Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:38

"Пенсионерларнинг пенсияси қисқартирилаяпти"


Бу гапни айтган бухоролик Шойимхон қариялардан аввал олинган пуллар ҳам ундирилаётганини қўшимча қилди.

"Пенсионер отамдан давлатга бир миллион сўм қайтаришни сўрашди"

“Эркин микрофон”га боғланган бухоролик Шойимхон исмли тингловчи ўзининг 70 ёшдаги отаси ва отаси каби бошқа кекса ҳамюртларининг йиллар давомида олиб келган пенсиялари қисқартирилаётганини ва бунинг устига, шу вақтга кўп олгани сабаби билан маълум миқдордаги маблағни давлатга қайтариш талаб қилинаётгани ҳақида хабар берди.

- 15 кун бўлди бу гапга. Отам пенсионер. Отамни чақиришган экан пенсионний фонддан. Улар “Сизга тўрт-беш йил олдин пенсиянгизни кўп ëзиб юборишган. Мана шу масалада сизни чақирдик. Пенсиянгизни камайтирамиз” деб, ариза ëзишга мажбур қилган.

Озодлик: Отангиз неча ëшда?

- 70 дан ўтган.

Озодлик: Неча пул пенсия оларди?

- 207 минг оларди. Ҳозир 189 мингга туширибди. Бунга қарамай, яна бир миллион қайтариб беришини сўрабди. Биласиз-ку пенсионерлар ишонувчан, ҳамма гапга кўнувчан бўлади-ю.

Озодлик: Қизиқиб кўрмадингларми? Балки ростдан кўп олгандир?

- Йўқ, бу фақат бизлар билан эмас ҳамма пенсионерлар билан бўлаяпти.

Озодлик: Яна бошқа нечта ҳолатни биласиз?

- Яна бир нечта ҳолатни биламан. Мумкин сизларга боғланишнинг иложи йўқдир бу масала билан. Хотя отамнинг ўзи недоволний эди-да.

Озодлик: Кам дебми?

- Ундан ҳам кўп олишим керак, фалон-фалон жойда ишлаганман, дерди.

Озодлик: Ўзи нима ишлар қилган отангиз?

- Отам буровойда ишлаган. Кейин командировкада ишлаган водител бўлиб.

Озодлик: Буровой деганингиз нефт бўйича-да энди?

- Ҳа. Мана шуни умуман эътиборга олишмаган улар. 10 йилча ишлаган нефт-газ бўйича. Ҳайдовчилиги 20 йилдан ошиқ. Бошқа ишда ҳам ишлаган эди. У ерда умуман ишсиз деб қабул қилган-да.

Озодлик: “Кўп пенсия олиб қўйибсиз, қолганини қайтариб беринг” деган ҳолатлар кўп бўлаяптими?

- Кўп. Жондорда бўлаяпти шу гап, дейди жондорлик суҳбатдош.


"Россияда бир ўзбекни нишон қилиб отишибди"

Россиянинг Астрахан туманидан боғланган ўзбекистонлик деҳқон Абдулла у ердаги деҳқончилиги ҳақида гапирар экан, ён-атрофида ҳуқуқий ҳимояга муҳтож бўлиб юрган кўплаб ўзбекистонликлар аҳволига куюниб гапирди.

Мисол тариқасида бир воқеани сўзлаб берди.

- Куйиниб кетасан. Астраханда, кўп жойларда бўламан. Бизларнинг 40 гектар еримиз бор. Ўша кариснинг қўлида ҳам бизнинг ўзбеклар ишлайди. Ҳамма жойда бизнинг ишчилар. Шундай ўзларининг ҳақларини билмайди. Бир марта машинада кетаяпман шеригим билан. Чўл зонадаги гапда. Битта кўчада кетаяпмиз. Фақат йўлда ҳеч нарса йўқ. Қорароқ кўринди. Қўл кўтарди, раҳмимиз келди, тўхтадик. Ўша ҳам ўзбек. Калмикияда ишлаган. Хўжайини, ишонасизми, итдай муомала қилибди. Ичиб хўжайинлари ўйнаб, мишен қилиб милтиқда отган. Бечора шундай ëмон бўлган. Кейин биттаси чақирган, операция бўлган. Кўриб йиғлагингиз келади. Кейин мен олиб келдим “Мана хоҳласанг ишла, хоҳламасанг, сенга ëрдам бераман”, дедим. Паспорти ҳам йўқ. Юртга қайтадиган нима бўладию. “Сенга ëрдам берай, шунақа қилиб берайлик”, десам, “Бўпти”, деди. Кейин ўзимизнинг ишчилар турадиган жойга олиб бориб қўйиб, таниш миршабларга: “Мана шунақа ҳолат. Биз йўл пулини ҳам берамиз”, дедик. “Москвага жўнатиш керак уни, у ëқда возврашение на родина қилиб беради. Ўшандан кейин кетади. Бўлмаса кета олмайди. Давай адресини бер. Ким уни қийнаган? Топайлик, жазолайлик”, деяпти ўрис миршаб. Биз “Майли гаплашайлик, қўлимиздан келганча ëрдам берайлик” деб келсак, қочиб кетибди. Жуда ëмон аҳволга тушиб қолган-да бу ерда бизларнинг ўзбеклар, - дейди Россиянинг Астрахан туманидан боғланган ўзбекистонлик деҳқон Абдулла.


