Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:36

“Атамбаевнинг ўзбеклар билан учрашганидан бехабармиз”


Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев ўтган йилги талотумда жабр кўрган жанубликларга ёрдам босқичма-босқич берилишини айтди.
Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев ўтган йилги талотумда жабр кўрган жанубликларга ёрдам босқичма-босқич берилишини айтди.

Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев жанубга сафари доирасида 2010 йилнинг июн воқеаларида жабр кўрган жалолободликлар билан учрашди.

Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев 6 июн куни Жалолобод ва Ўш шаҳрига қилган иш сафарининг илк кунларида Жалолободда 2010 йилнинг июн воқеаларида ўз яқинларини йўқотган ва жабрланган одамлар билан учрашди.

Бош вазир билан учрашувга келган жалолободликлар Атамбаевга июн воқеалари юзасидан ўтказилаётган суд маҳкамаларининг адолатли ўтмаётганидан, ўтган йилги воқеаларда вафот этган ва жабрланганлар оилаларига ҳукумат томонидан етарли даражада ёрдам кўрсатилмаётганидан нолидилар.

Жумладан, ўтган йилги қирғинда милиционер ўғли ўлдирилган бозорқўрғонлик Карамат Сулайманова июн воқеаларини ўрганган парламент комиссияси хулосасига қўшилмаслигини айтар экан, ўғлининг ўлими юзасидан суд хулосаси бир неча ойдан бери чиқарилмаётганидан норозилик билдирди:

- 26 январдан шу кунгача суд ҳукми чиқмади. Менинг тўрт етимим ҳуқуқини ким ҳимоя қилади? Ўша қамалганлардан бири Азимжон Асқаров деган ҳуқуқ ҳимоячиси экан, унинг ҳуқуқини жуда қаттиқ ҳимоя қилишаяпти. Уни озод қилишга ҳаракат қилишаяпти. Нега озод қилади? Нега судлар ҳақиқатни айта олмайди? Боламни 27 ерига пичоқ уриб, кўзларини ўйиб олиб, кейин ёқиб, сувга ташлаб юборишган. Биз ўзбек-қирғизни уриштириб қўйган етакчилардан беш нафари қочиб юрибди. Бештасидан икковини қўйиб юборишибди, - деди Каромат Сулаймонова.

Қирғизистон Бош вазири Алмаз Атамбаев 6 июн куни ўтган йилги воқеаларда жабрланганлар учун қурилган 60 квартирали кўп қаватли уйнинг топширилиш маросимида иштирок этди.

Тадбирда Бош вазир халқнинг муаммоларини бир кунда ҳал қилиш имкони йўқлигини айтар экан, ҳукумат томонидан жабрланганларга тегишли ёрдам секин-аста кўрсатилишини айтди:

- Ҳукумат кучли бўлиши учун халқ ишончига эришиши керак. Агарда халқ ҳукуматни сайлов йўли билан алмаштиришга ўрганса, ўшанда ҳукумат Европа давлатларидагидай ишлайди. 20 йилдан буён Ўш ва Жалолободда бундай қурилишлар энди бўлаяпти. Албатта “барча масалаларни бир кунда ҳал қилиб бераман” деб мен ҳеч қачон айтмайман, алдамайман. Жабрланганлар бўйича қарор чиқарганмиз, “50 минг, 100 мингдан берамиз” деб. Июн воқеаларида жабрланганларга май ойида жабр кўрганларни ҳам қўшиш керак. Бундан буёғига мамлакат ўз фуқаролари тўғрисида қайғуриши керак, - деди Алмаз Атамбаев.

Айни пайтда жалолободлик айрим ўзбеклар Қирғизистон Бош вазири Жалолободга қилган сафари доирасида маҳаллий ўзбеклар билан учрашмаганини айтишмоқда.

Биз бир неча жалолободлик ўзбеклар билан боғланганимизда улар Бош вазир ўз сафари доирасида хатто махаллий аҳоли билан учрашгани борасида ҳабардор эмасликларини айтишди.

- Мени Алмаз Атамбаев билан учрашувда ўзбеклар қатнашгани ёки қатнашмаганидан ҳабарим йўқ. Бизда “Атамбаев одамлар билан учрашар экан” деган хабар бўлмаган. .

Озодлик: Жалолободлик бирон-бир ўзбек Бош вазир билан учрашувда қатнашибдими?

- Мен ўз таниш-билишларимдан: “Ҳамма ёқда милиция ходимлари - нима бўлди, тинчликми?” деб сўрасам, “Атамбаев ўзининг ишлари билан келяпти экан” дейишди. Биз ҳам Атамбаевнинг одамлар билан учрашганидан хабаримиз йўқ, дейишди.

Озодлик: Кеча Жалолободда одамларга кўп қаватли уйнинг топширилиши бўлганди. Ўша уйлар ўзбекларга ҳам берилдими?

- Уй берилгани тўғрисида биринчи маротаба сиздан эштиб турибман, - деди исмини ошкор қилишимизни истамаган жалолободлик ўзбек фаолларидан бири.

Қўшимча қилиб ўтамиз, Алмазбек Атамбаев Жалолободга қилган сафарининг иккинчи кунида Жалолобод вилояти Сузоқ туманига қарашли Октябр қишлоғи ҳудудий касалхонасининг шароити билан танишди. Шундан сўнг у Ўшга кетди.
XS
SM
MD
LG