Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:36

Ўш қирғини: Мажримтолдан бошланган ҳужум


Мажримтол маҳалласи бошидаги бу баррикада БТРлар ҳужумига 3 соатгина бардош берди.
Мажримтол маҳалласи бошидаги бу баррикада БТРлар ҳужумига 3 соатгина бардош берди.

Ўш қирғини кунлари ўзбек маҳалларига қилинган ҳужумларнинг асосий қисми 11-12 июнга тўғри келган эди.


2010 йилнинг 12 июн куни тонги соат 4.00 – ҳарбий кийимдагилар бошқарувидаги БТР Мажримтол маҳалласининг кириш йўлига барикада сифатида қўйилган “КамАз” ва “Зил” юк машиналарига келиб урилди. Юк машиналарини силжита олмаган БТР устидаги ҳарбий кийимдагилар осмонга ўқ отди ва ортга қайтиб кетди.

Эрталабки соат 7.00 – БТР ёрдамида қуролланган бир неча юз кишилик оламон Қирғизистон байроғи остида Мажримтол маҳалласига ҳужум қилди:

Ҳужумдан сўнг.




- Кичкинасидан бошлаб каттасигача милтиқ бор, БТР билан келишди. Укам билан пастга салярка олгани тушган эдик. Салярка олиб келаётсак БТР келиб қолди. Кейин “қочдик – қочдик”, деб югурдик. Мен укамдан 15 метр ўтиб кетибман. Укамни қарасам йиқилиб тушибди. Укамни бурчакка олиб контейнерни олдига беркинаётганда мен ҳам ўқ едим. Ўша бурчакда ярим соат турдик. БТР билан баррикадага қўйилган “ЗИЛ”ни жилдиришди. Икки йигит келиб, мени кўтариб олиб келишди. Укамни олиб келамиз деганда БТР маҳаллага бостириб кириб келди. БТРни ҳарбий кийим кийган одамлар бошқариб юрди, - деб эслайди ўша куни қуролли оламон томонидан укаси отиб ўлдирилган, ўзи ўққа тутилган мажримтолликлардан бири.

Мажримтол маҳалласига қилинган ҳужум 2 соат давом этди. Ўш воқеаларини ўрганган Халқаро комиссия хулосасида “Эрталабки 7.00 - БТР барикадани ёриб Мажиримтол маҳалласига кирди. Уйлар талон-тарож қилинди ва ёқиб юборилди”, деб ёзилади.

Ўша куни Мажримтолда 10 дан ортиқ одам ўлди, 40дан ортиқ уйлар култепага айланди:

- Мен Қирғизистон фуқаросиман. Мен асли лайлакликман. (Лайлак тумани Қирғизистоннинг Боткен вилоятига қарашли – таҳр.) Ўшда жиянларим ўқишар эди, Мажримтолда яшашар эди. Квартирасидан, қулуфлаб ётган жойидан олиб чиқиб, болаларимнинг икки нафарини ўлдириб кетибди. Ота – оналарига биз нима деб жавоб берамиз билмайман. Бутун Лайлак оёққа туриб, мендан жавоб сўраяпти. Нима қилишимизни билмаймиз. Ота – оналарига қочган деяпмиз, нима деймиз. Болани арқонга бойлаб судрабди, арқондан чиқиб кетса лом билан урибди. Қанчаси бўлса ҳаммаси ураверибди, - деган эди 13 июн куни Озодликка мажримтоллик аёл.

Уйи вайрон этилган оқсоқол


Шундан сўнг ҳужумлар шаҳарнинг Шаҳидтепа мавзеига кўчди. Шаҳидтепада ҳам уйларга ўт қўйилди:

- Мен ўзим касалман. Биринчи гуруҳ ногирониман. Мен бундай бўлишини хеч қачон ўйламаганман. Менинг уйим, ҳужжатларим, паспортим, пулларимгача куйиб, қуруқ шу бўйим қолдим. Мен ўзимни зўрға ушлаб юрибман, - дейди шаҳидтепалик аёл.

12 июн тушдан кейин ўзбек маҳаллаларига ҳужумлар Ўшнинг Черемушки мавзеида давом этди. Черемушкига 11-12 июн кунлари қилинган ҳужумлар натижасида ярадор бўлган ўзбеклар Черемушкидаги сил касаллар диспансерига ётқизилди.

- Ёнимиздаги диспансерга тез ёрдам пункити очишган экан, 4 кун, 11-12-13-14 июн кунлари анашу ерда ётганман. 4 кунда Черемушкида ҳеч ким қолмаган. Жон сақлаш учун ҳамма қочган.

Озодлик: Касалхонада ётганингизда у ердаги вазият қандай эди?

Мажримтолга ҳужумдан сўнг топилган автомат ўқи гилзалари.
- Диспансерга атрофдаги маҳаллалардан 50-60 нафар ўзбек қочиб кириб яширинган. Шунда “Бу ерда сартлар бор экан”, деб бостириб киришмоқчи бўлишган. Ўшанда диспансернинг Бош врачи ва бошқа врачлар эшикни олдида туриб ҳеч кимни киритмаган. Кейин дуйшанба куни бўлса керак, врачлар “Кучимиз етмаяпти, шу ердан кетмасанглар бўлмайди”, деб диспансернинг орқа эшигидан бизни чиқариб юборишган. Биз Отхонадаги лагерга қочиб кетганмиз. 3-4 кун диспансернинг врачлари бандитларни киритмай эшик олдида бизни сақлаб ўтиришган, ўшаларга рахмат, - деб эслайди черёмушкалик Хайрулло Жалолов.

Бундан ташқари 2010 йилнинг 12 июн куни Ўшда “Ўзбекистон қуролли кучлари можарога аралашаётгани тўғрисида миш-мишлар тарқалди. Бунинг натижасида Ўшда асосан ўзбеклар истиқомат қилувчи ҳудудлардан келган қирғиз қочқинлари гуруҳи пайдо бўлди.

Ўш вилоят давлат маъмурияти расмийлари ўша куни 150 нафар қирғиз қочқинлари қариндош-уруғи ва хавфсиз ҳудудларга кўчирилганини маълум қилди.

12 июн Ўзбекистон ўзбек қончқинлари учун ўз чегараларини очди.

12 июн кечки соат 22.00дан кейин Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўшдаги тартибсизликларда жами 77 одам ўлгани ва 557 одам касалхонага ётқизилганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG