Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:50

Тошкент боғча ва мактабларига ҳам пахта мажбурияти юкланди


Тошкент шаҳридаги боғча ва мактаблар жамоаси ходимларини пахта теримига жўната олмагани боис, кунига 25 минг ўзбек сўмига мардикор ёлламоқда.
Тошкент шаҳридаги боғча ва мактаблар жамоаси ходимларини пахта теримига жўната олмагани боис, кунига 25 минг ўзбек сўмига мардикор ёлламоқда.

Бундай муассасаларга 3 ёки 5 ходимини пахтага жўнатиш ҳақида топшириқ берилгани айтилмоқда.


Тошкент шаҳар ва туман ҳокимиятлари томонидан шаҳардаги қатор мактаб ва боғчаларнинг жамоаларига 3 ёки 5 нафардан ходимини ҳар куни пахтага жўнатиш мажбурияти юкланди.

Бундай тажриба ҳар йили кузатиларди. Аммо, ҳар йили хусусий ташкилотлар бундай оммавий сафарбарликдан четда қолар эди.

Тошкентнинг Мирзо-Улуғбек туманидаги хусусий боғчалардан бирининг ходимасига кўра, бу йил "кўпга келган тўй" уларни ҳам четлаб ўтмаган.

- Куни кеча туманимиз ҳокими шунақа буйруқ берган. Кунига бештадан ходимни пахтага чиқаришим керакмиш. Менинг тўрттагина одамим бор. Уларни жўнатсам, боғча кимга қолади, - дейди Тошкент шаҳридаги хусусий боғчалардан бирининг раҳбари.

Бу суҳбатдошга кўра, унинг ён-атрофидаги давлат боғчаларига бундай топшириқ анча илгари келган ва улар ўтган йиллари ҳам пахтага чиқишган.

- Бу йил биринчи марта бизга ҳам топшириқ келди тепадан. Қўшни боғчадаги қизлар келишди ва қийналиб ҳам ўтирмай, мардикор ёлланглар, дейишди. Лекин битта мардикорни кунига 25 минг сўмга ёллаш мумкин экан, - дейди бунақа ортиқча ҳаражатдан нолиган боғча мудираси.

Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Сергели туманларидаги яна бир неча хусусий боғчалар жамоалари ҳам ҳокимиятдан шунақа талаб бўлаётганини тасдиқладилар. Аммо, қўшимча тафсилотлардан тийилдилар.

Сергели туманидаги умумий ўрта таълим мактабларидан бирининг раҳбаридан олинган маълумотга кўра, бир неча кун муқаддам мактабларга ҳам шунақа топшириқ келган.

- Бизга туман халқ таълими бўлимидан шунақа топшириқ беришди. Кечқурун айтишган бўлса, эрталаб иккита ўқитувчим пахтага кетди. Ҳозир навбат-навбатдан икки кишидан жўнатяпмиз, - деди Сергели туманидаги мактаблардан бирининг раҳбари.

У кишига кўра ҳам, мактаб жамоаларидан бир-икки нафардан ходимни пахтага чиқариш мажбурияти ўтган йилларда ҳам бўлган ва умумий ўрта таълим мактабларида ҳам ходим ўрнига мардикор ёллаш анаъанаси шаклланиб улгурган.

- Лекин, биз ҳар йили ўқитувчиларни жўнатамиз. Ўқитувчиларимиз ўз ихтиёри билан чиқишади пахтага. Мардикор ёлламадик ҳеч, - дейди Сергели туманидаги мактаблардан бирининг раҳбари.

Тошкент шаҳридаги таълим масканларининг раҳбарларидан бунақа топшириққа муносабатини ҳам сўрадик.

Мирзо-Улуғбек туманидаги хусусий боғча мудираси буни "бизни ўғирликка мажбурлаш", деб баҳолади.

- "Агар ўзингиз боролмасангиз, маридкор ёллангмиш". Нима энди давлат бизни ўғирликка мажбурлайдими? Кунига 25 минг сўмдан бўлса, камида 15 кун чиқариш керак, жами 2 ярим миллион бўляпти битта мардикорга, - дейди боғча мудираси.

