Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:43

Жиззахда муштумзўр прокурор ишдан бўшатилди


Жиззах вилоят Зарбдор туман прокурори Дадажон Мубиев Бўстон ғишт заводи директори Бронислав Тагайни дўппослагани учун ишдан бўшатилди.


Жиззах вилоят Зарбдор туман прокурори Дадажон Мубиев Бўстон ғишт заводи директори Бронислав Тагайни дўппослагани учун ишдан бўшатилди ва унга нисбатан тергов жараёни бошланди.

Дастлаб Uznews.net сайти хабар қилган воқеани ўрганган зарбдорлик ҳуқуқ фаоли Зиёддилло Раззоқовга кўра, Бўстон ғишт заводи директорини калтаклагани учун Зарбдор туман прокурори Д. Мубиев билан бирга воқеага гувоҳ бўлган Жиззах туман прокурори Дилшод Исломов ҳам ишдан бўшатилган.

- Ўша ғишт заводининг олдида уради. Унинг ëнида ҳатто Жиззах туман прокурори ҳам бўлади. Ғишт заводининг директорини Зарбдор тумани прокурори Дадажон Мубиев уради. Унга тан жароҳати етказади. Шундан кейин иккиланмасдан иккала туман прокурорини ҳам бўшатишни лозим топишади. Бугунги кунда Жиззах ва Зарбдор туман прокурорлари ишдан бўшаган,- дейди ҳуқуқ фаоли.

Ҳуқуқ фаоли З. Раззоқов воқеа шу йилнинг июл ойи охирларида содир бўлганини айтиб, воқеа тафсилотларига тўхталди.

- Иккала туман ҳокимлиги томонидан янги темир йўл Тошкент-Самарқанд йўналиши бўйича қурилиши керак бўлган ва темир йўл атрофида ноқонуний қурилган қурилмаларнинг бузилиши, уларнинг тартибга олиниши ўша барча тумандаги раҳбариятига юклатилади. Зарбдор туманига қарашли бўлган регионда ғишт заводи бор. Ўша ғишт заводининг директори карис миллатига мансуб бўлган фуқаро бўлади. Келадида тўғридан тўғри Зарбдор тумани прокурори унга ултиматум қўядими ëки тазйиқ остидами, унга “ғишт заводини бузасан” дейди. Умуман темир йўлга яқин ҳам бўлмаган, алоқадорлиги ҳам бўлмаган. У қисқаси туман прокурорининг буйруғини бажармайди. Иккинчи куни чақириб “Сени нимага буйруқни бажармаяпсан? Мен прокурорман” дейди. “Сен прокурор бўлсанг, нима қилай? Унга алоқадорлик жойи йўқ” дейди. Прокурор ўша жойда ҳеч иккиланмасдан уриб тан жароҳати етказади. Унга тан жароҳати етказгандан кейин ғишт заводининг директори тўғридан тўғри Тошкентга бориб шифохонага ëтиб биринчи ëрдам сўрайди. Бизнинг эшитишимизга қараганда, Корея элчихонасига ҳам мурожаат қилади,- дейди Зиёддулло Раззоқов.

Жиззах вилоят прокуратурасининг ўзини таништирмаган ходими, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Зарбдор туман прокурори Дадажон Мубиев Бўстон ғишт заводи директори Бронислав Тагайни дўппослагани учун ишдан бўшатилганини тасдиқлади.

Бироқ прокуратура ходими калтакланиш воқеаси бўйича Дадажон Мубиевга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақидаги маълумотни инкор қилди.

Шимолий Кореянинг Тошкентдаги элчихонасидан олинган маълумотга кўра, Бронислав Тагай исмли шахс элчихонага мурожаат қилмаган.

Жанубий Кореянинг Тошкентдаги элчихонасининг навбатчи ходими бу каби масалалар телефон орқали муҳокама қилинмаслигини айтиш билан чекланди.
XS
SM
MD
LG