Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:27

"Ўзбекистонда "самосуд" қилганлар кўпаймоқда"


Андижонлик тингловчи ҳуқуқ-тартибот идораларидан нажот топмаганлар "самосуд"га қўл урмоқда, дея бир воқеани сўзлаб берди.


74 ёшли Боқижон тоға "самосуд"и


Тошкентдан телефон қилган, асли андижонлик собиқ проводник Қодиржон Аҳмедов фуқароларнинг бирор можаро устида ўзбошимчалик билан суд ўтказиб, ўзбошимчалик билан қарор чиқариб, кейин уни ўзи ижро қилиб юборишига оид ҳоллар кўпаймоқда, дея гап очар экан бунга мисол тариқасида қишлоқдошларидан бирининг бошидан ўтган воқеани сўзлаб берди.

- Андижон вилоятининг Андижон туманидаги 74 ёшга кирган Боқижон тоға деган чол ваҳшиëна бир жиноят содир этди. Бир ойча бўлди. Бир 34 ёшларга кирган йигитнинг қорнини ëриб пичоқ билан, ўлдириб, кейин ўзи участка нозирига телефон қилиб, жиноят қилганини айтган. 74 ёшга кирган одам.

Кейинчалик маълум бўлишича, қишлоқ халқи “Тоғада айб йўқ. Тоғани қамаманглар. Бу ëш йигит ўзи шунақа ҳаммани безор қилган. Ичиб олиб жанжал қилган. У эди, бу эди”, деган гаплар бўлаяпти ҳозир. Сабабики, у бола анча одамларни, маҳаллани безор қилган. Ичиб олиб жанжал қилган, тўполон қилган. Участковойлар, маҳалла комитетининг раислари, бошқалар гапини ўтказа олмаган.

Озодлик: Шундан сўнг Боқижон тоға ўзи чора кўрган демак?

- Ҳа, чунки бу боладан маҳаллада бошқалар, бошқа фуқаролар қўрққан. Чорасини ҳеч ким кўра олмаган. Боқижон тоға шартта ўзи чора кўриб ташлаган. "Шу бола жуда жондан тўйдириб юрибди, бир кун бир нарса қилиб қўяманда" деб юрган экан ўзи. Қараса, участковой ҳам индамаяпти у болага, бошқасиям. Шартта ўзи чора кўриб қўя қолган кейин.

Демоқчиманки, Ўзбекистон республикасининг ҳуқуқ органлари, тартибга солувчи органлар бўладику, судлар, прокурорлар, адвокатлар умуман шунақа тизимларда инсонларнинг тақдирига панжа орасидан қараш, уларнинг ҳаëтига бефарқ қараш, биласизми лоқайдлик билан қарашнинг оқибатида одамлар шундай тўлиб кетганидан ўзлари, ҳатто конкрет жиноятлигини билиб турган ҳолида ҳам шартта ўзлари самосуд қилиб, ўзлари ҳукм чиқариб ўзлари чора кўриб ташлаëтганини айтмоқчи эдим, дейди қишлоқдошларидан бирининг бошидан ўтган воқеани сўзлаб берган суҳбатдошимиз Қодиржон Аҳмедов.


"10 ёшли қизимга ОИТС юқдиришди"

Фарғона вилоятидан Озодликка телефон қилган тингловчиларимиздан бири эса шаҳардаги шифохоналардан бирида 10 ёшли қизига ОИТС юқтирилгани ҳақида гапирди.

Тингловчининг сўзларига кўра, шифокорлар ҳозир қизни муоалажа қилишмоқда ва бу оиладан маълумотни ҳеч кимга ошкор қилмасликни сўрашган.

Аммо, 10 ёшли қизига оғир касаллик юққанидан юрак-бағри эзилганини айтган ота бундай ҳолат фақат у билан содир бўлмаганини айтиб, бунга қарши фақатгина муаммони ошкор қилиш ва чора кўриш билан курашишни ният қилганини айтди.

