Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:39

"Ўктамбанк" ëпилди ва қайта очилмайди


Ўктамбанк логотипларидан бири.
Ўктамбанк логотипларидан бири.

Ўзбекистондаги хусусий банклар сони яна биттага камайди - Марказий банк "Ўктамбанк"ни лицензиясиз қолдирди.

Ўзбекистон Марказий банки "Ўктамбанк" ҳиссадорлик-тижорат банкидан банк операцияларини ўтказиш ҳуқуқини берувчи лицензияни қайтариб олди.

Марказий банк маълумотига кўра, "Ўктамбанк" «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунининг 53-моддаси ва «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 14-моддасига асосан амалдаги банк қонунчилиги талабларини мунтазам бузган.

"Ўктамбанк" ëпилганини расман билдирган банк ҳиссадорлар жамияти раиси Озодлик билан суҳбатда пайшанба куни “тугатиш комиссиияси” иш бошлашини билдирди.

"Барча ҳиссадорлар иштирокида банкни тугатамиз. Аммо бу жараëн бир-икки ойга чўзилади"¸ деди ëпилган банк мутасаддиси.

Суҳбатдош ўзи мансуб бўлган банкнинг “жорий қонунларни бузганлиги учун лицензиядан мосуво” бўлганини эътироф қилди ва "Банк узил-кесил ëпилди. Лицензияни қайта олиш имкони мутлақо йўқ"¸ дея қўшимча қилди.

"Ўктамбанк" томонидан қандай қонунбузарликка йўл қўйилгани ҳақида Марказий банк хабарномасида аниқ маълумот йўқ.

"Ўктамбанк" ҳиссадорлар кенгаши раиси ҳам банк ëпилишига асос бўлган аниқ сабабларни келтира олмади.

Суҳбат асносида маълум бўлишича "Ўктамбанк" соҳиблари ўзларига қарши бошланган ҳаракатлардан¸ тинчгина - ëпилиш билан қутулганига шукур қилишмоқда.

"Ўктамбанк" 1998 йилда ташкил бўлганидан бери доимо ëпилиш хавфи остида яшаб келди¸ дейди банкнинг Қашқадарëдаги исми айтилишини истамаган ҳиссадори.

Суҳбатдошга кўра¸ 2007 йилда ëпилиш хавфи кучайганида банк Қарши шаҳридаги йирик спорт анжуманини қуриб бериш эвазига умрини узайтира олган.

Бош қароргоҳи Тошкентда жойлашган "Ўктамбанк" 1998 йилда фаолият бошлаган.

Тошкентгаи “Банк.уз “ нашри мухбири Назира Мавлоновага кўра¸ 20 миллиард сўм бошланғич капиталга эга бўлган "Ўктамбанк" Қашқадарëдаги фермерлар сармоясидан ташкил бўлган хусусий банкдир.

Мавлоновага кўра¸ банк “Ташаббус” кўрик танловида энг яхши молия муассасаси деб топилган¸ 2007 йил молиявий фаолияти бўйича “PRICE WATER HOUSE COOPERS” халқаро аудиторлик ташкилотининг ижобий баҳосини олишга муваффақ бўлган.

Банкнинг кредитга лаёқатлилик кўрсаткичи 2008 йил 1-чорак мониторинг натижалари бўйича “Ахбор-Рейтинг” банклараро рейтинг компаниясининг “UZB” рейтингига лойиқ топилган.

Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра¸ "Ўктамбанк" ëпилиш арафасида 44,918 миллиард сўмлик актив(нақд пул)га эга бўлган. Банкнинг 2010 йилда олган соф 518,4 миллион сўмни ташкил қилган.

Ўзбекистондаги молиявий тизимни яхши билган иқтисодчи Музаффар Сулаймоновга кўра¸ мамлакатда нисбатан мустақил хусусий молиячилар бўлиши Оқсарой учун исталмаган ҳолатдир.

Ўтган асрнинг 90-йиллар ўрталарида Ўзбекистонда самарали фаолият кўрсатган “Рустамбанк” ëпилган эди.

Банк соҳиби Рустам Усмонов ўшандан бери “Жаслиқ” қамоқхонасида жазо ўтамоқда.

2010 йил март ойида Муҳиддин Асомиддиновга тегишли бўлган "Алп Жамол банк" ва йўқотилган яна бир банк "Карвон банк" ларнинг Салим Абдувалиев ҳомийлиги остида ишлаб келгани иддао қилинади.

Ўзбекистон молия ва бошқарув тизимини яхши билган собиқ мулозимнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича¸ кейинги пайтларда Салим Абдувалиев қаноти остидаги молиявий тизимлар нишонга олинмоқда. "Ўктамбанк"нинг ҳам Абдувалиев қаноти остидаги банклардан бири бўлгани тахмин қилинади.

Суҳбатдош тахминича¸ Абдувалиев қаноти остидаги банкларга "ҳужум" ўзбекистонлик бошқа бир криминал авторитет Ғафур Раҳимов тарафидан амалга оширилаëтган бўлиши мумкин.

2010 йил март ойида виртуал тўловларга кафолат вазифасини бажариб келган ООО "TILLO-GARANT" фаолиятига нуқта қўйилди.

Жорий йилда электрон тўловларни амалга ошириб келган , ООО "EKARMON GROUP" фаолияти тўхтатилган эди.
XS
SM
MD
LG