Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:53

Мустақил 20 йил: Ўзбекистон иқтисоди нималик бўлдию¸ нималарни йўқотди?


Ўтган 20 йил "бой берилган имконлар даври" деб аталмоқда.


Бундан 20 йил муқаддам Ўзбекистон собиқ СССРдан мустақил бўлганини эълон қилганида¸ бу мамлакатнинг яқин иқтисодий келажаги ҳақида бир-бирга тескари икки хил қараш мавжуд эди.

Собиқ СССРнинг пахта базасига айлантирилган Ўзбекистон иқтисоди Москвадан берилган судсидия ҳисобига кун кечираëтган ва 1987-89 йиллар бу судсидия миқдори Ўзбекистондаги ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 21 фоизига етган эди. Марказлаштирилган иқтисод тизгинини бошқарган Москва томонидан арзон нефт ва буғдой билан таъминланган Ўзбекистон иқтисоди¸ ўша пайтдаги ҳукумат тепасидагилар фикрича¸ СССР сиз жон сақлай олмас эди.

Бошқа томондан¸ 100 йилдан ошиқроқ давр мобайнида ер усти ва остидаги бойликлари аввалига чор¸ сўнгра болшевик ва коммунистлар Россияси томонидан таланган Ўзбекистон мустақил бўлгач¸ итининг занжирига қадар тилладан бўлади¸ деган ишонч бор эди ва бунга нафақат оддий халқ¸ балки миллий иқтисодчилар ҳам қўшилар эди.

20 йил муқаддам – 1991 йилнинг 31 августида Ўзбекистон иқтисодининг реал вазияти қандай эдию орадан 20 йил ўтиб¸ бу иқтисод қай ҳолга олиб келинди?

Ўзбекистон иқтисоди бўйича уч мустақил мутахассис бугун Озодлик махсус дастурида ана шу саволларга жавоб беради.


1991 йил¸ 31 август

Шу куни Ўзбекистон Комфирқасининг 1-котиби Ислом Каримов мамлакатни расман мустақил деб эълон қилди (Эрк партияси ташаббуси билан Ўзбекистон парламенти Мустақиллик декларациясини 1990 йил 20 июнида қабул қилган эди¸ аммо Каримов ҳукумати бу декларацияни тан олган эмас –таҳр.)

Хўш¸ мустақил давлат сифатида жаҳон харитасида пайдо бўлган кунида иқтисодий жиҳатдан Ўзбекистоннинг старт ҳолати қандай эди?

Россия Миллий стратегия институтининг махсус лойиҳалар бўйича директори Юрий Солозобов¸ бу вазиятни таърифлар экан¸ “жуда яхши” ва “аъло” деган сифатларни ишлатади:

- Ўзбекистоннинг старт чизиғидаги вазияти жуда яхши эди: аъло даражадаги саноат¸ меҳнаткаш ва малакали аҳоли¸ улкан табиий бойликлар¸ хориж сармоядорларининг катта қизиқиши¸ буларнинг бари иқтисодчиларнинг Ўзбекистон бир неча йил ичида Марказий Осиëнинг супердавлатига айланишини башорат қилишига асос бўлаëтган эди, дейди россиялик таҳлилчи.

Мустақил Ўзбекистон Молия вазирлиги қошидаги Валюта-иқтисод бошқармаси раҳбарининг собиқ муовини¸ ҳозирда Остонадаги Евроосиë институтининг Иқтисодиëт факултети декани Сапарбой Жубаев таъкидича¸ мустақиллик бўсағасида Ўзбекистоннинг иқтисодий потенциали Россия ва Украинадан кейин учинчи ўринда эди.

- Совет иттифоқи вақтида одам бошига чаққандаги имконияти¸ 15 та республика бўлса, Ўзбекистон 3-4-ўринда турарди. Россия, Украина, Беларус, Ўзбекистон бўларди¸ кейинги иккаласи учинчиликни алмашиб туришарди. Қозоғистон иқтисодий потенциали бўйича ҳам, халқ сони бўйича ҳам 7-8-ўринларда бўларди¸ дейди ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи Сапарбой Жубаев.


Мустақил бўлишни истамаган “мустақил” ҳукумат

Ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи¸ мустақиллик йилларида давлат иқтисодий тизимларида хизмат қилган Саодат Низомова¸ 1991 йилда мамлакат иқтисодий-ижтимоий ва демографик потенциалининг баланд эканини эътироф этган ҳолда¸ Москвасиз қолган Тошкент ҳукумати мустақилликнинг дастлабки йилларида дуч келган мураккаб вазиятни эслатиб ўтади.

