Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:39

Ғузорда футбол фанатлари муштлашиб кетди


1995 йилда қурилган ва яқинда таъмирдан чиққан "Шўртан" стадиони расман 9 минг томошабинга мўлжалланган.
1995 йилда қурилган ва яқинда таъмирдан чиққан "Шўртан" стадиони расман 9 минг томошабинга мўлжалланган.

Қашқадарёнинг Ғузор шаҳри стадионида юзага чиққан жанжалга қарийб 40 мухлиснинг аралашгани айтилмоқда.


6 август куни Ғузор шаҳри марказидаги футбол стадионида "Шўртан" ва "Насаф" жамоалари ўртасидаги баҳсни томоша қилишга келган минглаб ишқибозлар жанжаллашиб кетди.

Бу ҳақда Ўзбекистондан хабар қилувчи турли манбаларнинг ёзишича, жанжал қаршилик ва шўртанлик футбол фанатлари ўртасида рўй берган.

Жумладан, Ўзбекистон футбол федерацияси расмий сайти бўлган Uff.uz сайтида берилган хабарга кўра, "Шўртан" жамоаси фойдасига 2:1 ҳисобидаги бораётган ўйиннинг сўнгги дақиқаларида рўй берган жанжал пайтида бир неча ишқибоз ўйин майдонига тушиб кетган.

Бу сайтнинг футбол майдонида бўлган гувоҳларга таяниб ёзишича, стадионнинг иккита секторида маҳаллий ва меҳмон ишқибозлар ёнма-ён ўтириб қолган ва “Насаф” жамоасининг мағлубиятидан норози бўлган қаршилик фанатлар рақиб командага ишқибозлик қилиб турган шўртанлик томошабинлар билан жанжаллашиб кетган.

Бу манбанинг хабарида жанжалда қанча киши иштирок этгани ҳақида маълумот йўқ.

Бу воқеани ёритган CA-News сайти хабарига кўра, муштлашувга минглаб одам аралашиб кетган.

Ўша куни стадионда ўйинни томоша қилган ғузорлик футбол ишқибозларидан бирининг яқини бу хабарнинг ҳақиқатдан узоқлигини айтади. Унга кўра¸ милиция ходимлари томонидан қаттиқ қўриқлангани боис стадионда юз берган жанжалда минглаб одам иштирок этиши мумкин эмас.

- Тахминан, 40га яқин киши жанжал қилган. Икки тарафдан бўлиб уруш қилиб қолган. Уларни на ғузорликлар таниган, на қаршиликлар таниган. Ҳеч ким танимас экан. Алоҳида секторда ўтириб, алоҳида ўзларининг ўртасида жанжал чиқарди, нима гаплигини ҳам тушунмадик, ўзимизни олиб қочдик, дейишяпти болалар. Биласизку, бизни халқ қўрқоқ бўлиб қолган, - дер экан ғузорлик футбол ишқибозларидан бирининг яқини Анвар ака ўйин гувоҳларининг Озодликка бу ҳақда гапиришдан ҳам чўчишини айтади.

Унга кўра, гувоҳлар янги таъмирдан чиққан стадионнинг ўриндиқларини бир-бирига аямай отган фанатлар кўп бўлгани боис¸ жанжалда тан жароҳати олганлар борлигини айтган.

- Бир-иккита жароҳатланганлар бўлса ҳам яширгандай қилишган. Асосийси, янги ремонт бўлганку бу стадион, янги стулларни қўпориб, стадионнинг у ëқ бу ëқларини қўпориб ташлашган. Трибунадаги стулларни синдириб, олиб отиб, шунақа қилишганда энди, - дейди ғузорлик Анвар ака.

Анвар аканинг сўзларини Uff.uz сайтида айни мавзуда шарҳ қолдирган муштарийлар ҳам тасдиқламоқда.

Жумладан, ўзини Reddevil, деб таништирган муштарий шарҳида "Насаф" жамоаси мухлислари стадионга тушиб кетгани ҳақида айтилган.

“Учрашув бош ҳакамининг ўйинни якунланганлиги тўғрисидаги ҳуштаги янграгандан сўнг, "Насаф" мухлислари майдонни тўсиб турадиган панжарани синдириб, майдонга ёпирилиб киришди. Майдонга тушиб келган "Насаф" ва "Шўртан" мухлислари ўртасида эса муштлашув бошланиб кетди. Бундан ташқари, стадион ўриндиқлари синдирилиб, майдонга отила бошланди”, дейди RedDevil номи билан Uff.uz сайтида шарҳ қолдирган бир муштарий.

Бошқа муштарий эса, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан майдондан чиқариб юборилган "Шўртан" жамоаси ишқибозлари ташқаридан туриб, "Насаф"чиларни тошбўрон қилгани, шунинг учун бу ишқибозлар тошдан қочиб, майдонга тушиб кетишга мажбур бўлгани ҳақида ёзган.

Интернет нашрлари ва ўзбекистонлик футбол мухлислари орасида шов-шув бўлаётган бу хабарларга ойдинлик киритишини сўраб мурожаат қилганимизда, Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Ички ишлар бўлими ходимлари ва “Шўртан” футбол жамоаси расмийлари хабарларни қисмангина тасдиқлади.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда “Шўртан” футбол клуби маъмурияти ходими воқеани “муштлашув” ёки “жанжал”, деб эмас “тортишув”, деб атади.

- Йўқ, озгина болелшиклар тортишишди. Кейин милициялар уларни чиқариб юборди. Кетди ҳамма уйига¸ деган "Шўртан" клуби вакили баъзи сайтларнинг жанжалда 3000 одам қатнашди, деган ваҳимали хабарларини ҳам инкор қилди:

- Ҳа йўўўқ, унақа нарса бўлгани йўқ. Секторнинг ўзидаёқ милициялар нима қилди дарров. Болелшиклар ўзи ҳамма ўйинда ҳам шунақа қилади. Ўйиндан кейин озгина тартибсизлик бўлди, милициялар, ОМОНчилар ўраб олдида, кейин автобусга чиқариб, ҳаммасини жўнатиб юборди. Ҳеч ким жароҳатлангани йўқ, деди Озодлик билан суҳбатда “Шўртан” футбол клуби маъмурияти ходими.

Ғузор туман Ички ишлар бўлимининг футбол ўйинида хавфсизликни сақлаб турган мутасаддиси “Шўртан” футбол жамоаси расмийсининг сўзларини тўлиқ тасдиқлади.

- Шу ўйинни охирига яқин уч-тўрттаси сал тортишган бўлди ва ўша ернинг ўзида тинчиди. Ҳеч қанақа тошбўрон бўлгани йўқ. Ҳеч қанақа муштлашув бўлгани йўқ. Ўйин зўр бўлди, яхши бўлди охиригача, - деди Ғузор туман ИИБ ходимларидан бири.

Қашқадарёлик яна бир футбол мухлисининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, ҳозир футбол жамоалари ўйинлари жуда қаттиқ назорт остида ўтадиган бўлган.

- Майдонга мингтача томошабин тушса, икки мингтача милиция тушадиган бўлган ҳозир. У ерда бунақа катта жанжал бўлишига умуман имкон йўқ. Жанжал чиқиши билан жойида тинчитиб ташлашади, дейди нишонлик футбол ишқибозларидан бири Озодлик билан суҳбатда.

1995 йилда қурилган Ғузор стадионига 9 минг одам сиғади ва бу стадион расман “Шўртан” футбол жамоасига тегишли.

Норасмий маълумотларга кўра, 6 август кунги ўйинни тахминан 4000 ишқибоз томоша қилган ва бу ўйин ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг қаттиқ назорати остида ўтган.

Шунингдек, ўзбекистонлик футбол ишқибозлари кузатувига кўра, Ғузордаги стадионда бўлгани каби фанатларнинг йирик жанжали бунга қадар 1995 йилда "Нурафшон" - "Янгиер" жамоалари ўртасидаги учрашувдан сўнг бўлиб ўтган.

Норасмий маълумотларга кўра, ўшанда футбол фанатлари майдонга тушиб, рақиб команданинг ўйинчиларига қўшиб ҳакамни ҳам калтаклашган.

Ҳозир “Шўртан” ва “Насаф” жамоалари ишқибозлари ўртасидаги жанжални муҳокама қилаётган ишқибозлар бундай ҳолатларга Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси раҳбарияти томонидан тегишли чоралар кўрилиши зарурлигини таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG