Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:45

Россиядаги ўзбек қочқини яна ҳибсга олинди


Россия полицияси Ўзбекистонда диний эътиқоди учун таъқибга учраган Азамат Эрмаковни иккинчи бор ҳибсга олди.


2011 йилнинг 1 июлида Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида ўзбекистонлик қочқин Азаматжон Эрмаков яна бир маротаба қўлга олинди.

У жорий йилнинг 13 майида Ўзбекистон расмий доираларининг экстрадиция сўрови билан ушланган ва 18 ойлик қамоқ муддатини ўтагач¸ халқаро босим остида маҳаллий тергов изоляторидан чиқариб юборилган эди.

Асли андижонлик Азаматжон Эрмаковнинг ўз адвокати Юрий Сидоровга айтишича¸ Нижний Новгороднинг Канавин тумани 2-полиция бўлимида аввалига қўлига граната ташлаб қўйишган, кейин эса портловчи моддани ноқонуний сақлаганликда айбланиб ҳибсга олингани ҳақида билдиришнома тутқазишган.

Эрмаковнинг сўзларига кўра, у шаҳардан бир неча километр наридаги посёлкада қурилишда ишлаган ва ишга кетаётиб фуқаролик кийимидаги полиция ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Адвокатнинг таъкидлашича¸ Азаматжонни полиция бўлимига олиб кириб, орқага кишанланган қўлига нимадир тутқазишган. Кейинчалик экспертиза бу буюмнинг жанговар граната эканлигини тасдиқлаган.

Полиция ходимлари Эрмаковнинг паспорти ва уяли телефонини мусодара қилган¸ ҳимоячи билан боғланишга имкон бермасдан жиноят содир этганликда гумонланаётганлиги тўғрисида билдиришнома беришган.

Бир ярим йилдан буён Азаматжон Эрмаков ҳимояси билан шуғулланаëтган Юрий Сидоровнинг овозини ёзиб олмаслик шарти билан Озодликка билдиришича, Канавин тумани 2-полиция бўлими тергов бўлими бошлиғи Наталья Доронина ўзига кечки соат 9 да телефон қилган ва ҳибсга олинган Эрмаков билан фақат душанба куни учрашиш мумкинлигини айтган.

”Душанба кунгача эса Эрмаков “паспортсизликда”айбланиб вақтинчалик ҳибсда сақланишини маълум қилишди. Ваҳоланки милиция бўлимида ундан паспорти ва қўл телефони мусодара қилинган”,- дейди Эрмаковнинг адвокати Юрий Сидоров.

Ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқароси Азаматжон Эрмаковнинг кейинги тақдирига оид тафсилотларни ўрганиш мақсадида Озодлик мухбири Канавин тумани 2-полиция бўлими тергов бўлими бошлиғи Наталья Доронинага мурожаат қилди.

- Бу одамга нисбатан ҳибсда сақлаб туриш чораси қўлланилмоқда. Президент бўлсангиз ҳам бошқа маълумот бермайман. Бас!- дея жавоб берди Озодлик саволига негадир жаҳл билан терговчи Наталья Доронина.

Воқеалар ривожини ўрганиш жараëнида адвокат Сидоров Азаматжон Эрмаковнинг ҳозирда вилоят махсус изоляторига олиб кетилгани ва 4 июл куни маҳаллий суд унга ҳибсда сақлаш чорасини қўллаганини билдирди.

Азамат Эрмаков ишини кузатиб бораётган Москвадаги “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари Елена Рябинина махфий хизматлар Россиядаги қочқинларга қарши янги кураш усулини ишлаб чиқди, деган фикрда.

- Нима учун бу янги “усул” ёрдамида айнан унга гранатани солиб қўйишди? Мақсадлари¸ аввалига жиддий қўрқитиб, хоҳлаган ҳужжатга имзо чекдириш. Менимча, бу рус тилини умуман билмайдиган Эрмаковнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилинишига розилиги ёки Страсбург қароридан воз кечиши ҳақидаги ҳужжат бўлиши мумкин. Ахир Азамат Ўзбекистон идоралари сўрови билан Нижний Новгород тергов изоляторида 18 ой ўтириб¸ 13 май куни озод этилган. Унинг озод қилиниши Страсбург судининг босими остида амалга ошди, дейди ҳуқуқ фаоли.

Рябининанинг Озодлик мухбирига билдиришича, Ўзбекистонда Азаматжон Эрмаковга кенг урф бўлган жиноятлар, яъни 159 (Конституциявий тузумга тажовуз қилиш), 242 (Жиноий гуруҳ ташкил этиш), 244/1 (Жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатиш), 244/2 (Диний экстремистик, айирмачилик, фундаменталистлик ва бошқа таъқиқланган ташкилотларни ташкил этиш, раҳбарлик қилиш ҳамда аъзо бўлиш) каби моддалар асосида айблов эълон қилинган.

2010 йилнинг 22 сентябрида Россия Бош прокуратураси Нижний Новгород судининг қочқинлик мақомини олиш арафасида турган Эрмаковни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарорини маъқуллаган. Аммо ўша куни Европа суди Эрмаковнинг экстрадициясини тўхтатиш тўғрисида ўз йўриқномасини эълон қилган, дейди Елена Рябинина.

- Эрмаков шу ҳолатдаги сўнгги “могиканлардан” бири, чунки Олий Суд бу каби қолган ишлар юзасидан қўйи суд инстанцияларининг экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарорларини бекор қилмоқда. Ҳатто қуйи судлар ҳам Ўзбекистоннинг бу каби сўровларига рад жавобини бераётганига гувоҳ бўлаяпмиз, дейди Москвадаги “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари Елена Рябинина.

Елена Рябинина бугунга келиб Россияда ўзбекистонлик қочқинлар ишлари юзасидан экстрадиция тўхтатилаётган бўлишига қарамасдан, Россия кучишлатар доиралари изчиллик билан уларни яна қамоққа жойлаштиришга уринаётганини айтади.

30 июн куни Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг яна бир ўзбек қочқини - Абдуғани Камалиевни Ўзбекистонга қонунга хилоф равишда экстрадиция қилгани учун Россияга 11 минг евро миқдорида жарима солгани маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Абдуғани Камалиев 2007 йилнинг декабрида Тюмендан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган ва 2008 йилнинг 26 февралида Наманганда 11 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган.
XS
SM
MD
LG