Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:45

Хону амирларнинг авлодлари борми?


Бундай саволни берган қибрайлик Ғофуржон ака уларнинг тарихий ватанлари ҳақидаги ўйлари билан қизиқди.


"Хонлар авлодлари Ўзбекистон ҳақида нима дейди?"

Тошкент вилоятиинг Қибрай туманидан боғланган тингловчимиз Ғофуржон ака эса "бугунги Ўзбекистон заминида бир вақтлар ҳукм сурган хонлар ва амирлар наслининг давомчилари борми, шулар ҳақида маълумотлар берсангиз" деган таклифни илгари сурди. Шунингдек, у киши яқинда Тожикистон томонидан Хитойга берилган ер масаласида ҳам сўзлади.

- Тожикистон ерларини Хитойга бериб юборди-ку. Қозоқлар берди, Россия берди, қайси юридик асосда булар бераяпти деган нимани билмоқчи эдим. Масалан, Ўзбекистонга ҳам претензияси бор экан территориалний. Тошкентни ҳам улар талаб қилган, дедилар. Шунга бизларнинг олимларимиз нима дейди? Қачон олган экан Ўрта Осиëни булар? Бизларнинг территорияни нега улар талаб қилади? Шуни билмоқчи эдим. Мана иккита хонлик ва амирлик бўлган Ўрта Осиëда. Ҳозир хонларнинг, амирларнинг авлодлари борми, чет элдами - қаерда бўлса ҳам? Амир Олимхоннинг қизлари Озодлик радиосида ҳам ишлаган деб қаердадир ўқиб қолдим яқинда. Шунинг авлодлари борми? Бор бўлса, нима иш қилади? Ҳозирги Ўзбекистон ҳақида буларнинг қанақа фикрлари бор? Шунга бир эшиттириш қила олмайсизларми, деган нимам бор эди-да, - дейди Ғофуржон ака.


"Саратоннинг давосини топдим, аммо..."

Озодликка Қўқондан боғланган 70 ёшли Абдураҳим Раҳмонов ўзининг табиб экани, саратон, оққон каби оғир касалликларга даъво топганини айтди.

Унга кўра, шаҳар ҳокимлиги у кишининг ютуқлари ҳақида ва шифо топганлар ҳақида маълумотларни тўплаб, Халқ Табобати академиясига йўллаган, аммо академиядагилар у кишининг таббий дори воситалар билан даъволаш услубига қизиқиш ҳам билдирмаган.

- Менинг маълумотим 9-синф. Опоқим машҳур табиб бўлишган. Ëшим 75 да.

Озодлик: Табибчилик қиласизми?

- Ҳа. Фарғонанинг Боғдод районида бор эди главврачнинг синглиси кўкрагидан рак бўлиб операция бўлган. 18 кундан кейин яна оғирлашиб қолган. Кейин менга келди. 22 кунда тузалаяпти-да рак.

Озодлик: Сиз қандоқ даволайсиз? Нима гиëҳлар билан даволайсиз?

- Мен ëзиб бераман. Дори 15 кунда тайëр бўлади ракка. Гиëҳлардан фақат.

Озодлик: Гиëҳларни қаердан оласиз?

- Тоғлардан оламан.

Озодлик: Ўзингиз бориб териб келасизми?

- Опоқимнинг ўғли теради. Ҳозир жинни, мохов, пес ҳам тузалди. Кейин оққон касалига ҳам даво бор денг. Оққон касалига уч хил даво бор.

Озодлик: Сиз қаердан ўргангансиз буни?

- Опоқим машҳур табиб бўлишган.

Озодлик: Опоқингизнинг исми нима бўлган?

- Йўлдошвой деган.

Озодлик: Ëн-атрофингизда ҳамма таниганда шунақами?

- Мени “профессор, академик” дейди. Мен “Менинг маълумотим 9-синф. Менга жўн гапир” дейман. Мен жуда кўп одамни даволадим Қўқонда. Қўқонда ҳокимият билан горздрав чақириб, Тошкент тиббиëт халқ академиясига ëзиб ҳужжатлаштириб келасиз, деди. Мен бордим Тошкентга. Борсам, Халқ табобати академиясининг директори, академик Муҳаммаджон Ҳамроев “Ҳали биз топа олганимиз йўқ, бизнинг ишимиз эмас”, деди. Қабул қилишмади.

Озодлик: Сизнинг қандай даволашингиз билан қизиқиб кўришдими?

- Йўқ, дейди қўқонлик Абдураҳим Раҳмонов.


"Ўзбекистонни дунёга қандай таништирсак бўлади?"

“Эркин микрофон” га боғланган яна бир ўзбекистонлик тингловчи Алишер айни дамда Америкада истиқомат қилаётгани ва шу кунларда президентликка номзодлигини кўрсатган Канзас Сити Марказий Банки раиси Ҳерман Кейннинг баёнотига эътироз билдирди.

- Ҳозир Америкада биласиз президентлик сайловлари учун жуда катта кампаниялар кетаяпти. Америкадаги кандидат Ҳерман Кейн нодонсифат ўзини кўрсатди-да кеча. Кеча эътибор берган бўлсангиз, битта журналист “Ўзбекистоннинг президенти ким?” деб сўради. У “Убеубеубеубистан” деб Ўзбекистоннинг устидан кулишни бошлади. Кейин “Мен учун қизиқмас бу давлат, чунки бу аҳамиятсиз кичкина давлат” деб айтди. Менга таъсир қилди бу нарса. Чунки мен Ўзбекистонданман. Катта сиëсатчининг шунақа деб гапиргани Америкадаги ëки бошқа жойлардаги роса кўпчилик одамлар Ўрта Осиë учун аҳамиятсиз эканлигини кўрсатди-да. Агар Ғарбда яшасангиз ëки Америкада яшасангиз биласиз-да шу нарсани. Одамлар Ўзбекистон ҳақида ҳеч нарса билмайди. Ўзбекистон десангиз, "ҳа, Покистонданмисан", дейди. Мана CNN бор, FoxNews бор. Умуман Ўзбекистон ҳақида гапирмайди. Масалан, Ўзбекистонда ëки унинг атрофида катта нарса бўлса ҳам ҳеч ким у тўғрида гапирмайди. Шунақа бир форум ташкил қилсанглар-да. Нимага Ўзбекистон бутун дунëда танилмаган? Қанақа қилиб Ўзбекистонни дунëда кўрсатиш мумкин? Мисол учун, тарихимиз жуда ҳам бой бўлган, тўғрими? Абу Али ибн Сино бор, Беруний, шулар тўғрисида гапирилганда, ҳаммаси араб ëки эронлик олим сифатида кўрсатилади. Форум қилиб, одамлардан сўрасанглар. Қанақа қилиб Ўзбекистонни таништирса бўлади? Қанақа қилиб одамларга ўргатса бўлади, - дейди Америкада истиқомат қилаëтган суҳбатдошимиз Алишер.


"Кореяда ЎХҲ вакиллари борми?"

Жанубий Кореяда мардикорлик қилиб юрган тингловчиларимиздан бири Анвар эса у ердаги мардикорлик ва ноқонуний муҳожирликда бўладиган манзарани сўзлаб берди.

- "Ўзбекистон халқ ҳаракатининг вакиллари Кореяда ҳам борми?" деб сўрамоқчи эдим.

Озодлик: Сиз нима қиласиз Кореяда?

- Оддий ишчи. Ўзбек тилида айтганда мардикорлик.

Озодлик: Кўпчилик "мардикор" деса, хафа бўлади. Сиз ўзингиз айтаяпсиз.

- Мардикор деганда ким хафа бўлади? Менимча, бу тўғри. Ишчи дегани ишлайди. Директор деганда фахрланиб директор дейди. Мардикор ҳам ишлаяпти-ку. Бир бурда нонини топаяпти.

Озодлик: Нима иш қиласиз Кореяда?

- Самушел.

Озодлик: Шу жойда нима иш бўлса қилиб кетаверасиз.

- Шу ерга эрталаб чиқсангиз агар, карислар келиб, иши бўлса ишга олиб кетади. Ишга олиб кетади-да. Эрталаб 7 дан кечқурун 5.30-6 гача ишлатади. Ҳозир картошка сезони. Картошка йиғиб олаяпти. Ким техникани билса, трактор ҳайдайдими, машина ҳайдайдими, кучли, бақувват одамлар бўлса, ортиб беради. Тилни яхши билса, енгилроқ,.

