Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:24

Журналистлар 6 кундан буён очликни тўхтатмаяпти


Журналист Малоҳат Эшонқулова.
Журналист Малоҳат Эшонқулова.

Олти кундан буён Тошкентда икки журналистнинг очлик акцияси давом этмоқда. Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари уларнинг ҳолидан хабар олмоқда


Тошкентдаги уйида очлик акциясини олти кундан буён давом эттираётган икки тележурналист - Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонованинг аҳволи кун сайин ёмонлашмоқда. Бу ҳақда Малоҳат Эшонқулова Озодликка билдирди:

-Тан олиш керак, бизнинг аҳволимиз олдинги кунлардек эмас.Кеча биринчи марта жигарим оғриқ берди. Чунки илгари сариқ касаллигини бошимдан кечирганман. Саломатлигимиз хавф остида эканлигини биламиз. Лекин шундай бўлса ҳам охиригача чидаб беришга иродамиз етади деб ўйлайман, - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Суҳбат давомида очлик акциясини давом эттираётган журналист ҳар куни уларнинг аҳволидан ҳуқуқ фаоллари хабар олаётганини айтади:

- Ҳар куни эрталаб ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов қўнғироқ қилиб, бизнинг соғлигимизни, хавфсизлигимизни сўрайди. Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамиятининг раиси Васила Иноятова ва Абдураҳмон Ташанов келишди. Васила Иноятова бетоб бўлиши, юриши қийин бўлишига қарамасдан, Абдураҳмон аканинг кўмаги билан ҳол сўрашга келганига мен тан бердим. Улар интернет борасида бепул хизматни таклиф этиб кетишди, - дейди журналист.

Президент Ислом Каримов билан учрашиш учун очлик эълон қилган журналистлардан яна бири Саодат Омонова ошқозонидаги оғриқдан шикоят қилиб, букилиб юраётганини гапирди.

Олти кундан буён очлик давом эттираётган журналистларнинг ҳолидан ҳуқуқ фаоллари билан бир қаторда Ўзбекистондаги мустақил журналистлар ҳам хабар олмоқда.

Ўзбекистон расмийлари эса шу кунга қадар очлик акцияси борасида ҳеч қандай муносабат билдирмади.

Эслатиб ўтамиз, икки журналист 27 июн куни Ўзбекистон президенти девони олдида очлик акциясини ўтказа бошлагач, милиция ходимлари томонидан олиб кетилиб, уч миллион сўм жаримага тортилган эди. Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова ўзларига президент Ислом Каримов билан учрашиш имкони берилмагунича ўз акцияларини тўхтатмасликларини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG