Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:19

ТАПОиЧда сўнгги самолёт қурилмоқда


Бир пайтлар Ўзбекистон фаҳри бўлган ТАПОиЧ мустақиллик йилларида манти қосқон, болалар велосипеди ва бошқа майда-чуйда жихозларни ишлаб чиқарди.
Бир пайтлар Ўзбекистон фаҳри бўлган ТАПОиЧ мустақиллик йилларида манти қосқон, болалар велосипеди ва бошқа майда-чуйда жихозларни ишлаб чиқарди.

Яқин кунларда Ўзбекистондан Россияга Тошкент авиация заводида ишлаб чиқарилган сўнгги Ил-76 самолёти етиб келади. Бу ҳақда журналистлар олдида қилган чиқишида Россия Бош вазири муовини Сергей Иванов маълум қилди. Бу билан Россиянинг Бирлашган авиасизлик корпорацияси (ОАК) Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси (ТАПОиЧ) билан ҳамкорликни якунлайди, дея қўшимча қилди у. Россиянинг Бирлашган авиасозлик корпорацияси (ОАК) Тошкент авиация корхонасига бошқа буюртма бермаслигини ва ҳамкорлик тугатилганини маълум қилди.


Россия Бош вазири муовини Сергей Иванов Тошкентда Иордания буюртмаси билан қурилган сўнгги ИЛ-76 транспорт самолётини яқин кунларда Россияга етказилгач, Ўзбекистон билан авиасозлик соҳасидаги ҳамкорлик расман тугатилади, деди.

2000 йиллар бошидан бери Тошкент авиация заводини Россиянинг Бирлашган авиасозлик корпорациясига қўшиш ғояси амалга ошмади, деди Озодликка Россия корпорациясининг расмийси Константин Лантратов.

- Бошидан Тошкент авиация заводини Россиянинг Бирлашган авиасозлик корпорациясига бириктирилишиши режалаштирган эди. Тошкентни бу таклиф қониқтирмади негадир. Ҳозирда айнан шундай самолётларни Ульяновскдаги “Авиастар” заводида ишлаб чиқаришга тайёргарлик кўрилмоқда. Тўғриси, ўзбекистонликлар билан корхона устидан назорат қилиш масаласида келишмовчиликлар юзага келди. Тошкент ОАКка заводнинг 50 фоиз акциясини топширишга розилик билдирган, Россия томони эса 50 фоиз ва яна битта акцияни сўраган,- деди Бирлашган авиасозлик корпорацияси расмий вакили Константин Лантратов.

Россия самолётлар ишлаб чиқаришини тўлиқ ўз ҳудудига кўчираётганини қўшимча қилди у. Лантраповга кўра, ҳамкорликнинг тугатилишига Тошкент авиазаводи йирик экспорт буюртмаларини ўз вақтида бажара олмаётгани ҳам сабаб бўлган.

ТАПОиЧ ва ОАК ўртасидаги келишмовчиликлар “Рособоронэкспорт”га Хитой Ҳарбий ҳаво кучлари буюртмасига кўра, 34 дона Ил-76МД ва 4 дона Ил-78 ёқилғи қуйиш самолётларини ўз вақтида етказиб бера олмаган даврдан бошланган. Тошкент авиасозлари ҳатто Иордания қиролининг шахсий буюртмаси бўлган сўнгги иккита Ил-76МФ ҳарбий транспорт самолётларини ясаб беришни ҳам 4 йилга кечиктирди, дейди Россия авиация корпорациясининг вакили.

Тошкент авиация заводи билан боғлиқ вазиятни изоҳлаб беришни сўраб завод маъмуриятига қилган мурожаатимиз самара бермади. Тошкент авиазаводининг расмий вакили Владимир Ерофеев Россиянинг корхона билан расман муносабатларини узганлигидан бехабар эканини таъкидлади.

- Мен бу хабарни кўрганим йўқ, шу боис уни шарҳлаб ҳам бера олмайман,- дея гапни қиска қилди Тошкентдаги Чкалов номидаги авиация заводи расмий вакили.

Айни пайтда ТАПОиЧнинг эндиликда собиқ ҳамкори ҳисобланмиш Бирлашган авиасозлик корпорацияси режаларига кўра, келаси йилда Уляновскдаги заводдан Ил-476 самолётларнинг биринчиси чиқарилади. Россия Мудофаа вазирлиги буюртмасига биноан 2011-2020 йилларда бу заводда 50 ка яқин шу русумдаги самолётларни ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Москвадаги Стратегиялар ва технологиялар анализи маркази (АСТ) директори Руслан Пухов Озодлик билан суҳбатда Тошкент авиазаводи билан шартнома ўзилганини Россия учун ижобий натижа беришини гапирди.

- Гап шундаки, Россиядан ташқарида жойлашган собиқ Совет Иттифоқи авиасаноати қолдиқларининг секин-аста йўқ бўлиб кетиши муқаррардир. ТАПОиЧ билан боғлиқ вазият бунга яққол мисол бўла олади. Менимча, кейинги навбатда Украина авиасозлиги турибди. Россия манфаатлари нуқтаи назаридан Тошкент авиазаводини корпорацияга қўшилмагани жуда тўғри қарор, чунки ўзимизда саноқсиз саноат майдончалари мавжуд, минглаб одамлар ҳамда Уляновск, Қозон, Воронеждаги юзлаб корхоналар иш билан таъминланади. Тошкент авиазаводи эса биз учун ортиқча бош оғриғи,- дейди эксперт Руслан Пухов.

Стратегиялар ва технологиялар анализи маркази директори Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги авиасозлик алоқаларининг ўзилиши ортида иқтисодий манфаатлар ўртасидаги зиддиятлардан ташқари сиёсий сабаблар ҳам ётганини қўшимча қилади.

- Иқтисодий масалаларни бартараф этиш мумкин эди, лекин бунинг барчаси Каримов билан бўлаётган сиёсий муносабатларга бориб тақалаверди: бир қарасангиз, Каримов Россиянинг дўсти, бир қарасангиз, у Россиянинг душмани, яна бир қарасангиз у америкаликлар билан бирга, бошқа вазиятда у умуман америкаликлар ва русларга қарши... Бунинг барчаси Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий муносабатларга жиддий таъсир ўтказмоқда, албатта. Эндиликда менимча, Ўзбекистон Тбилиси авиазаводи каби автомобиллар ёки бошқа техника ишлаб чиқаришга мослашади. Менимча, иқтисодий қудрати ҳаминқадар бўлган Ўзбекистоннинг ўзи йирик маблағ талаб қиладиган авиасозлик соҳасини йўлга қўя олиши шубҳа туғдиради,- дея хулоса қилади Москвадаги Стратегиялар ва технологиялар анализи маркази (АСТ) директори Руслан Пухов.

2010 йилнинг 30 сентябрида Ўзбекистон ҳукумати ўзи 76,6 фоиз акциясига эгалик қиладиган Чкалов номли Тошкент авиация бирлашмасини банкрот, деб эълон қилган эди. Бугунги кунда собиқ Совет республикаларида Россиядан ташқари авиасозлик корхоналари фақатгина Украинада қолган.
XS
SM
MD
LG