- Ўша пайтда ҳукуматда ўтирганлар мустақил бўлса Ўзбекистон жуда оғир ҳолга тушади¸ деган қўрқув билан узоқ вақт совет тузумидан чиқишни истамадилар. Аммо 1991 йил августига келиб¸ ўз хоҳишига қарши бўлса-да¸ Тошкент ҳукумати мустақиллигини эълон қилди.

Ўзбекистоннинг бошланғич нуқтаси¸ аслида бошқа иттифоқдошларникидан анча яхши эди. Мамлакатда улкан ижтимоий¸ демографик потенциал – малакали ва ўқимишли иш кучи керагидан ҳам ортиқ эди! Айни пайтда¸ бутун мамлакат ҳаëт-мамоти учун зарур асосий ресурс – сув ва суғориладиган ер танқислиги мавжуд эди.

1991 йилда Ўзбекистонда юқори технологиялик ишлаб чиқариш бoр эди¸ аммо у тўлақонли эмас¸ балки оралиқ саноат эди. Авиация ëки машинасозлик заводини юргазиш учун Ўзбекистон собиқ СССРнинг бошқа ҳудудларида ишлаб чиқарилаëтган қисмларга муҳтож эди! Мустақил ҳукумат бу саноатни ушлаб қолишга уринди¸ аммо кўп ўтмай бунинг уддасидан чиқолмай қолди.

Ва ниҳоят¸ СССРни ушлаб турган ягона пул сиëсати ҳам у билан бирга йўқ бўлди. 1993 йилнинг 15 майида Қирғизистон биринчи бўлиб ўз миллий пулини киритди ва бу Ўзбекистон учун кундуз чаққан чақмоқдек бўлди. Мамлакат Қирғизистондан вагонлаб келаëтган рубл мозорига айланди ва совет рублининг тез орада писта пўчоққа айланиши аниқ эди. Ижтимоий тўполонлар олдини олиш мақсадида 1993 йил иккинчи ярмида Тошкент сўм-купон жорий қилиб¸ ўз чегараларини ëпишга мажбур бўлди¸ деб давом этади Саодат Низомова.


Ëмғир(шок терапеяси)дан қочиб¸ дўл(авторитаризм)га тутилиш

Иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев мустақилликдан кейинги қисқа эсанкирашдан сўнг Ўзбекистон ҳукумати иқтисодий йўналишни тўғри олгани¸ бироқ кўп ўтмай бу йўлдан тонганини айтади:

- Мустақиллик бўлган вақтда Ўзбекистон, менинг фикримча, тўғри йўл танлади, бирданига шок терапиясига ўтмасдан уни тепадан планлаштириб¸ аста-секин бозор иқтисодига ўтиш сиëсатини танлади. Бу тўғри сиëсат эди. Шу сиëсат 1992 йилдан 1997 йилгача ўз натижасини берди. Халқнинг яшаш тарзи бир кечада тушиб кетмади.

Ўзбекистон марказдан бошқариб либераллашувга аста-секин ўтиш йўлини танлади ва бу тўрт-беш йил яхши натижа берди. Лекин 96-97-йилларга бориб авторитаризм модели кучайиб кета бошлади¸ яъни ҳокимият роли ҳамма жабҳаларда кучайиб кетди. Ҳокимият керак, лекин ҳокимият ижтимоий масала бўйича, тартибни сақлаш бўйича шуғулланади, ишлаб чиқаришга аралашиши керак эмас эди. Бизда ҳамма нарса - қачон ерни шудгор қилиб маҳсулотни териб олгунча ҳокимият ҳал қиладиган йўлга ўтиб олдик. Ҳокимларнинг авторитети кўпайиб кета бошлади¸ дейди иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев.


Нотўғри шароитда бошланган либераллашув

Мустақил иқтисодий таҳлилчи Саодат Низомова¸ Каримов ҳукумати қисқа муддат иқтисодни либераллаштиришга чоғлангани¸ аммо бу жараëннинг илк оқибатлари кўриниш бериши билан¸ либерал сиëсатни кескин марказлашган ҳокимиятга алмаштирганини айтади.

