Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:49

Қирғиз дипломатлари Ўзбекистонга нота жўнатди


Ўзбекистондан бадарға қилинган қирғизистонлик аёлларнинг айримлари фарзандларини ҳам олиб келганлар.
Ўзбекистондан бадарға қилинган қирғизистонлик аёлларнинг айримлари фарзандларини ҳам олиб келганлар.

Бунга сўнгги 10 йил давомида ўзбекистонликларга турмушга чиққан 30 чоғли аёлнинг Қирғизистонга депортация қилиниши сабаб бўлди.

Қирғизистоннинг Олабуқа туманида истиқомат қилувчи Турсун Чўюнованинг синглиси Назели Асранқулова 2002 йили отаси вафотидан кейин асли ўзбекистонлик бўлган онаси билан Ўзбекистонга кетади.

- Онамиз ўзбек эди. У ерда онамиз вафот этганидан кейин турмушга чиққан, бироқ куёви билан ЗАГСдан ўтолмаган экан. Бироқ ўша ерда куёви билан 9-10 йил яшабди. Икки қизи бор экан. Куёви яқинда вафот этибди. Синглим шундай яшаб юрган экан, яқинда ҳокимиятдан паспорт текшириб келишибди. Текширишса, синглимнинг паспорти йўқ, ЗАГСи ҳам йўқ бўлгани учун икки қизини олиб қолишиб, ўзини “паспортингизни қилдириб келинг” деб, бу ерга ўтказиб юборишибди, - дер экан Турсун Чўюнова синглиси Ўзбекистоннинг қайси қишлоғида яшаганини билмаслигини айтади.

Ўзбекистондан депортация қилинган Назели Асранқулова уйида бўлмагани сабабли унинг ўзи билан суҳбатлашишнинг имкони бўлмади.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги консуллик хизмати департаменти масъули Алмаз Иманғазиевнинг Озодликка маълум қилишича, Ўзбекистон шу йил баҳорида асли қирғизистонлик бўлган, бироқ сўнгги 10 йил давомида ўзбекистонлик йигитларга турмушга чиқиб, бола-чақали бўлиб кетган 30 га яқин аёлни Қирғизистонга депортация қилган:

- Биздаги маълумотларга кўра, шу йилнинг март-апрел ойларида 30 га қирғизистонлик аёлларимиз депортация қилинган. Уларнинг депортация қилинишига Ўзбекистон Республикасида ҳудудида ноқонуний юргани сабаб бўлган. Айни пайтда биз бу аёлларни Ўзбекистон ҳудудига қайтариш ва уларнинг Ўзбекистонда яшашини қонунийлаштиришда имкон қадар ёрдам беришини сўраб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига расмий нота юбордик.

Аёлларнинг ўзлари айни пайтда Қирғизистон жанубида яшамоқда. Уларнинг эрлари эса Ўзбекистонда қолган. Улар бизнинг мамлакат жанубидаги ҳокимиятлар, жумладан, Олабуқа туман давлат маъмурияти ҳамда бизнинг жанубдаги ваколатхонамиз орқали бир-бирлари билан алоқа қилиб туришибди. Айни пайтда биз юборган нотамизга Ўзбекистон томонидан жавоб кутаяпмиз. Ҳозирда аёллар Олабуқа туманидаги ўз яқинлари ва қариндошларининг уйида истиқомат қилишаяпти, - деди Алмаз Имангазиев.

Аснода Турсун Чўюнова синглиси Назели Асранқулова Қирғизистонга келганидан бери ўз фарзандлари билан учраша олмаётганини, бунга икки давлат ўртасидаги чегараларнинг ёпиқлиги сабаб бўлаётганини айтди:

- Бизда Ўзбекистон билан боғланишнинг иложи йўқ. синглим қизлари билан гаплашгани йўқ. Икки қизи ўша ёқда - амакиларининг қўлида қолди. Ҳозир чегаралардан ўтишнинг иложиси йўқ. Синглимнинг қизларини олиб келсак бўлармикин, деб бошимиз қотган, - деди Турсун Чўюнова.

Унинг айтишича, синглиси Ўзбекистонга кетганидан сўнг ҳеч қандай ҳужжатсиз турмушга чиқиб кетган. Куёви вафотидан сўнг унинг ҳужжати бўлмагани сабабли уйи ва бошқа мол-мулки икки қизининг номига расмийлаштирилган.

Назели Асранқулова Қирғизистонга депортация қилинганидан сўнг яқинлари унга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олиб беришган, бироқ унинг паспорт олишида муаммолар юзага келган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Алмаз Иманғазиев Ўзбекистонга турмушга чиққан аёллар ўз вақтида фуқаролик масаласида Ўзбекистоннинг тегишли идораларига мурожаат қилганларини айтади:

- Аёллар берган маълумотга асосан, улар фуқаролик олиш учун ҳужжатларини 2002-2004 йиллардаёқ топширишган. Бироқ номаълум сабабларга кўра, уларнинг ҳужжатлари кўриб чиқилмаган, - деди Алмаз Имангазиев.

Унга кўра, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги бу аёлларнинг ўз оиласи билан бирлаштириш учун барча чораларни кўрмоқда:

- Биз Ўзбекистон томонидан бу масалада жўяли бир жавоб олишга умид қиламиз. Иккинчидан, биз Ўзбекистон томонидан бу оилаларни бирлаштириш масаласини кўриб чиқишини сўраймиз. Жуда бўлмаганда, уларни Қирғизистон ҳудудига жойлаштириш масаласида бизда муаммо бўлмайди, деб ўйлайман, - деди Алмаз Иманғазиев.
XS
SM
MD
LG