Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:39

Қирғиз парламенти раиси ўринбосари ўзбекларга туҳмат қилдими?


Қирғизистон парламенти раиси Бўдўш Мамирова текширилмаган миш-миш асосида шов-шувли баёнот беришдан қўрқмади.
Қирғизистон парламенти раиси Бўдўш Мамирова текширилмаган миш-миш асосида шов-шувли баёнот беришдан қўрқмади.

20 октябр куни қирғиз парламенти раиси ўринбосари ўзбекларни миш-мишлар асосида гаровгирликда айблади.

20 октябр куни Қирғизистон парламентининг навбатдаги йиғинида спикер ўринбосари Бўдўш Мамирова Жалолобод вилояти Сафедбулон қишлоғида истиқомат қилувчи ўзбекларни Олабуқа тумани Ички ишлар бўлими раҳбарини гаровга олганликда айблади.

Бўдўш Мамированинг айтишича, 17 октябр куни Жалолобод вилояти Олабуқа туманига қарашли асосан ўзбеклар истиқомат қилувчи Сафедбулон қишлоғи аҳолиси одам ўлдирганликда айбланиб қўлга олинган сафедбулонлик икки йигитнинг озод қилинишини талаб қилиб митинг ўтказган.

- Митингни тўхтатгани туман Ички ишлар бўлими раҳбари борса, уни гаровга олишибди. Охири қотиллик бўйича қўлга олинган болани олиб боришиб, милиция раҳбарига алмаштириб келишибди. Раҳбар билан қотиллик бўйича қўлга олинган болани алмаштирганда қишлоқликлар қўлларини кўтариб олиб: “Биз енгдик, биз енгдик”, деб бақириб кириб кетишибди. Ўзингларга маълум Сафедбулон қишлоғида ўзбеклар истиқомат қилади. Буни биз ўз вақтида назоратга олмасак, эътибор бермасак бўлмайди. Ўш воқеаси бошланиши ҳам айнан Олабуқадан бошланган, деди Бўдўш Мамирова.

Қирғизистон парламенти спикери Аҳматбек Келдибеков эса парламентнинг мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси ҳамда тартиб, қонун ва коррупцияга қарши кураш қўмитасига Олабуқада бўлиб ўтган бу можаро сабабларини ўрганиб чиқиш ва текширув натижаларини паламент муҳокамасига қўйишни топширди.

- Агарда ҳақиқатдан шундай бўлган бўлса, масъул ходимлар жавоб беришлари керак. Давлатда бундай ишларнинг бўлиши шармандалик. Шунинг учун икки қўмитага топширма, тез орада аниқлаб, депутатларга маълумот беришсин, - деди Аҳматбек Келдибеков.

Қирғизистон куч тизими расмийлари эса парламент спикери ўринбосари Бўдўш Мамированинг Олабуқа туман Ички ишлар бўлими раҳбари гаровга олингани тўғрисида айтган сўзлари ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирмоқдалар.

- Бировни биров милтиқ билан отиб ўлдириб қўйган экан. Ўшани қўлга олгани боришса, одамлар: “Нимага келаяпсизлар? Нимага қўлга оласизлар?” деб чиқишибди. Кейин Ички ишлар бўлими раҳбари бориб, тушунтирганидан кейин, аксинча, одамлар жиноятга алоқадорларни қўлга олишга ёрдам беришган. Бугунги кунда уларнинг иккаласи ҳам хибсхонада сақланаяпти. Ҳеч қандай гаровга олиш ҳоллари бўлмади. Нотўғри маълумот бўлибди, деди Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг жануб бўйича расмийси Жениш Ашурбаев.
XS
SM
MD
LG