Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:27

Россияда ўзбекни ўз миллатдоши алдамоқда


Россиянинг Қозон шаҳридаги Қирғизистон меҳнат ва миграция қўмитаси жамоатчилик вакили Закир Сариев ана шундай фикрда.

Сариевга кўра, бундай ишни “воситачилар” амалга ошираяпти.

- У ерда қирғизларни қирғизлар, ўзбекларни ўзбеклар, тожикларни тожиклар алдайди. Бундай одамларни “посредник” деб қўйишади. Бир воқеа бўлди: бир ўзбек оиласи, ёш йигит аёли билан Қозон шаҳрида, бир ўзбекнинг ошхонасида ишлашган, ҳеч қандай ҳужжати йўқ. Бир ҳафта ишлашганидан сўнг қўлга олинган. Мен ошхона эгасидан: “Сиз қаерликсиз?” деб сўрасам, “ўзимизнинг Ўшдан бўламан”, деди. Мен: “Агар ўзимиздан бўлсангиз, булар қўлингизда бир ҳафтадан бери ишлаётган бўлса, булар минг рубл ишлаб топган йўқми?” дедим, - дер экан Закир Сариев бу кишиларни рўйхатга олиш ишлари минг рубл билан ҳал бўлиши мумкинлигини, шунда миграция хизмати ходимлари билан ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини қўшимча қилди.

Суҳбатдошимизга кўра, Россияга кетаётганларнинг сони Қирғизистонда 2010 йил июнда содир бўлган қонли воқеалардан кейин кескин кўпайган. Бундан ташқари, Россияда ишлаётган қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари орасида Россия фуқаролигини олиш истагида бўлганлар ҳам кўпаймоқда.

Закир Сариевга кўра, Россия фуқаролигини олиш учун Москвадаги Қирғизистон элчихонасидан паспортга ПМЖ - доимий яшаш жойи деган муҳр қўйилиши керак. Мигрантлар сарф-ҳаражат кўп бўлгани, шаҳарни яхши билмагани сабабли ўзлари Москвага боришмайди. Бундан эса уддабурон воситачилар фойдаланиб қолади:

- Бир марта миграция хизматидан мени чақиришди. У ерда: “Сиз қирғизистонликлар қалбаки ҳужжатларни кўп тайёрлайсизлар” деб, менга 4 паспортни кўрсатишди. Ҳар бирида қалбаки ПМЖ муҳри бор. Ўшанда қўлга олинган йигитлар 19 ёшдаги ўзбек болалар экан, мен улардан: “Бу печатни ким қўйиб берди?” деб сўрасам, “Гуля деган опа қўйиб берди”, дейишди. Гуля деган ўзбек аёл асли жалолободлик экан, ўзи Оренбург шаҳрида яшаган экан, ўша аёл қўйиб берган экан. Йигитларга: “Мен Қирғизистон меҳнат ва миграция қўмитасининг жамоатчилик вакили бўламан, мен тўғримда эшитганмизсизлар, нега менга келмадинглар?” десам, “Сиз ҳақингизда эшитганмиз. Ака, тушунинг, у аёл эллик ёшга яқинлашиб қолган ва “ўзимизнинг ўзбек опамиз, бизни алдамайди” деб ўйлаб, ҳужжатларимизни берганмиз”, дейишди, - деди Закир Сариев.

Унинг айтишича, қўлга олинган йигитлар қалбаки муҳр учун жалолободлик аёлга ҳар бири 5 минг рублдан пул берган. Қалбаки муҳрни бекор қилиш учун яна 5 минг рубл жарима тўлашган ва янги муҳр қўйдириш учун яна 5 минг рубл пул тўлашган.

- Ўшанда улар жами 15 минг рубл сарф қилишга мажбур бўлаяпти. Бу эса йигитларнинг 1-1.5 ойлик маошига тенг, - деди Закир Сариев.


Қирғизистон меҳнат ва миграция вазирлиги тарқатган расмий маълумотларга мувофиқ, ҳозирда 500 мингга яқин қирғизистонлик Россияда ишламоқда. Бироқ, норасмий маълумотларга кўра, Россияда ишлаётган қирғизистонликларнинг сони тақрибан 1 миллионга етади.

Россиянинг Қозон шаҳридаги Қирғизистон меҳнат ва миграция қўмитаси жамоатчилик вакили Закир Сариевга кўра, Татаристон республикасида 7 мингга яқин қирғизистонлик меҳнат муҳожири ишлайди. Улардан 2500 нафари қирғизлар, 5 мингга яқини ўзбекларни ташкил қилади.

Қирғизистон Республикаси Миллий банки тарқатган маълумотга кўра, сўнгги пайтларда Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари томонидан Қирғизистонга юборилаётган пуллар миқдори ҳам ўсган. Масалан, 2011 йил январ ойидан июн ойигача меҳнат муҳожирлари Қирғизистонга 676 миллион АҚШ доллари миқдорида пул жўнатган бўлиб, бу ўтган йилнинг 6 ойига нисбатан 1 ярим баробарга кўпдир. 2010 йилнинг 6 ойида бу кўрсаткич 451 миллион АҚШ долларини ташкил қилганди.
XS
SM
MD
LG