- 1994 йилда Ўзбекистон ҳукумати ташқи ва ички босим остида иқтисодни либераллаштиришни бошлашга мажбур бўлди. Аммо бунинг оқибатида мамлакат бюджетини валюта билан таъминлаб келган пахтачилик инқирозга юз тутди – колхоз ва совхозлар¸ давлат берган кредитга қарамай¸ иқтисодий жиҳатдан ўзлари учун норентабел бўлган пахта ўрнига бозори чаққон полиз экинлари экишга ўтди; айни пайтда мамлакатдаги валюта оқими хорижга оқиб чиқа бошлади¸ валюта ўрнига Ўзбекистон бозорларини Хитойнинг арзон ва сифатсиз моллари тўлдира бошлади.

1996 йили илк бор Ўзбекистон тўлов балансида бўҳрон юзага чиқди – конвертация очилганидан бир неча ой ўтиб¸ мамлакат олтин-валюта резервининг 8 ойлик импортгагина етадиган миқдорда қолгани маълум бўлди. Икки ойдан сўнг эса¸ бу заҳиранинг икки ҳафтагагина етиши фош бўлди. Бу эса¸ ун ва ëғ каби бирламчи истеъмол маҳсулотлари импортига пул қолмади¸ дегани эди! Бундай оғир реаллик қаршисида қолган Каримов либерал иқтисоддан воз кечиш сиëсатини танлади – колхоз ва совхозларни яна давлат буюртмаси ижрочисига айлантирди¸ валюта конвертациясини бекор қилди¸ савдони чеклашга¸ чегараларни мустаҳкамлашга киришди¸ дейди мустақил иқтисодчи.


Ҳукуматдан кучли хуфя тизимлар

Хўш¸ Ўзбекистонда иқтисодни либерализация¸ яъни эркинлаштириш уриниши нима учун туғилмасданоқ бўғилди¸ ëхуд муваффақиятсизликка учради?

- Сабаб бир нечта. Совет давридаëқ Ўзбекистонда ишлаб чиқариш¸ таъминот ва ноиқтисодий ҳокимиятнинг монополлашуви мавжуд эди. Ўзбекистон иқтисодининг барча стратегик соҳаларини хуфя тизимлар назорат қилар ва мустақилликнинг дастлабки йилларида улар ҳукуматдан кўра кучлироқ эди.

Ўзбекистонда иқтисод либерализация қилиниши¸ заҳираларга эшик очилиши билан импорт¸ экспорт каби соҳалар¸ аввал қисман бўлган бўлса¸ энди тўлиғича яна ана шу хуфя тизимлар қўлига ўтди.

Ўзбекистонга исталган нарсани олиб кириш ва исталган нарсани олиб чиқишга имкон берилиши билан¸ бу хуфя тизимлар ҳамма нарсани давлатга бир тийин ҳам тўламасдан олиб кириб¸ олиб чиқишга киришди. Йиллар ўтиб¸ кучли мафия гуруҳларига айланган бу тизимлар (тахминларга кўра¸ Салим Абдувалиев¸ Ғофур Раҳимов гуруҳлари назарда тутилмоқда - таҳр.)нинг Ўзбекистон бойликларини ëппасига талашни бошлагани оқибатида мамлакат бюджетига даромад деярли тушмай қолди. Бундай шароитда Каримов ўйин қоидаларини ўзгартиришга киришди¸ дейди Саодат Низомова.


Янги ўйин қоидалари

Бюджетга давлатнинг нормал фаолияти учун зарур бўлган тушум келишини таъминлаш учун ҳукумат 1997 йилга келиб¸ хуфя тизимлар билан келишувга боришга мажбур бўлди. Оқибатда¸ Ўзбекистонда янги иқтисодий муносабатлар механизми пайдо бўлди¸ деб давом этади Озодлик билан суҳбатда 90-йиллар бошида Ўзбекистон иқтисодини бошқарган тизимларда хизмат қилган иқтисодий таҳлилчи Саодат Нишонова.

- Ўзбекистонда фақат давлат назоратида бўладиган¸ хусусийлаштиришга берилмайдиган стратегик соҳалар модели жорий қилинди. Бу модел¸ ундан келадиган даромад тўлиғича бюджетга тушади¸ деган даъвода киритилди. Эндиги гап¸ бу моделни қандай амалга оширишда қолди. Бунинг учун ҳукумат жойлардаги ҳокимият¸ шунингдек хуфя тизимлар билан даромадни бўлишишга рози бўлди. Бу нима дегани? Каримов импорт ва экспорт назоратини қайсидир гуруҳларга берар экан¸ уларга “сен бу соҳада истаганингча даромад қилавер¸ аммо унинг бир қисмини ҳукумат билан бўлишасан”¸ деб шарт қўйди.

Бунақа моделни ишга солиш ўта қўрқинчли оқибатларга олиб келади ва иқтисодчилар ниҳоятда кучли бўҳрондан қутулишнинг бошқа чораси қолмасагина¸ уни узоғи билан икки йилгача қўллашни тавсия этадилар. Бу моделнинг хавфли жойи¸ стратегик соҳаларни давлат номидан назорат қиладиган бир гуруҳ шахсларга ҳеч нима қилмасдан¸ фақат битта имзо билан жуда катта даромад қилиш жуда ëқиб қолади ва улар иштаҳаси очилгандан очилиб¸ сўнгра бу ваколатни ҳеч кимга бермаслик ҳаракатини бошлайдилар. Ўзбекистонда¸ айнан ана шу таҳдид ҳаëтга кўчди¸ дейди мустақил иқтисодчи.

Мустақил Ўзбекистон иқтисодидан келаëтган улкан даромад¸ 90-йиллар ўрталаридан давлат тепасида ўтирганлар ва улар келишишга мажбур бўлган мафия гуруҳлари ўртасида талаш бўла бошлади. Йиллар давомида охур бошида ўтирганлар номи ва ниқоби ўзгарди¸ аммо бу ҳалокатли иқтисодий модел ўзгаришсиз қолди¸ зотан ундан манфаат кўраëтганлар системани ўзгартиришни истамайди ва бунга йўл бермайди¸ деб давом этади Саодат Низомова.

- Халқ ва халқ манфаатлари деган гапга бироз таҳрир киритиш керак. Ўзбекистоннинг мустақиллик даврида шаклланган иқтисодий тузумида фақат мамлакат бойликлари тепасида ўтирганлар ва улар манфаати бор¸ холос. Халқ эса¸ арзон иш кучи сифатида¸ ана шу бошқарилаëтган бойликнинг таркибий қисми¸ холос. Нормал демократик давлатда халқ ва давлат бойликларини бошқарадиган махсус қатлам бор ва бу қатлам элита деб аталади. Одатда халқнинг интеллектуал қаймоғини ташкил этувчи бу қатлам мамлакат бойликларидан давлат манфаатлари учун тўғри ва фойдаланиш учун ишлайди.

Ўзбекистондачи? Ўзбекистонда битта имзо билан давлат бойликларини тақсимлаш ва қайта тақсимлаш ваколатини қўлга киритиб¸ миллионлар¸ миллиардларни ўмарганлардан иборат қўштирноқ ичидаги элита шаклланди ва бугун мамлакатнинг ҳам сиëсий¸ ҳам иқтисодий-ижтимоий ҳаëтини шулар ҳал қилмоқда. Улар мақсади мамлакат бойлигини кўпайтириш¸ бирини икки қилиш эмас¸ балки аксинча¸ борини ўғирлаш ва қайта тақсимлашдир¸ дейди Саодат Низомова.

Бугунга келиб¸ бу тузумни барпо қилганлар¸ уни ўзгартиришни мутлақ истамайдилар. Энг ëмони¸ бунақа тузумнинг умри узоқ бўлади ва одатда уни ички эмас¸ аксар ҳолларда жуда кучли ташқи таъсиргина парчалаши мумкин¸ деб қўшимча қилади таҳлилчи.


20 йил: Ўзбекистон иқтисоди нималик бўлдию¸ нималарни йўқотди?

Бу савол қаршисида қолган мустақил мутахассислар¸ унинг биринчи қисмига жавоб тополмай қийналдилар. Озодлик билан суҳбатда улар Ўзбекистон расмийларининг¸ 20 йил давомида мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмининг қарийб тўрт бараварга ошганию¸ халқ фаровонлигининг мислсиз кўтарилгани ҳақидаги даъволарини¸ ҳатто танқид қилишга ҳам арзимайди¸ деб топишди.

1991 йилда 15 республика ичида иқтисодий қудрати бўйича учинчи бўлган Ўзбекистон бугун Қирғизистон ва Тожикистон каби собиқ иттифоқнинг энг камбағал ҳудуди билан бир қаторга тушиб қолди; мамлакатнинг талаш мумкин бойликлари таланди (ҳамон таланмоқда) ва айрим шахсларнинг Ғарбдаги банк ҳисобларини тўлдирмоқда; Ўзбекистоннинг интеллектуал потенциали ўта ғариблашди – энг ўқимишли¸ энг малакали ва истеъдодли кадрлар бугун ўзга юртлар равнақи учун хизмат қилмоқда; демографик потенциал ҳам ташқарига йўналди – бугун ишга лаëқатли ўзбекистонликларнинг энг ками тўрт миллиони ҳозирда бошқа мамлакатларда оғир ишларни қилмоқда¸ дея фикр билдиришди Озодлик суҳбатга тортган мутахассислар.

