Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:00

Прокуратура Тошкент вилояти ҳокимлигини тафтиш қилмоқда


Қарийб бир ойдан буён давом этаётган тергов давомида вилоят ҳокимлигининг қатор масъуллари қамоққа олинган.


Тошкент вилояти ҳокимлигининг айрим масъул шахслари устидан очилган жиноят ишини Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валюта ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти олиб бормоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган Ўзбекистон давлат тизимларидан бирида ишлайдиган манбанинг айтишича, тергов жараëни бошланишига вилоят ҳокими ўринбосарларидан бирининг ҳокимга қарши ёзиб берган аризаси сабаб бўлган:

- Менинг тушунишимча вилоят ҳокими Рустам Холматов ва биринчи зами ўртасидан оламушук ўтиб қолган. Кейин ўринбосар прокуратурага ариза ёзиб берган, гўёки ҳоким пора олган, 500 минг доллар олган, бир миллион олган, деб. Прокуратура энди вилоят ҳокимига тегишли барча информацияларни йиғиш мақсадида тергов бошлаган. Ҳокимга яқин бўлган одамларнинг ҳаммаси ҳозир Тоштурмада ётибди. Бир ойдан буён сўроқ қилинаяпти, дейди Озодлик билан суҳбатда Тошкент вилояти ҳокимлигининг тергов қилинаëтган расмийлари орасида қариндоши борлигини таъкидлаган манба исми айтилмаслиги шарти билан.

Мазкур манба, вилоят ҳокимлиги қурилиш ишлари бўлимининг собиқ бошлиғи Баҳриддин Ақуловнинг бир ой аввал ҳибсга олинганини айтади. Унга кўра, айни пайтда ҳибсга олинган одамлар билан бирга ишлаган шахслар ва уларнинг яқинлари ҳар куни прокуратурага чақиртирилиб, ярим тунга қадар сўроқ қилинмоқда:

- Мен Баҳриддин Ақуловни яхши танирдим. Бир ой олдин уни прокуратурага чақиртиришиб, унга ҳокимга 200 минг доллар пора берган экансиз, деган айб қўйишди. Баҳриддин ака эса “агар 200 минг доллар пулим бўлганида мен ҳокимиятда умуман ишламаган бўлардим”, деган.

Асосан қурилиш компаниялари раҳбарлари терговга чақиртирилиб, сўроқ қилинаяпти. Улар, “йўқ, биз ҳеч қандай пора бермаганмиз” деса ҳам, “сиздан нима кетди, бу тендерни олиш учун 10 минг доллар берганман, 20 минг доллар берганман деб ёзиб беринг, сизни бошқа безовта қилмаймиз”, деган гаплар бўлаётган экан, дейди Озодлик манбаси.

Унга кўра, бундан мақсад, вилоят ҳокимига қарши компромат йиғиш ва бу ҳокимнинг яқин кунларда ишдан олинишидан даракдир:

- Бу вилоят ҳоким Рустами Холматовга қарши компромат. Менимча анча нарса йиғилиб бўлган. Компроматлар ҳар битта соҳадан йиғилаяпти. Менимча бу компроматлар йиғилиб, президентга олиб кирилади. Токи президент ёки прокурор яшил чироқни ёқмагунча, булар ҳозирча ҳокимни ҳибсга ололмайди, дейди манба.

Озодлик бу масалага муносабат олиш мақсадида Тошкент вилояти ҳокимлиги билан боғланди. Ўзини таништирмаган ҳокимлик мулозими ҳақиқатан ҳам Баҳриддин Ақуловнинг ҳибсга олингани ва ҳокимликда прокуратура тергов ўтказаётганини тасдиқлади.

Кузатувчиларга кўра, Тошкент вилояти ҳокими лавозими Ўзбекистондаги энг қалтис ўринлардан бири ва бу мансабда бирор шахс узоқ ўтира олмаган. “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов фикрича, вилоятда саноат корхоналари кўп бўлганлиги учун ҳам бу ҳудудда давлат ва коррупция манфаатлари ўзаро жуда кўп тўқнашади ва бу тўқнашувлар одатда ҳокимларнинг қурбон қилиниши билан вақтинча якун топади:

- Ўзи Тошкент вилояти “штрафной плошадка”. Кимни йўқотишмоқчи бўлишса¸ ўша ерга ҳоким қилиб қўйишади. Чунки у ерда давлат ва коррупция манфаатлари туташадиган кўп корхоналар бор. Масалан, Олмалиқ ва Ангрендаги саноат корхоналари, қишлоқ хўжалиги уюшмалари.

Иккинчидан, шаҳарга яқин, коррупцион доиралар қочса¸ ўша ерга боради, дам олгани ҳам ўша ерга боради.

Учинчидан эса, вилоят Қозоғистон билан чегарадош, мансабдорларнинг контрабанда билан кириб келадиган юклари бор.

Тошкент вилояти жуда мураккаб вилоят. Мирзомашраб Кўчиев деган ҳоким бўларди, ундан олдин Эркин Рўзиев дегани бўларди, ундан олдин эса Ниёзов дегани бўларди. Булар менинг эсимда қолганлари. Шундай, бу вилоятда ҳали ҳеч қайси бир ҳоким узоқ муддат ишлолмаган, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон Президентининг 2008 йил 16 декабр кунги фармони билан Рустам Қурбонназарович Холматов Тошкент вилояти ҳокими этиб тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси бўлган асли оққўрғонлик Рустам Холматов¸ унинг Сенат расмий сайтига қўйилган таржимаи ҳолида ëзилишича¸ 1977 йилдан 1995 йилгача – Оққўрғон тумани «Оққўрғон» ширкатлар уюшмасида ишчи, иқтисодчи, катта иқтисодчи, бош иқтисодчи¸ 1998 йилдан 2000 йилгача – Чиноз тумани ҳокими¸ 2000 йилдан 2003 йилгача – Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари – вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи. 2003 йилдан 2008 йилгача – Қуйичирчиқ тумани ҳокими лавозимларида ишлаган.

50 яшар Холматов 1999 йилда «Шуҳрат» ордени билан, 2002 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.
XS
SM
MD
LG