Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:46

Ўзбек лидерлари суди яна қолдирилди


Айни пайтда Қирғизистон хорижида бўлган Қодиржон Ботиров ва бошқа ўзбек лидерлари устидан маҳкама сиртдан ўтказилмоқда.
Айни пайтда Қирғизистон хорижида бўлган Қодиржон Ботиров ва бошқа ўзбек лидерлари устидан маҳкама сиртдан ўтказилмоқда.

Бунга Қодиржон Ботиров адвокати Сўпубековнинг судя Атақуловга ишончсизлик билдиргани сабаб бўлди.

Қирғизистонлик ўзбек лидерлари Қодиржон Ботиров, Иномжон Абдурасулов, Абдураҳмон Абдуллаев, Муҳаммадрасул Абақжонов, ЎшТВ раҳбари Халилжон Худойбердиев ва МезонТВ раҳбари Жавлон Мирзахўжаевларнинг жиноят иши 19 май куни Жалолобод шаҳар судида кўриб чиқилди:

- Маҳкамада адвокат қатнашиши қонунда шарт қилиб белгилаб қўйилган. Бугун маҳкама бўлди. Мен судяга ишончсизлик билдирдим. Судя менинг илтимосномамни қаноатлантирди. Энди маҳкамага бошқа судя тайинланади ва бошқа судя кўриб чиқади, - деди судланувчилар Қодиржон Ботиров, Жавлон Мирзахўжаев ва Халилжон Худойбердиевга давлат томонидан берилган адвокат Шадибек Сўпубеков.

Маълум бўлишича, адвокат Сўпубеков Жалолобод суди судяси Сулайман Атақуловга унинг айни пайтда Қирғизистон ташқарисида бўлган Қодиржон Ботировни ҳибсга олиш бўйича санкция бергани, бу ишнинг эса процессуал меъёрга зид экани учун ишончсизлик билдирган.

“Жиноят ишида келтирилган далилларда судланувчиларнинг айби исботланганми?” деган саволимизга адвокат :“Бу саволларга кейинги маҳкамалардан сўнг жавоб бераман”, деди.

Маълумотларга кўра, 19 май кунги маҳкамада 60 нафар жабрланувчидан тўрт нафари, 300 нафар гувоҳдан икки нафари ҳамда тўрт адвокат иштирок этди.

Мазкур маҳкамани Жалолободда фаолият кўрсатувчи “Справедливость” инсон ҳуқуқлари муҳофаза қилиш ташкилоти вакили Маҳмуджон Абдужабборов ҳам кузатган:

- Жиноят ишининг кўриб чиқилиши узоғи билан икки ой ичида бошланиши керак. Энди жиноят ишини қайси судя ва қачон кўриб чиқилиши, йўқ деганда, 15-20 кунда билинади, - деди Маҳмуджон Абдужабборов.

Жалолободда сиртдан судланаётган Қодиржон Ботиров, Иномжон Абдурасулов, Абдураҳмон Абдуллаев, Муҳаммадрасул Абақжонов, Халилжон Худойбердиев ва Жавлон Мирзахўжаевлар Қирғизистон Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича айбланмоқдалар.

Жумладан, Қирғизистонлик ўзбек лидерларидан бири Қодиржон Ботиров, Фарғона.ру ахборот агентлигининг Жалолобод прокуратурасидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилишича, мамлакат Жиноят кодексининг 168-моддасининг 2-қисми 1 ва 2-банди, 3-қисми 2-банди, 4-қисми 2 ва 3-банди (Босқинчилик), 174-моддаси 2-қисмининг 1, 2 ва 3-банди (Мулкни қасддан йўқ қилиш ёки унга шикаст етказиш) ва 141-моддаси 2-қисмининг 3-банди (Ўқотар қурол, ўқ-дори, портловчи моддалар ва портлаш мосламаларини ноқонуний равишда сотиб олиш, бировга бериш, сотиш, сақлаш, ташиш ёки кўтариб юриш) кабиларда айбланмоқда.

- Қодиржон Ботиров 20 майдан кейин Қирғизистондан чиқиб кетган. Бироқ у 20 майгача миллий низо қўзғашга ҳаракат қилган. Тейит қишлоғида Бакиевларнинг уйига ўт қўйишга даъват этган. У митингларда миллатлараро низо чиқишига сабаб бўлувчи бир қатор сўзларни гапирган. Бу ҳақда бизда экспертиза хулосаси бор, - деган эди жорий ой бошида Озодликнинг қирғиз хизматига интервю берган Қирғизистон бош прокурор ўринбосари Рисқул Бақтибаев.

Бироқ Қодиржон Ботировнинг ўзи бу айбловларнинг барчасини рад этиб келади.

Айни пайтда Ўш қирғинини ўрганган Қирғизистон миллий комиссияси ва Халқаро комиссия ҳам Қодиржон Ботиров ўзбеклар учун мухторият (автономия) талаб қилмаган ва айирмачиликни тарғиб қилмаган, дея хулоса чиқарганди.

Эслатиб ўтамиз, қирғизистонлик ўзбек лидерлари иши юзасидан ўтказилган маҳкамалар судга адвокатлар ва жабрланувчиларининг келмагани боис аввал уч марта қолдирилганди.
XS
SM
MD
LG