Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:30

Йўлда туғилган Сафарбой


Сафарбой ва онаси Мастурахоннинг аҳволи яхши.
Сафарбой ва онаси Мастурахоннинг аҳволи яхши.

Расмий маълумотларга кўра¸ Тожикистонда чақалоқларнинг тахминан 20 фоизи уй шароитида дунёга келмоқда.


Улар орасида туғруқхонагача етиб бормай, ярим йўлда туғилаётган чақалоқлар ҳам бор. Яқинда Хатлон вилоятидаги Оқмозор қишлоғида шундай ҳол рўй берди. Йўлда туғилгани учун Сафар деб исм берилган чақалоқнинг бошқа.

Эшак аравада туман туғруқхонасига олиб кетилаётган ёш келинчак Мастура йўл ярмида кўзи ёриди. Бу 27 ёшли Мастуранинг биринчи фарзанди.

Йўлда туғилган ўғлига Сафар деб исм қўйишди.

Тожикистон жанубидаги Хатлон вилоятига қарашли Оқмозор қишлоғидан туман туғруқхонасига элтувчи, асфалт кўрмаган йўлда тўлғоқ тутиб қолган аёл ҳеч бир тиббий ёрдамсиз, йўлда учраб қолган бир кампирнинг ёрдамида енгиллашиб олди.
Яқинларининг айтишича, Сафарбой дунёга келаркан арава устига узанган онасини бироз қийнаб қўйган. Лекин бола соғ-саломат туғилган. Онасининг соғлиғи ҳам жойида.

Маҳаллий аҳоли урф-одатларига кўра, ҳозирда Сафар онаси билан она тарафдан бобосининг уйида яшаяпти. Чақалоқнинг чилласи чиққач, у сарупо ва ранг-баранг ясатилган бешиклар билан отасининг уйига қайтади.

Сафарнинг аммаси Гулчеҳра ая қишлоқдошлари ҳозиргача жияниниг шундай ноқулай ва оғир шароитда туғилиб, соғ-саломат қолганидан гапираётганини айтди.

- Қишлоғимизда туғруқхона тугул, бирорта врач йўқ. Кўп ҳолларда Данғара туманидан доя чақиртириб, уй шароитида туғишади аёлларимиз, дейди Гулчеҳра ая.

Оқмозор қишлоғи Данғара туманидан 40 чақирим келади. Ундан ташқари, дея қўшимча қилади Гулчеҳра ая, тумандан доя чақиртиришга шароити йўқ, кам таъминланган оилалар қишлоқдаги доя кампирларга қараб қолади.

Тиббий ёрдамсиз бола туғиб, аксар ҳолларда кўп қон йўқотиш оқибатида аёлнинг нобуд бўлаётгани кўп учрайди, дейди оқмозорлик Гулчеҳра ая.

Оқмозорлик 10 ёшли Муслима уйида туғилган ва ёруғ дунёни кўрган куниёқ она меҳридан маҳрум бўлган тожикистонликлардан бири. У “биргина орзуим шифокор бўлиш ва қишлоқдошларимга хизмат қилишдир” дейди.

- Мактабни тугатиб шифокор бўлмоқчиман, чунки қишлоғимизда бирорта ҳам шифокор йўқ. Қишлоқдошларимга ёрдам берай, туғилаётган болалар мен сингари онасидан ажралиб қолмасин дейман, дейди 10 ёшли қизалоқ.

Муслиманинг бувиси Моҳватан кўп йиллардан бери қишлоқларида ҳеч бўлмаса битта тиббий ёрдам пункти қурилишини орзу қилади.

“Аммо қанча гапирмайлик, барибир қишлоғимизда замонавий тиббий хизмат масаласи муаммолигича қолмоқда”, дейди Моҳватан ая.

Маҳаллий ҳукумат масъуллари эса Оқмозорда тиббий хизмат кўрсатиш маркази қурдириш орзуси қишлоқ аёлларинингина эмас, балки расмийлар учун ҳам орзуга айланганини айтади.

Бироқ расмийлар ҳам, Оқмозор аҳли ҳам бу орзулар яқин йилларда амалга ошишига кўзимиз етмайди, дейди.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилда Хатлон вилоятидаги чақалоқларнинг 20 фоизи уй шароитида туғилган.

Хатлон вилоятининг репродуктив саломатлик марказ раиси Райҳона Мирзоевадаги маълумотларга кўра, бундан беш йил аввал бу кўрсатгича 70 фоизни ташкил қилган.

Мирзоева хоним уй шароитида туғаётган оналар ва туғилаётган чақалоқлар ўлими билан боғлиқ аниқ маълумотлар бера олмаслигини айтди.

Лекин, деди у, уйида туғаётган оналар орасида ўлим хавфи бир неча баравар кўпроқ.

- Уй шароитида туғиш аёлларимиз ҳаёти учун ўта хавфли. Аёл кўп қон йўқотиш оқибатида нобуд бўлиши мумкин мумкин. Чунки бундай вазиятда шошилнч тарзда гинекологик тиббий ёрдам кўрсатиш имкони бўлмайди. Ундан ташқари зўриқиш натижасида бачадон ёрилиб кетиши мумкин, дейди Хатлон вилоятининг репродуктив саломатлик марказ раиси Райҳона Мирзоева.

Тожикистоннинг Хатлон вилояти аксарият аёллар малакали тиббий ёрдамсиз туғаётган ҳудуд саналади.

Масалан жорий йилда Ховалинг туманидаги чақалоқларнинг 70 фоизи, Восеъ туманида 35 ва Балжувон туманида 30 фоизи уй шароитида туғилган.

Бу ҳудудда малакали шифокорларнинг етишмаслиги сабабли туғилган болаларга ҳам, уларнинг оналарига ҳам вақтида тиббий хизмат кўрсатилмаётгани айтилади.

Мамалкатнинг бошқа минтақаларида бу соҳадаги аҳвол Хатлондагидан яхшироқ бўлса-да, бу каби муаммолар бутун мамлакат учун долзарбдир, дейди мутахассислар.

Шу туфайли қаҳрамонимиз, оқмозорлик чақалоқ Сафар ҳам ўнлаб маҳаллий болакайлар сингари олисдаги қишлоғида вақтида тиббий кўрикдан ўтиш имконига эга бўлмаслиги мумкин.
XS
SM
MD
LG