Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:30

Чиғанада азага айланган тўйда яна бир фожиа...


Дўстлари осмонга отиб ўйнаган куëв ерга тушиб кўз ўнгида жон бергач¸ гўшанга остонасидаги келин ҳам ақлдан озибди¸ дейди бахтсиз оила яқинларидан бири.


“Чиғаналик куёв танишимнинг ўғли бўлиб чиқди”

“Эркин микрофон” эшитттиришига Қашқадарё вилояти, Косон туманидан сим қоққан суҳбатдошимиз Чиғана қишлоғидаги тўйлардан бирида куёв боланинг тўйи куни фожеали вафот этгани ҳақидаги хабарни эшитиб, бу оила тақдирини суриштиргани ва оқибатда, марҳум куёв ўз танишларидан бирининг фарзанди бўлиб чиққанини сўзлаб берди.

- Чироқчи тумани Карим Содиқов фермер хўжалигига қарашли Чиғана қишлоғида бўлган шу воқеа. Куëв боланинг исми Хушвақтов Жасур. У бола қишлоғидаги мактабда ўқитувчи бўлиб ишларкан. Келин Қашқадарë вилоятининг Косон туманидан экан. Иккаласи бирга ўқиб яхши кўришиб қолиб тўйи бўлган экан. Тўй куни висол оқшоми тугаган. Тугагандан кейин чимилдиққа олиб кетишда куëвнинг ўртоқлари эркалатиб табриклаш учун ўрталиқда давра қилиб отиб ўйнаган-да. Чалқанча ҳолатда 2-2,5 метрга отиб ўйнаганда. Шу куëвнавкар болалар ҳам ширакайф бўлганми¸ ушлай олмай қолган. Кўзи билан ерга келиб тушган. Одамларнинг айтиши бўйича, юраги ëрилиб кетган ë узилиб кетган деяпти.

Озодлик: Кўзи билан тушиб кетган¸ дейсизми?

- Ҳа, бир кўзи кўкариб кетган. Боланинг юзи тезда кўкариб кетган. Нафас ҳам ололмаган. Юзига шапатилаган, силкилаган, сув сепган. Ўзига келмаган. Жойида жони чиқиб тамом бўлган бола. Кейин қийқириқ, чинқириқ бўлган. Келин бола ҳам шу жойда эси кетиб ҳушини йўқотган. Келиннинг исм-фамилияларини билмайман. Тўй азага айланиб кетгандан кейин келин тарафдан келган ота-оналари, қариндошлари келинни шу жойнинг ўзида Косонга олиб кетиб қолган. Охирги маълумотларга қараганда, келин ҳам жинни бўлиб қолган дейишаяпти. У боланинг отаси Абдураҳмон акани яхши танийман. Мен билан салом-аликли инсон. Бошқа колхоздан бўлгани билан яхши танийман, дейди косонлик суҳбатдошимиз.


“Президент Каримовнинг истеъфосини талаб қиламан”

Хоразм вилоятининг Гурлан туманидан боғланган 80 ёшли Ўрозмат Йўлдошев қарийб бир йилдан бери ҳал бўлмаётган муаммо ортидан қилган ёзув-чизувлардан безгани ва охир-оқибат, Ўзбекистон президентининг истеъфосини сўраб унга мактуб ёзганини айтиб берди.

Истеъфо мазмунидаги мактуб олингани ҳақида келган мактубдан сўнг Озодликка боғланган Ўрозмат бува энди президентни исталган жойда очиқ-ошкор танқид қилишим мумкин, деган хулосага келганини айтмоқда.

- Менинг ҳам ишим бор эдида. Менинг боламнинг территориясига биров ноқонуний ўтиб қурилиш қилиб қўйибди. Ҳокимият ҳам давлатники, суд ҳам давлатники, нима учун 11 ойгача бу ишни кўрмай ҳокимияттга қайтаради? Ариза ëзган эдим республика прокуратурасига, Олий судга. Ҳеч биттасидан жавоб келмайди ëки шуни текширмайди. Ҳеч ким арз тингламаса, нима қилишимиз керак энди? Мен президентнинг истеъфосини талаб қилиб ëзган эдим. Булар шунга ҳайрон бўлиб жавоб ҳам қайтара олмайди, текшириш ҳам ўтказа олмайди.

Озодлик: Истеъфосини сўраган бўлсангиз, хатингиз сўралган жойгача бордимикан?

- Етиб борди. Уведомление жавоб келди менга. Энди мен президентни танқид қилишим керак. Бошқа иложим йўқ. “Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб қиламан” деб ëзган эдим. Лекин жавоб йўқ. Ҳайронман мен шунга. Қаëққа мурожаат қилиш керак, дейди гурланлик 80 яшар Ўрозмат бува.


“Ўзбекистон аҳолиси Кремл сиёсатини маъқуллашга мажбур”

Озодликнинг “Эркин микрофон”ига боғланган айрим тингловчилар Маркази АҚШда жойлашган Gallup тадқиқот марказининг Ўзбекистон аҳолисининг 81 фози расмий Кремл сиёсатини маъқуллайди, мазмунидаги хулосасига муносабат билдирди.

Сурхондарёлик Абдулла Азимов бу хулосани тўғри, деб ҳисоблашини айтди.

- Ўзбекистон халқи хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам Кремл сиëсатини қўллаб-қувватлайдида.

Озодлик: Нима учун?

- Сабаби ҳозирги кунда Ўзбекистон халқи 28 миллиондан ошиқ бўлса, шунинг ярми Россияда муҳожир бўлиб ишлаяпти. Ўзбекистон халқини Россия давлати боқаяпти. Энг асосий сабаб шу. Ўзбекистон иқтисоди ачинарли ҳолда-да. Рақамларда бошқачаю, лекин амалда умуман ачинарли ҳолда. Шунинг учун ҳам Кремл сиëсатини қўллаб-қувватлайди.

Озодлик: Сиз ўзингиз қўллаб-қувватлайсизми?

- Ҳозирги шароит бўладиган бўлса, қўллаб-қувватлайман. Агар Кремл сиëсати ўзгарадиган бўлса, тасаввур ҳам қилиб бўлмайди Ўзбекистондаги воқеаларни. Агар меҳнат муҳожирларини қувиб ҳайдайдиган бўлса, Ўзбекистондаги аҳволни умуман тасаввур қилиб бўлмайди-да.

Озодлик: Ўзбекистонда ҳам ресурс каттаю мана. Қанча пахта далалари бор, чорвачилик қилса бўладиган жойлар бор. Иш топилмасмикан?

- Катта пахта даласи бўлган билан пул йўқда. Ойлик йўқ. Ойлик иш ҳақи бўлган тақдирда ҳам уни ўз вақтида олмайди ҳеч ким. Ўз вақтида оладиганлар ҳам ярмини оладида. Ҳар хил жамғармаларга, фондларга ушлаб қолади. Масалан¸ мен ўзим пенсия оламан. 2-гуруҳ ногирониман-да. Светга, газга ушлаб қолади. Тўлиқ келмайди. Бир-икки сўм пенсия тарқатувчининг ўзи олади, дейди сурхондарёлик Абдулла Азимов.


“Ўзбекистон аҳолиси Кремл сиёсатини маъқулламайди”

Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳридан боғланган Мақсад Эргашев эса АҚШнинг Gallup тадқиқот маркази Ўзбекистон аҳолисининг 81 фози расмий Кремл сиёсатини маъқуллайди, мазмунида эълон қилинган тадқиқот натижасини нотўғри, деб ҳисоблашини айтди.

- Ўзбекистон аҳолисининг 80 фоизи Россия сиëсатини қўллаяпти дейди. Асло бундай эмас.

Озодлик: Нима учун?

- Чунки бизнинг ўзимизнинг президентимиз бор, ўзимизнинг сиëсатимиз бор ўзимизга яраша. Корхоналарда ишлайдиган россиялик одамлар одамларни ундай-бундай деб йўлдан уриб ўзига оғдираяпти. Бу факт. Бу тўғрисида бир нечта жойга мурожаат ҳам қилганман. Шу нарсага нотўғри фикр билдирилдида кеча. Ҳеч қачон 80 фоизи унақа эмас. Менимча, 5-10 фоизи бўлиши мумкин, лекин ундан кўп эмас. Улар ҳам Россия билан алоқаси бор бой амалдорлар. Энди подхалимлик қилиб юрган одамлар топилади. Ана шулар қўллаши мумкин.

Озодлик: “Ўзбекистонннинг кўпгина қишлоқ ва шаҳарларидаги одамларни Россиядан келган пул боқаяпти. Шунинг учун одамларнинг Россияга мойиллиги ошаяпти” деган муносабат билдирилдида.

- Бу ҳам энди тўғри. Биздан бориб ишлаëтган одамларнинг ойлигига россияликлар ишламайди ҳеч қачон. Тўртдан бир ҳиссасига ишлаймиз бизлар. Улар шунга хурсанд. Мардикорлик қилиб юрса, унинг сиëсатини қўллаш эмасда бу, дейди оҳангаронлик суҳбатдош.


“Сўх анклавидаги ўзбекистонликлар блокада ичида қолди”

Озодликка боғланган Мақсудали Эргашев ўзи туғилиб ўсган Сўх анклавидаги вазият тобора оғирлашиб бораётгани ва кейинги кунларда ўзбекистонлик ҳамда қирғизистонлик чегарачиларнинг ўзаро келишмовчилиги боис, бу ердаги аҳоли ҳатто егулик-ичгулик олиш учун бозорга ҳам бора олмай қолганини сўзлаб берди.

- Ўзбекистоннинг энг катта анклавида яшаймиз биз. Сўх анклавида. Ўзбекистонга қарамиз, Ўзбекистон фуқаросимиз. Бозорга боришимиз керакку, Ўзбекистонга тушишимиз керак. Риштон тумани бизга энг яқин бозор. Йўлни бекитиб қўйгандан кейин блокаданинг ичидамиз. Йўлни тўсиб қўйган Қирғизистон тарафдан Қайтмас пост-пункти бор. Умуман қўймайдида.

Озодлик: Ўзбек чегарачиларчи?

- Ўзбек чегарачилари кейин нариги тарафдаги қирғиз қишлоғини блокада қилиб қўяди.

Озодлик: Ўзбек чегарачиси ҳаракатига қирғиз чегарачиси шунақа йўл билан жавоб беради, қирғиз чегарачиси эса ўзбек чегарачисига демоқчимисиз?

- Шу. Бизни ажрата олмайди. На Каримов ажратади, Сталин ҳам ажратмаган бу нарсани. Биз қирғиз билан аралаш бўлиб қолганмиз. Граница ажрата олмайсиз. Менинг битта равоғим қирғизнинг уйига яқин. Қирғизларнинг границаси экан. Шунақа чалкаш бўлиб кетганда ҳалиги жойлар. Этник тожиклар ўша ерда туғилиб, тоғдан чиққан тожиклар. Қирғизлар ҳам ўша ерлик қирғиз. Уларни у ëққа жўнатиб бизни қандай ажрата олади? Мен ҳаëтда уйимни ташламайман. Чалкаш қилиб бизни ош-қатиқ қилиб ташладида. Солдатлар билан ҳар кун уруш. Қафаснинг ичида қандай яшай? Қафаснинг ичида чумчуқдай юрибмизда. Жуда қийин, дейди сўхлик суҳбатдош.

********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG