Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:40

Жиззахда аҳоли қўйлари кимга ем бўлди?


Жиззахликлар ҳар битта қўйига ойига 4 минг сўмдан ҳақ тўлаб, ёлланма чўпонларга боқтиради.
Жиззахликлар ҳар битта қўйига ойига 4 минг сўмдан ҳақ тўлаб, ёлланма чўпонларга боқтиради.

Пахтакор туман ҳокими бошчилигида Жиззах туманидаги аҳоли қўйлари даладаёқ сўйиб, олиб кетилгани айтилмоқда.


Жиззах вилоятининг Жиззах туманидаги аҳоли қўйларини боқиб юрган ва исми ошкор қилинмаслигини сўраган чўпон ихтиёридаги 6та қўй далаёқ сўйдирилиб, олиб кетилди.

Чўпондан олинган маълумотга кўра, у ва шериги қўйларни боқиб юрган жойга бир неча кун муқаддам Пахтакор тумани ҳокими, ИИБ раҳбари ва 6 нафар милиция ходими қассоб билан келган.

Бу чўпонда қўйини боқтирган Жиззахликлардан бири Тошпўлат Қобилов воқеани шундай ҳикоя қилиб берди.

- Олти нафар милиция ходими, ҳокимни ўзи, яна битта қассоб бўлган. Иккита чўпон канал бўйича боқиб юрган экан қўйларни. Кела солиб, сўйиб-сўйиб олиб кетганда,- дейди жиззахлик суҳбатдошларимиздан бири.

Унинг айтишича, чўпонлар аҳоли қўйларини боқаётганини айтиб, эътироз билдиришга уринган, аммо уларга ҳеч ким қулоқ солмаган.

- Ўзимиз саралаб оламиз, деган. Чўпон "орриқларини олинглар ҳеч бўлмаса", деса ҳам қулоқ солмаган. Семиз-семиз қўчқорлардан бир олтитасини даланинг ўзида сўйдириб, олиб кетган. "Нима гапинг бўлса, бор ҳокимингга айт", деган чўпонга. Қўйларни нимага сўйдиришганини айтмаганда. Биз энди ҳашарчиларга бўлсак керак, деяпмиз энди,- дейди Жиззах туманида истиқомат қиладиган Тошпўлат ака.

Воқеадан бироз ўтиб, далага борган бу суҳбатдош чўпонга берилган 10дан ортиқ қўйини ўша заоҳитёқ қайтариб олиб келганини айтди.

- Ўзимининг туманга ҳайдаб олиб ўтдикда, дарров уйга олиб келиб қўйдик. Ким билади, яна қолганларини ҳам сўйдириб олиб кетса-чи?!- дейди жиззахлик бу суҳбатдошимиз.

Одамларнинг олтита қўйини дала ўртасида бўрига олдиргандай, куйиб қолган чўпон энди бу қўйлар ҳаққини ўзи тўлашга мажбур бўлмоқда. У билан билвосита боғланишимизга кўмак берган жиззахлик суҳбатдошимиз Тошпўлат Қобиловга жавобан чўпон: "Ўзим тўлайманда энди. Бошқа чора йўқ", дебди.

Озодлик мухбири бу ҳодисанинг бош қаҳрамони экани айтилган Пахтакор тумани ҳокими Эргаш Солиев билан боғланишга муваффақ бўлди. Ҳоким жаноблари бундай воқеа бўлганини мутлақ инкор қилди.

- Бундай воқеа бўлмаган. Бу нотўғри маълумот,- деди Пахтакор тумани ҳокими Эргаш Солиев.

Бу акцияда иштирок этгани айтилган Пахтакор тумани ИИБ раҳбарияти билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Аммо, Жиззахда бу йилги пахта йиғим-терим кампаниясини кузатиб келаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев ўз манбаларига таянган ҳолда расмийларнинг бу инкорларини кескин танқид қилди.

- Шу ишни қилдик, дермиди?! Демайдида. Ҳашарчиларга берилаётган озиқ-овқат масаласи чатоқ бу йил. Мана менинг ўғлим пахтага чиқаяпти. Суриштирсам, берган овқати- вермишел, макарон, яна вермишел, яна макарон. "Чумчуқнинг калласидек гўшт йўқ косада", деяпти.

Ҳуқуқ фаоли шахсан далага бориб, коллеж ўқувчиларига берилаётган таомни кўздан кечирганини айтар экан, коллеж раҳбариятига арз қилганини қўшимча қилди.

- Шундан кейин сал ўнглангандай бўлди. Лекин яна шу аҳвол. Фақат бир марта - Ўқитувчилар ва мураббийлар кунига ош дамланибди, холос. Бўлмаса, бу болалар терган пахтанинг 70 фоиз ҳаққи овқатга олиб қолинади ва шунча пул эвазига фақат макарон ва вермишел бериляпти. Бу ҳар доим шундай бўлиб келган,- дейди жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев.

Жиззах туманида аҳоли мол-қўйларининг сўйдириб олиб кетилиши илк бор кузатилаётгани йўқ.

Бунга қадар ҳам пахтага тушиб кетгани айтилиб, аҳоли молларининг дала бошидаёқ сўйдирилгани кузатилган эди. Ҳуқуқ фаолларига кўра, ўшанда ҳам бу ишни туман ҳокимлиги мутасаддиси, милиция ходимлари ва қассобдан иборат гуруҳ бажарган эди.

Бундан ташқари, айни сабаб билан бисотидаги биттагина сигири сўйилиб, маблағи давлат ҳисобига ўзлаштирилганини айтиб, хоразмлик тингловчи Тоҳиржон ҳам Озодликка боғланган эди.

- Молинг пахтага тушди, дедида шартта даланинг ўзида сўйиб, олиб кетди гўштини. Ҳозир ким молини пахтага туширади. Ҳамма қўрқиб қолганку. Бу бир баҳона бўлдида, шу билан биттагина молим кетдида,- деган эди айни пахта терими авжида каттагина сигиридан айрилган хоразмлик Тоҳиржон.

Аммо қўшимча қилиш керакки, сўйилган мол-қўйларнинг эгалари ўзлаштирилган гўшт ҳашарчиларга тортиқ қилинганини тахмин қилмоқдалар, холос.

Мол-қўйлар нега ва қай асосда сўйилмоқда, фуқаро шахсий мулкининг бу таҳлит тортиб олиниши қайсидир шаклда ҳужжатларда битилаяптими ва ниҳоят, гўшт ҳақиқатда ҳашарчиларнинг қозонига бориб тушаяптими ёки йўқми - бу саволлар очиқ қолмоқда.
XS
SM
MD
LG