Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:53

Ўшда паспорт режими жорий этилди


Ўшда 2010 йилги июн воқеаларининг бир йиллиги муносабати билан хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда.

Ўш воқеаларининг бир йиллиги арафасида шаҳарда турли миш-мишлар кўпаймоқда. Бунинг натижасида аҳоли орасида турли хавотирлар пайдо бўлмоқда.

- Ҳозирда Ўш шаҳри ҳудудида ижтимоий ва сиёсий вазият тинч. Бўлиб ўтган июн воқеаларидан кейин хеч ким урушни, қон кўришни истамайди, ҳамма тинчликда яшагиси келади. Айни пайтда шаҳарда тарқалаётган турли миш-мишлар халқни хавотирга солиб, тинчсизлантираётгани рост. Масалан, “Шоқоллар даври” деган китобнинг чиқиши, видеонинг тарқатилиши, бундан ташқари турли жойларда бомба бор экан деган миш-мишлар халқни хавотирга солмоқда, - деди Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқов.

Унга кўра, 27 май куни ҳам номаълум шахс Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармасига телефон қилиб, Ўшдаги “Олой” меҳмонхонаси олдида портлаш содир этилиши тўғрисида огоҳлантирган. Аммо текширув натижасида бу хабар ёлғон экани аниқланган.

Расмий маълумотларга кўра, Ўш воқеаларининг бир йиллиги яқинлашаётгани боис шаҳарда 6 комендантлик пости ташкил этилди. Бишкекда Республика Ички ишлар бошқармасининг оператив штаби ишлаяпти, жойларда ҳам куч тизими штаблари тузилган. Бундан ташқари Марказий аппаратдан жанубий ҳудудларга тахминан 300 нафар милиция ходими жўнатилган. Йўл патрул хизмати ходимлари сони 500 кишигача кўпайтирилган.

27 май куни Ўшдаги куч тизими ходимлари оммавий тартибсизликлар бошланиб кетган тақдирда ўзларининг тайёргарлигини текшириш мақсадида Ўшда махсус ўқув машғулотларини ўтказди:

- Бугун Ўш шаҳар ҳудудида махсус ўқув машғулотлари ўтказилди. Ўш шаҳри ҳудудида жойлашган барча куч тизимлари, испекторлик идораларининг оммавий тартибсизликлар пайтида, можаро пайтида қай даражада ишлай олиши ва қандай камчиликлар бўлиши мумкинлигини аниқлаш ўқув машғулотининг асосий мақсадидир, - деди Замир Сидиқов.

Бундан ташқари Ўшда шубҳали шахсларни аниқлаш мақсадида паспорт режими киритилди.

- Паспорт режимида текширувлар жой-жойларда, қишлоқ бўлса қишлоқ ҳукумати вакиллари, шаҳарда эса маҳалла қўмиталари иштирокида ўтказилади. Бу бошқа ердар келган, шубҳали одамларни билиш, аниқлаш, профилактик ишларни олиб бориш мақсадида қилинаяпти, - деди, Қирғизистон Ички ишлар вазирининг жанубий ҳудудлар бўйича ўринбосари Курсан Асанов.

Унинг маълум қилишича, ҳозирда халқ орасида “2010 йил июн воқеаларида ўз яқинларидан ажраган 200 одам Қирғизистон ташқарисига кетган ва жанговор тайёргарликдан ўтган. Улар гўёки қайтади ва жанубда 2010 йилги воқеалар такрорланади”, қабилидаги миш-мишлар тарқалишда давом этмоқда.

Айни пайтда Ўшда хавфсизлик чораларининг кучайтирилаётганидан аҳолининг барча қатлами хавотирда деб ҳам бўлмайди.

Ўш шаҳар ўзбек миллий - маданий маркази раҳбари Рашид Хўжаев Ўш воқеалари бир йиллиги яқинлашиши билан шаҳар аҳолиси орасида турли маданий тадбирларнинг ўтказилиши ҳам кўпаяётганини айтди:

- Бугунги кунда халқ орасида июн воқеаларининг бир йиллиги борасида гап сўз йўқ. Ҳамма ўзининг тирикчилиги билан овора. Ҳозир дўстлик фестиваллари ўтказилаяпти. Ҳамма ерда ўзимиз “маҳаллага ёт машина, бегона одамлар келиб қолса, хабар беринглар”, деб аҳолини огоҳлантираяпмиз.

Озодлик: Ўшда одамларни ноқонуний қўлга олиш ҳолатлари ҳали ҳам кузатиляптими?

- Бундай ишлар... бўлиб турибди, - деди Рашид Хўжаев.

Ўрни келганда айтиш жоизки, «24.kg» интернет нашрининг Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Марат Орозбаевга таяниб маълум қилишича, Ўш шаҳар милицияси 2010 йил июн ойидан бошлаб, оммавий тартибсизликларда гумонланган 122 одамни қўлга олган. Улардан 27 нафари қирғиз, 94 нафари ўзбек ва бир нафари уйғур миллатига мансуб шахслардир. Қўлга олинган 122 шасхнинг 116 нафари эркак, 6 нафари аёл киши.

Бугунги кунда июн воқеаси бўйича 3 мингдан ортиқ жиноий иш қўзғатилган. Бу жиноят ишларидан 1,9 фоизи яъни 167таси фош қилинган.
XS
SM
MD
LG