Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:41

Обама Каримов билан телефонда суҳбатлашди


Оқ Уйнинг маълум қилишича, АҚШ Президенти Барак Обама Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга қўнғироқ қилиб, мамлакат мустақиллигининг 20 йиллиги билан табриклаган.


Расмий баёнотда айтилишича, Обама Каримовга "Ўзбекистондаги тинчлик ва хавфсизликдан ҳамма ютади", деган фикрни етказган. Бу баёнотни кузатувчилар Америка етакчисининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятидаги камчиликларга ишора қилгани ўлароқ баҳоламоқдалар.

Шунингдек, икки президент "Афғонистонда барқарорлик, хавфсизлик ва тинчлик ўрнатишни қўллаб-қувватлаш"га доир муштарак манфаатларни муҳокама қилгани айтилмоқда.

Шунингдек расмий баёнотга кўра, Обама Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан Каримовни табриклаган ва иккала президент "Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп томонлама муносабатлар, жумладан, Америка ва Ўзбекистон фуқаролик жамиятлари ҳамда хусусий секторлари ўртасидаги мулоқотни кучайтириш" масаласини муҳокама қилишган.

Тошкент ҳукуматининг инсон ҳуқуқларига бўлган муносабати маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ гуруҳлари томонидан танқид қилиб келинади.

Хусусан, 28 сентябр куни инсон ҳуқуқлари ташкилотлари АҚШ ҳукуматига юборган очиқ мактубида Ўзбекистонда болалар меҳнати, қийноқлар ва бошқа ҳолатлардаги ҳуқуқларнинг бузилиши қайд этилиб, Тошкентга ҳарбий ёрдамни тикламасликка чақирдилар.

Шунингдек, чоршанба куни Вашингтонда АҚШ-Ўзбекистон Савдо ва саноат палатаси ҳомийлигида Бизнес форум ўтказилган бино олдида ҳуқуқ фаоллари ва ўзбек мухолифати норозилик намойиши ўтказди. Бизнес форумини Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниевнинг очиб бериши кутилаётган эди. Норозилар Э. Ғаниевнинг тадбир бошланишига келмаганини айтган бўлса-да, форум иштирокчиларидан бирининг Озодликка айтишича, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири анжумннинг бошидан охиригача иштирок этган. Вазир Ғаниев Ўзбекистондаги бизнес муҳитии ҳақида маъруза қилди, деди Озодликка тадбир иштирокчиси.

22 сентябр куни Обама маъмурияти сўровига кўра АҚШ Сенатининг молиялаштириш қўмитаси Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам кўрсатишни таъқиқловчи чекловларни бекор қилишга розилик берган эди. Санат бу санкцияни 2004 йилда, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти аянчли эканини ҳисобга олиб жорий қилган эди. Бу хусусда якуний қарор жорий йил охиригача Конгресснинг иккала палатасида ўтказиладиган овоз бериш натижаларига кўра қабул қилинади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари президент Обаманинг бу ҳаракатини Каримовга мулозамат қилиш дея кескин танқид қилган эди.
XS
SM
MD
LG