Ўзбекистон иқтисодий тизимлари собиқ таҳлилчиси¸ мустақил иқтисодчи Саодат Низомова:

- Ўзбекистон учун 20 йил ичидаги энг катта йўқотиш давлатчилик асосларининг қурилмаганидир! Тузумни энг тепадан энг пастга қадар коррупция чулғаб олар экан¸ унинг ишлаш механизми фақат порахўрликкагина таянар экан¸ давлат тизимлари ишламай қўяди. Бу энг катта ва энг қўрқинчли йўқотишдир.

Бугунги Ўзбекистон тузуми куч воситасида ушлаб турилибди. Машҳур файласуфлардан бирининг “агар қўшнингда жуда қудратли қўшин бўлса ва унга қарши ҳеч нарса қилолмасанг¸ улар генералини сотиб олишдан осони йўқ”¸деган гапи бор. Тузум қудрати куч ишлатар тизимларига асосланар экан¸ бу тизимлар ким пул тўласа¸аниқроғи ким кўпроқ тўласа¸ ўшанга хизмат қилади. Бутун Ўзбекистонда давлат тузуми куч ишлатар тизимларига қарам экан¸ бу ниҳоятда қиммат ва ниҳоятда хатарли лаззат – улар садоқатини сақлаб туриш учун қаердан бўлса-да пул топиб бериш лозим¸ акс ҳолда уларни бошқалар сотиб олади.

Россия Миллий стратегия институтининг махсус лойиҳалар бўйича директори Юрий Солозобов:

- Мен Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йилини бой берилган имконларнинг 20 йили деб атаган бўлардим. Мустақилликнинг илк йилларида Ислом Каримов турли иқтисодий моделлар асосида ўйнаб кўрди¸ аммо орадан 20 йил ўтиб¸ бу ўйиннинг ютқизиқ билан тугаганини кўриб турибмиз. Каримов қўли билан бой берилган энг катта имкон - Ўзбекистонда бозор иқтисоди ва демократик жамият ривожини таъминлашга қодир ишга яроқли тизимларнинг бунëд этилмагани¸ деб ўйлайман. Мен бу гапларни жуда ачиниш билан айтаяпман¸ зотан Ўзбекистонда ўтган 20 йил ичида нафақат Марказий Осиë¸ балки постсовет ҳудудлари орасида иқтисодий жиҳатдан етакчиликка чиқишнинг реал имкони бор эди.

Ўзбекистон Молия вазирлиги қошидаги Валюта-иқтисод бошқармаси раҳбарининг собиқ муовини¸ ҳозирда Остонадаги Евроосиë институтининг Иқтисодиëт факултети декани Сапарбой Жубаев:

- Ҳозир ҳеч нарса қўлимиздан келмайдиган вазиятга келиб қолдик. Ўзбекистоннинг иқтисоди ривожланмаяпти, тўхтаб қолган. Регрессия дейилади буни. Тузумни ўзгартирмаса¸ ҳеч нарса ўзгармайди¸ қашшоқликча қолиб кетаверамиз. Бори ҳам йўқолиб кетаверади.

Ҳозир нима қолди? Қишлоқ хўжалиги билан автомобил ишлаб чиқариш¸ холос. Бу билан эса¸ ривожланиб бўлмайди. Ҳеч бўлмаса Қозоғистонга ўхшаб инвестицияни, конвертацияни очиб қўйиб, майли чет элликлар келсин, вақтинча улар эгалик қилсин, янги технология билан ривожланиб олганимизда, кейин барибир ўзимиз эгалик қилардик¸ деган йўлни тутиш мумкин эди.

Бугун 8 миллион эмас¸ балки 4 миллион ўзбекистонлик четда юргандир. Бунинг ўзи ҳам жуда катта йўқотилган потенциал. Улар чет элда юқори малакали ишда ишлаган бўлса, бир кун Ўзбекистонга қайтиб¸ иқтисодни тўғри йўлга солишга хизмат қиларди. Минг афсуски¸ бизникилар у ерда фақат кўчани йиғиштириб, қурилишда оғир ишларни қилиб, қизларимиз фақат идиш-товоқ ювиб юрибди. Улар Ўзбекистонга келиб нимани ўргатади.
XS
SM
MD
LG