Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:57

Милиция сержанти: Ҳибсхона санаторий эмас


Ўзбекистондаги милиция сержантларидан бири ҳибсхоналардаги вазият ҳақида гапириб берди.


5 октябрдан Ўзбекистонда “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

“Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонун бирор жиноятни содир этганликда гумон қилиниб қўлга олинган шахсларни ҳибсда сақлаш тартиби ва шароитларини белгилаб беради.

Қонуннинг 18-моддасида тақдим этилган ҳақ-ҳуқуқлари доирасида ҳибсда сақланаётганларга ҳибсхона ичида диний ибодатлар, маросимларни ўташ ва диний адабиётлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилган.

Ўзбекистондаги вақтинчалик сақлаш ҳибсхоналаридаги вазиятни озми-кўпми кузатиб келаётган адвокатлар ва инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, шу вақтга қадар ҳибсхоналарда диний ибодат, жумладан, намоз ўқилишига оид меёрий ҳужжат бўлмаган.

Ҳибсга олинган шахсларнинг ибодати ҳибсхоналарда ва шунингдек, қамоқхоналарда ҳам ўша муассасининг ички тартибига оид ва Ички ишлар вазирлигининг йўриқномаларига оид ҳужжатлар билан юритилар эди.

Янги қонун қабул қилиниши муносабати билан биз ҳибсхоналарда диний ибодатлар учун шу вақгача мавжуд имкон қанақа эди ва бундан сўнг қанақа бўлади, деган савол билан муқаддам Озодликка ўзи боғланган Ички ишлар ходими, кичик сержант ҳамда ўз илтимосига кўра исм-фамилияси Козимжон Эгамбердиев, деб ўзгартирилган милиционерга мурожаат қилдик.

У киши хусусан, ҳибсхоналарда диний ибодатни ўташ масаласига оид айрим саволларимизга ҳам жавоб берди.

Шу вақтга қадар биз бу маскан ҳақида у ерда бўлиб чиққан собиқ тутқунлар ёки инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, адвокатлардан эшитиб келар эдик.

Бугун эса бу масканга у ерда ишлайдиган ички ишлар ходимининг нигоҳи билан қараш имкони туғилди.

Аксар ўзбекистонликлар учун ҳақсизлик, таҳқир ва қийноқлар макони сифатида кўринган бу маскан ҳақида милиция ходимининг ўзи нима дейди?


Озодлик: Ҳибсхонада 72 соатга, 15 суткага ушлаб туриладию, тергов кетаяпти ҳали. Ўша пайтда шу оралиқда ўқирмиди?

- Йўқ, у ерда ўқимас эди. У ерда иложиям йўқда. Шароит йўқ. Ўтириб, стулда ҳеч ким йўқ пайтда ўқиб олиш мумкину, лекин бемалол ўқишга рухсат берилмайди.

Озодлик: Таҳоратнинг имкони борми?

- Йўқ, таҳоратга имконият йўқ. Умуман имконият йўқда қисқаси.

Озодлик: Ўзи қанақа бўлади ҳибсхона? 15 суткага қамалган жой.

- Туалети ичида бўлади. Унитаз, раковиналар бўлади, шароит бўлади. Ўқийдиган одамлар биласизу, самолëтда ўқиб кетганларни ҳам кўрганмизда. Самолëтда ўтириб ўқиса ҳам бўлаверади.

Озодлик: Неча киши сиғади битта ҳибсхонага?

- Ҳар хил. 6 кишилик бор, 4 кишилик, якка хоналилар бўлади.

Озодлик: Санитария гигиена масаласи жуда оғир деб айтишади.

- Санитария оғир дейишади ҳақиқатан ҳам. Зах жойлари бор, умуман ҳар хил "касал бўлдик, бошқа бўлдик" дейишади. Санаторияларда ҳам шароит яхши эмаску. Энди у ерда ҳеч қанақа шароит тўғрисида гап бўлиши мумиин эмас.

Озодлик: Иссиқ сув ҳақида гапирмасак ҳам бўлар-а? Ë бўладими иссиқ сув?

- Йўқ, иссиқ сув бўлмайди.

Озодлик: Совуқ сув бўладими?

- Совуқ сув бўлади. Совуқ сув оқиб туради.

Озодлик: Мана биринчи РУВДга олиб бориб қўядию. Кейин ГУВДга ëки УВДга олиб кетади, дейди. РУВДда қаерда бўлади у? Ҳибсхоналар ҳаммасида ертўлада бўладими?

- Асосан подвалда бўлади. Қилган ишига ëки одамига қараб алоҳида шароити борроқ хона қилиб бериши мумкин. Ногирон бўлиши мумкин, қари одам бўлиши мумкин жиноят қилган одамлар.

Озодлик: Шароити борроқ хона қанақа бўлади?

- Шароити бор хона сиз билан мен ўтирадиган хонага ўхшаган, лекин решоткалари бор, краватга ўхшаган нарса қўйиб қўясизку, ўша ерда ëтадида энди.

Озодлик: Яъни ҳар ҳолда матраси, кўрпаси бор.

- Баъзи кунларда, мана ëз кунларида матрас ҳам шартмас. 15 суткага ëтганлар кўп нолийдида матрас қўймадинглар деб. Улар тахтанинг устида ëтаверади.

Озодлик: Ҳозир сиз шароити яхши хона ҳақида гапираяпсиз-а?

- Ҳа.

Озодлик: Подвалда тахта ҳам йўқ-а? Бетон ўтирғич бўладими?

- Бетон ўтирғичнинг устига тахта қўйилган у ерда. Лекин захда. Тикка турса зах.

Озодлик: Айтайлик бир суткада 6-7тадан протокол қиласизлар, дейлик. Шунинг нечтаси дин билан, диндорлар билан боғлиқ бўлади?

- Дин билан камдан кам бўлади. Бир ойда бир марта тўғри келадида энди. Ўзи намоз ўқийдиган одамлар ҳам Ўзбекистонда борган сари камаяяпти. Бундан 10-15 йил олдин жуда динга берилган эди.

Озодлик: Ойда бир марта бўлади дейлик диндорлар билан боғлиқ. Кўпинча қанақа тартиббузарлик қилади ўша диндорлар?

- Кўпинча сиëсий гаплар гапирган бўлиши мумкин, одамларни нотўғри йўлга бошлаб даъват қилган бўлиши мумкин, президентдан норози бўлиб гапириши мумкин “Президентимиз унақа қилаяпти, президентимиз намозга қарши чиқаяпти” деб жамоат жойларида, транспортларда.

Озодлик: Сизлар қаердан билиб қоласизлар уни?

- Масалан, эшитиб қолишимиз мумкин. Транспортда биз ҳам ўтиришимиз мумкину фуқаролик кийимида.

Озодлик: Сизларга кимдир айтадими?

- Айтадиганлар ҳам бор. Нотўғри оқимларни мақтаб ҳар хил варақалар, ҳозир диндорлар ҳам ҳаддидан ошиб кетаяптида. Тўғри гапни айтиш керакда. Мен тўғри гапни айтаман. Варақаларини ўқисангиз, фақат ғашингиз келадиган нарсалар ëзилганда. Ҳамма ëқни мусулмон давлати қиламиз, ҳамма ëқни озод қиламиз, яхши қиламиз, дейилган.

Озодлик: Жиноий иш юритиш пайтида ҳибсда сақлаш тўғрисидаги қонун чиқди. Кўрган бўлсангиз керак. Жуда кўп ҳақ-ҳуқуқлари берилган ҳибсга олинганларга. Масалан, тунги пайтда ухлаш ҳаққи, шахсий хавфсизлигини сақлаш ҳаққи, медикамент олиш, шахсий кийимларини кийиш – жуда кўп ҳақлар берилган. Шуларнинг ичида намоз ўқишга ҳам имкон берилганда, рухсат берилган. Намоз ўқиши мумкин, диний адабиëтлар ўқиши мумкин деган мазмунда. Сиз шунга қандай қарайсиз?

- Қаранг қандай яхши шароитлар бўлаяпти. Анча-мунча одам кўчада ҳам шунақа шароитда яшамаяптида.

Озодлик: Қонунда булар ҳаммаси ëзилган. Амалда шуни тадбиқ эта оласизларми?

- Ҳибсхонада энди қилиб берса бўлаверади. Чунки ҳали унинг айби исботлангани йўқ. Айби исботланмагунча у жиноятчи деб топилмайдию. Албатта, биров қамалгандан кейин 15 суткагами унинг орқасидан тинмай одамлар келиб туради. Нима десангиз қилади. Кийимларини янгилаб бер десангиз, янгилаб беради. Ўзлари ҳам ўша шароитни ярата олади.

Озодлик: Фақат шунга рухсат берсанглар бўлди-а?

- Ҳа, биз рухсат берсак бўлди.

Озодлик: Масалан, сизга шунақа иш тўғри келиб қолса, рухсат бераверасизми?

- Унда ҳам одамига қарайманда. Масалан, тасодифан жиноят қилган бўлиши мумкин, ўзини тута билса, масалан, ҳақиқий диндор бўлса, беш вақт намозини ўқиб, рўзасини тутиб, ҳар хил оқимларга аралашиб кетмаган бўлса, унда ҳам шароит қилиб берсак бўлаверади.

Қуйида суҳбатни тўлиқ тарзда тинглашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG