Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:43

Ўзбекистон мактабларида биринчи қўнғироқ чалинди


2011-1012 ўқув йилида мактаб остонасини илк бор хатлаган ўқувчилар сонининг кўп экани айтилмоқда.


Самарқанд шаҳридаги ўрта мактаблардан бири раҳбари тонгги соат 8: 00 да бошланган биринчи қўнғироқ тадбирининг жуда кўтаринки руҳда ўтганини айтди.

- Тадбир бўлди. Жуда яхши ўтди. Соат 8 да бошладик. 90 та ўқувчи қабул қилганмиз 1-синфга. Учта синф очаяпмиз. Учта синфга бўламиз. Битта рус синфи, иккита ўзбек синфи, деди Самарқанд шаҳридаги ўрта таълим мактабларидан бири раҳбари.

Суҳбатдошга кўра, 3 синфга 30 нафардан бўлиниб ўқиш бошлайдиган болаларга бу йил ҳам президент совғаси - ичига 12 турдаги ўқув қуроллари солинган мактаб папкаси тарқатилган.

- Дафтар, ручка, қалам, ўчирғич, чизғич, краска, расм дафтари, она тили дафтари, математика дафтари, мана шулар ва сумканинг ўзи. Фақат китоб йўқ у ерда, дейди мактаб раҳбари.

Айрим маориф ходимларига кўра¸ янги ўқув йили арафасида бу мактабни республика мактабларининг аксариятига хос бўлган бир муаммо – дасрлик муаммоси ўйлантириб турибди. Бу мақтабда рус тилидаги дарсликлар етишмас экан.

- Фақат ҳозир рус синфлар бизларда бироз муаммо бўлиб турибди. Дарслик жуда қийин бўлаяпти. Халқ таълимидан беради, ажратади кутубхона бўлими. Кутубхоначимиз бориб олиб келади, дейди Самарқанд шаҳридаги мактаблардан бири раҳбари.

Дарслик муаммоси¸ Озодлик манбаларининг айтишича¸ жуда кўпчилик мактабларга хос. Нафақат рус тилидаги, балки ўзбек тилидаги, айниқса, юқори синфлар учун мўлжалланган дарсликлар борасида кўп мактабларда етишмовчиликлар бор.

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги мактаблардан бирининг жамоаси ҳам шундай муаммо борлиги, аммо улар учун бундан ҳам йирик муаммо – синфлардаги ўқувчилар сонининг кўплиги эканини айтади.

- Бу йил ҳам мактабимизга 207 нафар ўқувчини қабул қилдик. Бу ўқувчилар 5 синфга бўлиниб, ўқийди. Ҳар бир синфга 40 нафардан тушади ва бу кўп, албатта. Ҳозир белгиланган меъёрга кўра, бир синфдаги ўқувчиларнинг сони 36 нафардан ошмаслиги керак, дейди чирчиқлик ўқитувчилардан бири.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги расмий сайтидан олинган маълумотга кўра, ҳозир республикада жами 9 779 та умумий таълим мактаби бор. Жами ўқувчилар сони эса 4¸5 миллиондан ортиқроқ.

Аҳолиси зичроқ бўлган ва бундай ҳудудларда алоҳида йўналишлар бўйича, масалан, рус мактаблари, чуқурлаштирилган ёки алоҳида фанларга ихтисослашган мактаблар етишмагани боис¸ кўп ҳолларда синфларда ўқувчилар сонининг меъёрдан ошиб кетиши кузатилади.

Бундай ҳолларда мактаб жамоаларининг синфлар сонини ошириш ёки янги бино ҳақидаги сўровлари эса, одатан, қондирилмайди.

Жумладан, Чирчиқ шаҳридаги мактаб жамоаси ҳам йиллар давомида бу масалада шаҳар ва вилоят Халқ таълими бўлимларига мурожаат қилингани, аммо муаммо ечимсиз қолаётганини айтади.

- Синфларимизнинг ўта зичлиги муаммосини еча олмаяпмиз. Аммо, шунга қарамай шу мактбада ўқийман, деб келган болаларни барибир қабул қилишга мажбур бўлаяпмиз. Ахир ўқиш ёшига тўлган болалар кўп, уларни қайтара олмайсизку! Бизнинг ҳамма синфларимизда ўзи 40 га яқин ёки сал ошиқ бола ўқийди, дейди Чирчиқдаги умумий ўрта таълим мактабларидан бири маъмурияти вакили.

Бола сони кўп бўлган мактабларда эса шунга кўра бошқа муаммолар ҳам бўлади - яна ўша дасрлик масаласи, синфхоналар, ўқув дастгоҳлари, мактабларни иситиш, спорт заллари ва анжомлари ва ҳоказо¸ дейди Озодлик суҳбатлашган маориф ходимлари..

Андижоннинг Марҳамат туманидаги мактаблардан бирининг Озодликка микрофонсиз сўзлаган ўқитувчиси, баъзан, оддийгина бўр ҳам етишмай қолишини айтади.

- Бизнинг мактабга бу йил 60 йил тўлди. Янги ўқув йили олдидан муаммоларимиз кўп. Синфхоналаридаги парталаримиз эски, дераза ромлари эскиб кетган. Қишда мактаб ўзи аранг исийди ёки исимайди ҳам. Дераза ва эшик тирқишидан кирган совуққаёқ болаларнинг оёқлари қотиб қолади. Хуллас, дасрлик ё бошқа муаммолардан ҳам аввал болалар совуқда қолмайдиган қилиб мактабларни иситиб беришса, яхши эди, - дейди андижонлик ўқитувчилардан бири.

Ўқитувчилар билан гаплашганимиз сари уларни ўйлантириб юрган бошқа масалалар ҳам чиқиб келаверди.

Янги ўқув йили олдидан яна бир орзусини тилга олган чирчиқлик ўқитувчи компютер синфлари ҳақида гап очди.

- Шу компютер синфлари сонини ошириб беришса ёки ҳеч бўлмаса, комплектларини кўпайтириб берса яхши эди. 1 600 дан ортиқ ўқувчи бор - атига биттагина компютер синфи. Жуда озда бу, дейди чирчиқлик ўқитувчилардан бири.

2 сенябр куни 2011-2012 ўқув йили анъанавий орзу-ниятлар¸ анъанавий муаммолар билан бошланди.

Шаҳарлик тенгқурларидан фарқли¸ Ўзбекистон қишлоқларида ёзги таътилдан қайтган ўқувчилар олдида, айрим, маҳаллий амалдорлар тили билан айтганда “ватан келажаги учун” бажарилиши керак бўлган “шонли” вазифа турибди¸ у ҳам бўлса пахтани қорли¸ қировли кунларга қолдирмай¸ давлатга йиғиб бериш.

Ўзбекистон ҳукумати муттасил равишда буни инкор қилиб келаётган бўлса-да, ҳар йили ўқув йили бошланиши биланоқ аксар вилоятларда умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчилари ҳам ёппасига пахта даласига ҳайдалади.

Бу жараëнга доир тафсилотларни Озодлик саҳифасида биз билан бирга кузатинг...
XS
SM
MD
LG