Озодлик: Самушел деган жойга чиқасиз. У бозорга ўхшаган жой.

- Мардикор бозори.

Озодлик: Дейлик Қўйлиққа ўхшаган жой. У ердан қандай ишларга олиб кетишади?

- Асосан қурилиш, қишлоқ хўжалиги, тозалаш. Ҳозир бир жойга келишганмиз дала ишларига.

Озодлик: Карисларнинг мардикорни ишлатиб, алдаб кетадиган ҳолати бўладими?

- Бўлган, бўлаяпти ҳам, бўлса ҳам керак. “Юр, 10-15 кун ишлайсан” дейди. Олиб келади, ишлатади. Пулни сўрасангиз, кейин бераман, дейди. Документи йўқлигини билиб қолса, унда қўрқитади. Милицияга берса, милиция иммиграционнийга топшириб юборади. Шунинг учун қўрқишади.

Озодлик: Сиз билан бўлганми шунақа ҳолатлар?

- Бўлган, бошида келганимда бўлган.

Озодлик: Сизда документ йўқ бўлса керак.

- Йўқ, олти йилдан бери қанақа документ.

Озодлик: Яхши топасизми?

- Долларга ҳисобласангиз, бир кунда 100 долларда, - дейди Жанубий Кореяда мардикорлик қилиб юрган суҳбатдошимиз Анвар.


"Халқимиз бундан яхшироқ яшашга ҳақли"

“Эркин микрофон”га скайп орқали хориждан боғланган яна бир тингловчимиз Рустам эса Ўзбекистондаги бугунги ижтимоий-сиёсий вазият ҳақида кузатувларини сўзлади ва бу борада ҳушёр бўлишга ҳамюртларини ҳам даъват қилди.

- Намангандаги битта одамга савол бераяпсизлар. “Одам ҳаракат қилса, топса бўлади, оиласини тебратса бўлади. Мана, масалан, мен дарахт кесаман. Шундан бунақа фойда кўраман”. Хўп, у қилар. Гап бўлиши мумкин эмас. Лекин унинг қилаëтган иши ҳам бизларнинг давлат яшайдиган уровендамас, тушунаяпсизми? Бизларнинг давлатнинг ресурслари ҳам ўзига етарли. Бизларнинг халқ унақа тупой халқмас. Ҳозир тупой қилишаяпти. Бизларнинг халқдан олимлар ҳам етишиб чиққан ҳамма соҳада. Баъзи бир Африка халқларига қараганда бизларнинг халқ более уйғоқроқ бўлган. Лекин баҳо берадиган бўлсак, ëнимиздаги Қозоғистонга қарайдиган бўлсак, баъзи бир жиҳатларда Нурсултон Назарбоевни ҳақиқатан ҳурмат қиладиган одамлар бор. Чунки баъзи бир жиҳати тўғри ишлари ҳам бор. Кўп ишлари нотўғри, гап йўқ. У ҳам шу олиб кетишда кетадиган бўлса, ҳаммаëқ дабдала бўлади. Лекин хорликка учрамади қозоқлар ҳали. Лекин яшаш уровенида қарайдиган бўлсак, жуда ҳам ачинарли бизларнинг халқнинг яшаш уровени. Бунга лойиқ халқ эмас бизларнинг халқ. Бунга энди беэътибор қарашлик ҳам менимча нотўғри, деб биламан. Мен ҳозир нейтрал текшираëтган одам бўлаяпман. Ўзбекистон халқ ҳаракатининг фикрларини ҳам гапирмайман. Уларни ҳам эшитаяпман, уларни ҳам текшираяпман. Эртага, масалан, бу кетадиган бўлса, ўзгартириш шарт, ўзгартириладиган бўлса, нима бўлади? Ким келади? Қанақа олиб боради ишни? Яна шунақа аҳволга тушадими ë бундан ëмон кўринишга тушадими? Бу нарсага эътибор бермай қолмаслик мумкин эмас. Любой инсоннинг вазифаси эътибор беришлик. Агар шунақа уйғоқ бўладиган бўлса, талаб қилиб ола олади. Фақат ташқаридан. Европа, бошқа давлатлар манфаатини кўриб ëтаверади-да, халқ эзилиб, урушнинг кетида дабдаласи чиқиб юраверади, - дейди скайп орқали боғланган суҳбатдошимиз Рустам.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG