берсак.

- Йўқ, кечирасизу, ўзбекнинг қизлигини сақлаб юриши юк бўлармиш. Қанақа ахмоқ гап бу? Мен ўша қилган одамларнинг юзига айтардим лекин. Ўта кетган туҳмат ва ўзбекни камситиш. Ўзбеклар ибоси, бокиралиги билан фахрланади. Менинг фикрим шундай.

Озодлик: Сиз ўша кинони кўрдингиз-а?

- Ҳа, кўрдим. Анча бўлди унга, дейди Ҳамидулла Акбаров.

Яна www.islom.uz нашридаги мақоладан иқтибос.

“Фильмнинг иккинчи қисми ҳам исми кўрсатилмаган «мутахассис» аёл интервьюсидан бошланган ва унда қиз ва аёлларимизнинг ота-оналари ва турмуш ўртоқларининг изнисиз қарор қабул қилмаслиги гўёки шахс ҳаққ-ҳуқуқларининг поймол қилиниши сифатида баҳоланган. Шу билан бирга, ўша шахси номаълум аёл юртимиздаги гинеколог мутахассисларни саводсизликда айблаш орқали уларни обрўсизлантиришга уринган. Кадрлар атайин эски ва кўримсиз жойларда суратга олинган. Бу ҳам, аслида, фильм орқали ўзбек халқини қашшоқ ва маданиятсиз қилиб кўрсатиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ифодасидир. Фильмда реал воқеълик акс эттирилмаган. Никоҳ маросими, ундан сўнг бўлиб ўтадиган ҳолатлар ниҳоятда бўрттирилган, аксарият лавҳалар ҳаётий асосларга эга эмас. Бу ҳолатлар фильмнинг махсус буюртма асосида ишлангани ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.”

Буюртма “масжиду минораларга расман қарши чиққан Швейцария тарафидан берилиши мақола муаллифига кўра “фитна” дир.

Ўзбекистон Ислом институтини xатм қилган ва ҳозир Европада истиқомат қилаëтган Баҳодир шайх ҳазратларининг фикрига буткул қўшилишини билдирди.

Аммо "Қурултой"да иштирок этган Тошпўлат Йўлдошев мақоладаги фикрларга ва хусусан бу мақоланинг охирги қисмидаги жумлалардан норози эканлигини билдирди.

Тошпўлат Йўлдошев эътирозига сабаб бўлган жумла мана бу.

“Хуллас, бокиралигини қаерда йўқотганини билмайдиганлар у ҳақда гапирмасалар яхши бўларди. Бу билан, мазкур ишнинг орқасида турган кучлар Ислом дийнининг муқаддас қадриятларини ҳамда ўзбек халқининг асрлар мобайнида шаклланган миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини йўқ қилиш орқали, инсон ҳуқуқларини чеклаш ниқоби остида, уларни ахлоқсизликка, фоҳишабозликка даъват этмоқда. Бу орқали халқнинг маънавияти ва дийний эътиқодини йўқ қилиб, ўзларининг «қадриятларини» жорий этишга ҳаракат қилиш¬моқ¬да. Валлоҳу аълам”

Шайх ҳазратлари танқидига нойил бўлган кинотасвирчи Умида Аҳмедова “Хуллас, бокиралигини қаерда йўқотганини билмайдиганлар у ҳақда гапирмасалар яхши бўларди” мисраси туҳмат эканлигини билдирди......

"Қурултой"ни тўлиғича қуйида тинглашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG