Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:19

Лола Каримова Париж маҳкамаси қароридан норози


Лола Каримова-Тиллаева.
Лола Каримова-Тиллаева.

Лола Каримова-Тиллаева ўзига қарашли нашрлардан бирида 1 июл куни Париж Олий суди чиқарган қарорга ўз эътирозларини билдирди.


Париж маҳкамаси Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг Rue89 нашри устидан берган шикоят аризасини қондирмаган эди.

Суд ҳукмига кўра, президентнинг қизи ва Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги вакилини "диктаторнинг қизи", Ўзбекистон президентини "диктатор" деб атаган француз журналисти Огустен Скалберт ўз мақолаларида билдирган фикрлар ҳақиқат, деб тан олинди.

Лола Каримова-Тиллаевага оид Интернет нашрда Париж маҳкамаси қарори "адолатсиз", дея қораланади ва суднинг Лола Каримова-Тиллаевага Rue89 Интернет газетасидан пул ундириб бермаганидан таассуф билдирилади.

Сўз эркинлиги ва матбуотнинг жамиятдаги муҳим роли эътироф қилинган билдиришномада оммавий ахборот воситалари рақобат кетидан қувиб, нохолис гапларни тарқатиши урғуланган.

Унда айтилишича, Rue89 нашри журналистик этикага хилоф тарзда ишлаган.

Лола Каримова-Тиллаева расмий сайтидаги матнда Париж Олий судидаги маҳкама жараëнига нисбатан эътирозлар ҳам ўрин олган.

Эътирозларда Rue89 томони келтирган ҳужжатларнинг асл нусха экани шубҳа остига олинади.

"Афсуски, ўз мақоласига эътибор қаратишни хоҳлаган Rue89 амалда ноаниқ ва номавзун йўл танлаган. Яна ҳам афсусланарли тарафи шуки, сенсация кетидан қувган Rue89 оммавий ахборот воситаларининг асосий тамойили бўлган мувозанатни унутди", дейилади Лола Каримова-Тиллаевага оид нашрдаги билдиришномада.

Гап ўз мақолаларида президент Каримовни "диктатор", Лола Каримовани "диктаторнинг қизи" деб атаган француз журналисти Огустен Скалберт ҳақида кетмоқда.

Аввалроқ Скалберт Озодликка Париж Олий судида Лола Каримова-Тиллаева "устидан ғалаба қилганини" маълум қилган эди.

Лола Каримова-Тиллаеванинг аризаси 19 май куни Париж Олий судида кўрила бошлаган, 1 июлда эса мазкур иш бўйича ҳукм ўқилган эди.

Каримова хоним Франциядаги мустақил журналистларнинг энг йирик ва энг машҳур Интернет нашри ҳисобланмиш Rue89 интернет газетасини туҳматона маълумот тарқатиш орқали ўз обрўсига путур еткизганликда айблаб, ўзига еткизилган маънавий зиëнни қоплаш учун нашрдан 30 минг евро миқдорида товон пули талаб қилган эди.

Судья Бояр ҳукмида журналист Скалберт мақолаларида "туҳмат аломатлари бўлмаган" дейилади.
XS
SM
MD
LG