"Устозга ҳурмат шуми?"

Асли самарқандлик бўлган Абдулла айни кезда Озодлик орқали ҳикоя қилинган бир воқеа – прокурорнинг қизи эканини иддао қилган талаба қизнинг ўз устозига қилган муносабати ҳақида ҳам фикрини билдиришни истади.

- Наҳотки шу даражага борибди? Бундай қараганда, шарқда “Устоз ота-онангдан улуғ” деган гап бекорга бўлмаган-ку. Неча йиллар сайқалланиб ўша гап чиққан тўғрими? Ўғил бола бўлса ҳам майли. Қиз бола. Таълим-тарбия шу даража пастга тушиб кетганидан куюниб кетдим-да. Мен 1986 йилда битирганман мактабни. Қишлоқнинг мактабида ўқиганман. Безори ўқувчи бўлса ҳам ўша ишни қилмасди-да. Устозларга ҳурмат, ўқитувчиларга ҳурмат шу даражада пастга тушиб кетган бўлса, бу дегани илм даражасининг пасайиб кетишининг яққол кўриниши экан-да, - дейди самарқандлик Абдулла.


"Ҳақ-ҳуқуқингиз учун курашинг"

“Эркин микрофон”га Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидан боғланган яна бир тингловчи бир неча кун муқаддам Озодликка боғланган ва шифокорлар турмуш ўртоғини нотўғри даъволагани боис оламдан ўтганини айтган аёлнинг фикрларига муносабат билдирди.

- Ҳалима Хидирова деган эрини врачлар нотўғри операция қилиб ўлдриганлигини айтди-да йиғлаб. Ҳалима опага ўхшаган, ҳокимларнкинг тазйиғига учраб, ўзини осаëтган кишиларга, бутун Ўзбекистон халқига мурожаат қилмоқчиманки, бундай порахўр одамлардан ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиб курашиш керак. Агар шундай қилмаса, бутун Ўзбекистонни расво қилаяпти, расво қилади ҳам. Нафақат Самарқандда, барча вилоятларда шундай расвочилик-да. Ҳар бир фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқини билиб кураша олиши керак, деб ўйлайман, - дейди жарқўрғонлик суҳбатдош.


"Уй қамоғида ўтирибман"

Москвада деярли уй қамоғида қолганини сўзлаган ўзбекистонлик тингловчилардан бири эса Ўзбекистон томони сўровига биноан Ҳизбут-Таҳрирда айбланиб, қидирувга берилгани, бу айблов ўз исботини топмагани Европа суди томонидан аниқланганидан сўнг эса экстрадицияси тўхтатилгани ҳақида сўзлаб берди.

- Ўзбекистон мени розискка берган эди. Шунга мен бу ерда тўққиз ой ўтириб чиқдим. Менга бу ерда қочқинлик мақоми бериши керак эди. Ҳали бермади. Отказ қилди. Бу ëқдан Санкт Петербургнинг ўзининг нимасига ëздик, кейин Москвага. Ҳозир Москвадан отказ келди. Шунга бир нима қилай деб, маслаҳат олмоқчи эдим.

Озодлик: Ўзбекистонда сизга жиноий иш очилганми?

- Биласизми, Ҳизбут-Таҳрир партияси бор. Бу ерда мени тўққиз ой ушлаб турди. Ўзбекистондан келиб олиб кетиши керак эди. Адвокат ëллаб, адвокат Европа судига ëзиб, шу йўл билан олиб қолди-да. Ўзбекистондан полковник келиб, "олиб кетамиз" деб турганда, Худонинг қудрати билан Евросуддан қоғоз келди. Россия "бермаймиз", деди.

Озодлик: Адвокатлар нима деяпти? У ëғига нима бўлади?

- Мен рус тилини унча яхши билмайман. Менда ҳеч қанақа документ йўқ. Ҳозир мен домашний арестга ўхшаб уйга қамалиб қолганман-да. Кўчага чиқиш йўқ. Олдин временний учëтга қўйиб турган эди. Москвадан отказ келгандан кейин умуман бермай қўйди. Шунга энди "бошқаларга мурожаат қилиб кўрайчи" деб, сизларга мурожаат қилаëтган эдим-да, - дейди Москвада деярли уй қамоғида қолганини сўзлаган ўзбекистонлик тингловчилардан бири.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG