Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:19

Ургутдаги бозорлар янги жойга кўчирилди


Ургутлик савдоргарларнинг аксари эски жойдан кўч-кўронини кўтариб, янги бозорда дўкон қуришга мажбур бўлмоқда.
Ургутлик савдоргарларнинг аксари эски жойдан кўч-кўронини кўтариб, янги бозорда дўкон қуришга мажбур бўлмоқда.
Самарқанд вилоятининг Ургут тумани марказидаги “Янги буюм бозори”, “Ҳалим ака бозори” ва яна 10 та кичик бозор ҳаммаси битта қилиниб, янги жойга кўчирилди. Янги бозорда ҳаммага етарли савдо нуқталари ташкил қилинмаганлиги боис, тадбиркорларнинг ўзлари вақтинчалик савдо расталари қурмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, 23 июнь куни расмийлар милиция махсус кучлари ёрдамида Ургут марказидаги буюм бозоридан тадбиркорларни мажбуран кўчирмоқчи бўлган, натижада икки томон ўртасида жанжал чиққан эди.

28 июнь куни ургутлик тадбиркорлардан бирига қўнғироқ қилганимизда у бозордаги дўконини бузаётгани устида чиқиб қолдик:

- (болға урилиши садоси) Ака, бозор бузиляпти. Эски бозордаги савдогарлар дўконларини бузиб олиб кетишяпти, уйларига олиб кетишяпти,- деди ўзини Искандар деб таништирган савдогар.

Унинг айтишича, бозор бузилиши душанба кунидан бошланган. Савдогарлар якшанба куниидан кўча бошлади, деди Искандар.

23 июнь куни савдогарлар ва омончилар ўртасидаги тўқнашувдан сўнг туман прокурори ва савдогарлар вакиллари ўртасида ўтказилган музокарада тадбиркорлар янги бозорга кўчишга розилик берган эди.

Сешанба куни янги бозордан жой олган, лекин исми сир тутилишини сўраган тадбиркорнинг Озодликка айтишича, туман прокурори ўз ваъдасида турган ва уларга янги бозордан жой берилган:

- Берилди. Ҳаммага жой тарқатилиб, законний қилиб жойларни тарқатиб беришди. Дўконларнинг ҳаммаси битган. Энди шуни одамларга бўлиб бериб кейин расмийлаштириб беради, дейди савдогар.

Унинг айтишича, янги савдо нуқталари учун тадбиркорлардан ҳақ ундирладими, йўқми ҳозирча номаълум.

- Ҳозирча эътирозимиз йўқ. Ҳаммаси яхши,- деди ургутлик тадбиркор.

Бироқ, Озодлик билан суҳбатлашган бошқа бир тадбиркорнинг айтишича, янги бозорда қурилган дўкон ва расталарнинг ҳаммаси аллақачон сотиб бўлинган. Янги кўчиб борган савдогарларнинг аксарига эса жой берилмаган ва улар ўзлари теп-текис майдондан қўлбола савдо расталари қуришга мажбур бўлмоқда.

- Янги кўчиб борганларга ҳозир чўл жой, дашт жойдан жой бераяпти. 100-150 доллардан тўлаб жой олаяпти кўп одам, тупроқдан. Бу ëқларда 16 миллиондан дўконлар сотилган ҳаммаси. Қурилган, эшик-ромлар қилинган дўконлар уже сотилиб бўлган, дейди исми сир қолишини сўраган тадбиркор.

Тадбиркорларга кўра, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиладиган “Рисолат” бозори ҳозирча кўчгани йўқ, бироқ у ерда ҳам савдогарлар бозорнинг бузилиши ҳақида огоҳлантирилган. “Рисолат” бозорида савдо қиладиган Дилором исмли тадбиркор, янги бозордан улар учун ҳали жой ажратилмаганини айтади:

- Бордик. Чекчиларинг келсин дейди. Сомон бозор бузилади, барибир кетасизлар, деяпти. Жой бермаяпти. Бу ерда жуда кўпчиликмиз. Гуруч бозори турибди, кейин картошка-пиëзлар турибди. Ҳаммага жой йўқ. “Рисолат” бозори турибди,- дейди Дилором.

Озодлик савдогарларнинг эътирозларига муносабат олиш мақсадида Ургут тумани ҳокимининг ўринбосари Абдуғаффор Мадаров билан телефон орқали боғланди. Ҳоким ўринбосари машина ҳайдаб кетаётганини айтиб, бироздан сўнг қўнғироқ қилишимизни сўради. Бироқ, бироздан кеийн ҳам, бир соатдан кейин ҳам ҳоким ўринбосари гўшакни кўтармади.
XS
SM
MD
LG