Аммо, у бунақа ишда тажрибаси ошиб қолган қўшни боғчалар раҳбарларининг маслаҳатларини ҳам қўшимча қилиб ўтди.

- Келишдида: "Мардикор ёлласангиз, ҳамма пулини бирдан берманг. Улар қочиб кетса, куйиб қоласиз", дейишди. Чунки, эрталаб бадбўй карам шўрва, кундузи бадбўй мошхўрда бераркан. Бечора колхозчиларам пулинг керакмас, пахтанг ҳам, деб қочиб кетаркан, - дейди боғча мудираси.

Аммо, нима бўлишидан қатъий назар Тошкентдаги мактабгача ва мактаб ёшидаги таълим муассалари жамоалари бу мажбуриятни бажаришдан ўзга чораси йўқлигини, бунга, ҳатто, эътироз билдириш ҳам имконсизлигини очиқ тан олмоқдалар.

- Албатта, биз мардикор ёллаймиз, чунки президент Ислом Каримов шунақа топшириқ берган, деб мажбурлашяпти. Лекин мен ишонмайман, бизнинг севимли президентимиз болаларни ташлаб, пахтага чиқинг, деганига, - дейди Тошкент шаҳридаги хусусий боғча мудираси.

Юнусобод туманидаги умумий ўрта таълим мактаби ходимаси эса буни қисқагина қилиб "кўпга келган тўй", деб изоҳлади.

- Совет давридаям чиққанмиз пахтага ҳозирам чиқамиз. Севимли Ўзбекистонимиз учун пахтани теришга тайёрмиз аслида. Ҳамма теряпти, бизам терамизда энди, нима дея оламиз бошқа?! - дейди Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида кунига икки-уч нафар ходимини пахта теримига йўллашга мажбур бўлаётган мактаб раҳбари.

Боғча ва мактабларни пахтага сафарбар қилаётган Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва баъзи туманлар ҳокимиятларидан бу борада аниқ жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Бундай муассасалар ходимлар пахтага сафарбар қилинаётганини инкор қилмаган Тошкент шаҳар Юнусобод туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходимларидан бири, ҳатто, туман ҳокимлигининг ходимлари ҳам белига этак тутиб, пахтага чиқаётганини айтди.

- Бўлаяптику бу, биз ҳам чиқаяпмиз. Хусусий боғчаларингизнинг масаласини раҳбармиз келса, сўрайсизда, - деди ҳокимият ходими.

Аммо, бу масалада Озодликка аниқ ошкор жавоб берадиган мутасадди топилмади ва шу кунга қадар ҳам пахта йиғим-терим кампанияси ҳамда бу жараёнга таълим муассалари ходимлари-ю, ўқувчиларини қўшиб, жалб қилишга оид фактларни расмий Тошкент инкор қилиб келмоқда.

Сўнгги хабарларга кўра, ҳатто, Тошкент томонидан UNICEF вакиллари болалар меҳнатига оид иддаоларни текшириш учун Ўзбекистонга таклиф қилинган.

UNICEF ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Жан-Мишел Делмот Ўзбекистон ҳукуматидан шундай таклиф бўлгани ҳақда Регнум агентлигига маълум қилган.

Жаноб Делмотнинг ушбу агентликка айтишича, Ўзбекистон расмийлари ташкилот ходимларига мамлакатда болалар меҳнати муаммоси юзасидан мониторинг ўтказишларига кўмак беришни ваъда қилган.

Аввалроқ Wikileaks интернет саҳифаси орқали ошкор этилган махфий дипломатик ҳужжатларда UNICEF Ўзбекистондаги мажбурий болалар меҳнати билан боғлиқ муаммо кўламини пасайтириб кўрсатишга урингани фош этилган эди.

“Афтидан, ташкилот Ўзбекистон ҳукумати билан яхши муносабатларни сақлаб қолиш учун шундай қадамга борган”, деб ёзган эди бу ҳақда хабар қилган Eurasianet нашри.

Wikileaks очиқлаган ҳужжатларга UNICEF ташкилотидан муносабат билдирилмади.

Ўзбекистонда пахта терими ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишларига болаларнинг мажбуран жалб этилиши ҳоллари эса йиллардан буён кузатилиб келинмоқда.
XS
SM
MD
LG