Биз бу оиланинг исми, қизга касаллик юқтирилган шифохона ва бу қизни даволовчи шифокор шахсига оид ҳамма маълумотларга эгамиз.

Аммо, оиланинг илтимосига кўра бу маълумотларни ошкор қилмасликка ва шунингдек, Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бу ҳолатга эътибор қаратишига умид қилиб, оила мурожаатини сизга эшиттиришга қарор қилдик.

- Апрел ойида қизимни ўпка шамоллаши билан болалар касалхонасига ëтқизишди. Ўшанда қонини олиб Тошкентга жўнатишган экан. Тошкентдан хулоса келмасдан туриб, қизим руҳий касалликлар касалхонасига тушиб қолди.

Озодлик: Нима учун?

- Болалар шифохонасидан чиқиб уйга келиши билан кечаси бирданига қон-қон деб ўзининг ақлу ҳушини йўқотиб танаси бу ердаю ақлу-ҳуши фазога учиб кетгандай бўлиб қолди. Шу билан руҳий касалликлар касалхонасида 17 кун ëтди. У ердан уйга келгандан кейин шаҳар эпидемиологиясига Тошкентдан қоннинг таҳлили келган экан. Кейин хотинимни чақириб олишиб “Бировга айтманглар. Оилавий сир қилинглар. Эҳтиëт бўлинглар” деб росса обработка қилишибди.

Озодлик: Тошкентдан келган натижада қизда ОИТС борлиги аниқланган эканми?

- Худди шундай. Иммунитети пасайиб кетибди. Синдромда бу. ОИТСга қарши кураш марказидан эпидемиологу назоратчи врачлар текширишиб, қизимга ҳақиқатан юққанини билишиб ҳозир текширишни бошлади.

Озодлик: Сизнинг қўлингизда бирорта қоғоз борми? Ҳақиқатан қизингизга ОИТС юққани ҳақида докторларнинг бирорта хулосаси борми?

- Жон синглим Барно, қизимнинг книжкаси тўлиб ëтибди бу ёзув билан. Врач назоратида. Кеча эпидемиологларнинг олдига бордим. Қизимнинг книжкасини олиб бордим. Қаерда ëтиб, қаерда операция бўлган, қаерда плазма қуйишган ëзиб олишди йигитлар. “Текширишни бошлаймиз тоға. Лекин сиз бировга айтманг”дейди. Эпидемиологиядагилар ҳам шуни айтяптики, “Бировга айтманг. Сизнинг оилангизниг шаънига ёмон бўлади”. Менинг оиламнинг шаънини ҳимоя қилиш керакмиш. Улар мундир шаънини ҳимоя қилаяпти. Аммо, бу менинг болам. Мен бутун дунëга ошкор қиламан буни.

Озодлик: Қайси ҳолатда қизингизга СПИД юқтирилган бўлиши мумкин деб ўйлаяпсиз? Қайси ерда ва қайси ҳолатда?

- Фақат плазма, қон қуйганда. Шунда юқтиришган бўлиши мумкин. Қизим шаҳар касалхонасида операция бўлганда унга қон қуйилган эди, дейди 10 ёшли қизига оғир касаллик юққанидан юрак бағри эзилаëтган ота.


"Коллежни битирган ўқитувчи мактабда ишга олинмаяпти"

“Эркин микрофон” эшиттиришига Хоразм вилояти, Гурлан туманидан телефон қилган ва исмини сир тутишимизни сўраган тингловчи бу йил тумандаги коллежни якунлаган ўғлига иш йўқлигини айтди.

Тингловчига кўра, ўғлига умумий ўрта мактабининг бошланғич синфига жисмоний тарбиядан дарс берувчи ўқитувчи, деган касбни эгаллагани ҳақида ҳужжат берилади. Аммо, бу дипломни қўлига олиши учун битирувчи бирор мактабга ишга жойлашиши керак.

Мактаблар эса коллежни битирган битирувчилар ишга олинмаслигини айтмоқда, дейди гурланлик тингловчи.

- Ўғлим ўқишни битиряпти. Мактабга ишга кириб, бу ҳақдаги қоғозга қўл қўйдириб келсанг, кейин давлат имтиҳонига кирасан деб, унинг қўлига қоғоз беришибди.

Лекин мактаблар “Ўрта махсуслар, коллежларнинг болаларини ишга қабул қилмаймиз. Бизларда қарор бор” дейди. Лекин Вазирлар Маҳкамасининг қарори бор “коллежнинг битирувчиларининг ҳаммаси иш билан таъминлансин” деган. Кимга ишонишни билмай қолдикда.

Озодлик: Демак, мактаблар коллежни битирган ўқитувчини ишга олмаймиз деяпти-а?

- Ҳа. Хуллас вилоят ҳокимлигидан чиққан қарор бормиш, ўрта махсусларни ўқитувчи қилиб ишга олманг деб. Шундай қарор бор деяпти.

Озодлик: Лекин коллеж бераëтган дипломда “жисмоний тарбиядан дарс бериши мумкин” деб ëзилган.

- Ҳа. Ўқишга киритганимизда ҳам шунақа деб киритганмиз ўзи. Касб-ҳунар коллежининг ëнидаман. Шу ерда ўқитувчилар ҳам болаларни ишга киритиб юрибди. Билмадим энди улар қандай қиляпти. Лекин улар бошқа касб-ҳунарлар бўйича. Ўқитувчиларни лекин қабул қилмай турибди, дейди гурланлик суҳбатдошимиз.


"Юсуф Жума озод этилганидан жуда хурсандмиз"

Озодликнинг “Эркин микрофон”ига Бухородан боғланган ва ўзини қурувчи Алишер, деб таништирган тингловчи эса диссидент шоир Юсуф Жуманинг озодликка чиққанини олқишлаб, ўз фикрларини билдиришни истади.

- Мен Бухороданман. Исмим Алишер. Сизларнинг бериб бораëтган ҳамма эшиттиришларингизни тинглаб бораман. Мана бу ерда ишлаëтган анча йигитларимизнинг дардидаги ўша гапларнинг ҳаммасини биз ана шу ерда дардкашимиз деб биламиз мана шу Озодлик радиосини. Озодлик радиоси ижодкорларининг ҳаммасига ижодий муваффақиятлар тилаймиз.

Юсуф Жумани биз жуда ҳурмат қиламиз. Ҳозир бўлиб ўтган бу воқеаларга, тўғрироғи Ўзбекистон тўғрисида бир қанча фикрларим бор. Юсуф Жумани биз тўғрисини айтсак ҳурмат қиламиз. Анча бошларига нималар тушиб ўтди. Ҳамдардмиз у кишининг дардларига. Булар бизнинг халқимизнинг орзу қилган инсонлари. Халқимизнинг доимо дардини айтиб келган инсонлар. Буларга нисбатан ўтказилган барча нарсалардан хабаримиз бор. Билмаганларимизни Озодлик радиосидан билиб олдик.

Энди у кишига сабр-чидам, бу ëқдаги ишларига янада ривож тилаймиз. Шундай инсонлар кўпайиб бораверсин. Ўйлаймизки, яқинда ҳаммаси яхши бўлади. Буларнинг олиб бораëтган ишларидан биз мамнунмиз. Табриклаб қўяман Юсуф Жума устозни, ажойиб шоиримизни. Бизнинг доимо севимли шоиримиз бўлган инсонни. Табриклаб қўйинг. Оиласи, фарзандларининг бошига доимо соғ бўлсин. Халқ у кишидан жуда яхши ижодларни кутиб қолади, дейди ўзини Алишер деб таништирган бухоролик суҳбатдошимиз.

**************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG