Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:53

Ўзбекистонлик журналистлар очлик акциясини давом эттиряпти


Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова.
Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова.

Президент девони олдида ўтказган очлик акциялари милиция ходимлари томонидан тўхтатилган “Ёшлар” телеканалининг собиқ журналистлари Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова очликни уйда давом эттиришга қарор қилди.


Журналистлар 27 июнь куни Ўзбекистон президенти девони олдига чиқиб очлик эълон қилган ва орадан 2 дақиқа ўтмай уларни фуқаролик кийимидаги милиция олиб кетган эди.

Душанба куни Яккасарой туман фуқаролик ишлари бўйича суди Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоновага маъмурий жазо тайинлади. Улар энг кам иш ҳақининг 60 баравари миқдорида жаримага тортилди.

Бироқ журналистлар очлик акциясини уйда давом эттиришга қарор қилди. Малоҳат Эшонқуловага кўра, улар бу ҳақда яна президентга, шаҳар ва туман ҳокимлигига, хавфсизлик хизматларига ва соғлиқни сақлаш идораларига расмий мактуб йўллаган:

- Демак, биз бир нарсага амин бўлдик. Гарчи контитуциямизда зикр этилган бўлса-да, ҳукумат биносининг олдига бориб, президент қабулига киришни истаб очлик эълон қилиб туриш жиноят экан. Ҳали ҳам фикримиздан қайтганимиз йўқ. Раҳбариятнинг бизга нисбатан бундай қилган номардлиги бизнинг кучимизга куч қўшдики, руҳимизни синдиришга йўл берганимиз йўқ ва барибир мана шу барча ноҳақликларга қарши эълон қилган очлик акциямизни уйда давом эттиришга қарор қилдик. Кеча соат 7-8ларда суддан, ички ишлардан халос бўлиб уйга келдик. Ҳамон очлик акциямизни уйда давом эттирмоқдамиз,- деди Малоҳат Эшонқулова Озодлик билан суҳбатда.

Журналист Саодат Омонова қарийб бир йилдан буён давом этиб келаётган зиддиятлар туфайли ошқозон яраси касаллигини орттирганини айтар экан, ҳақиқатни тиклаш учун соғлиғини ҳам аямаслигини таъкидлайди:

- Бизни душманга, халқ душманига айлантириб қўйишган. Биз ўз номимизни оқлашимиз керак. Ўтган йил 23 августдан бери бундай кучларга қарши чиқишнинг ўзи бўлмайди. Асабдан сиқилиб язва бўлиб қолганман. Очлик ўзимнинг ҳаëтимга қаттиқ хавф солишини билиб туриб ҳам охиригача боришга қарор қилдим. Чунки биз ўз номимизни оқлашимиз керак. Абдуқаҳҳор Исмоилов яна чиққан мақолалари, нималари булар ҳаммаси уюштирилган. Буларнинг барчаси бизни яна қоралашдан иборат. Улар ҳам бизни худди халқ душманидай таъқиб қилишди. Пропискадан чиқариб юборишди. Тошкентдан чиқариб юборгандай бўлишдида. Бадарға қилгандай бўлишди ўз вилоятимизга. Биз очликни давом эттирамиз. Токи бизни президент қабул қилмас экан бу акциямизни тўхтатмаймиз,- деди Саодат Омонова.

Озодлик журналистлар билан гаплашган пайтда, улар соғликлари ёмонлашаётгани ва “тез ёрдам”га қўнғироқ қилмоқчи бўлаётганини айтишди.

Эслатамиз, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг "Ёшлар" телеканалида ишлаб келган журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловалар телевидениедаги қонунбузарликлар, маҳаллийчилик ва цензурага чек қўйилишини талаб қилиб, ўтган йили 6 декабр куни Тошкентнинг марказий майдонида пикет ўтказганидан кейин 9 декабр куни ишдан ҳайдалган эдилар.

Озодлик журналистлар аҳволини кузатишда давом этади.
XS
SM
MD
LG