Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:42

Ўш мэрини “тўнаш” сўзи чўчитдими?


Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов июн воқеалари бўйича расмий ҳужжатларда талончиликка оид иборалар қўлланишига қарши эканини айтади.
Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов июн воқеалари бўйича расмий ҳужжатларда талончиликка оид иборалар қўлланишига қарши эканини айтади.

Июн воқеаларида жабр кўрган тадбиркорларга ёрдам бўйича ҳукумат низомидан “ўт қўйиш”, “тўнаш” ва “талон-тарож қилиш” каби ибораларни олиб ташлаш керак.


Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов ана шундай фикрда.

Бу мулоҳазани Мирзақматов ўтган йилнинг июн ойида Қирғизистон жанубида содир бўлган қонли воқеалар чоғида жабр кўрган тадбиркорларга моддий ёрдам кўрсатиш масаласи муҳокама қилинмиш ҳукумат мажлисида билдирди.

- Бу ерда Ички ишлар вазири ҳам ўтирибди. Ўт қўйиш моддаси бўйича ҳеч ким қўлга олинмади. Ўш шаҳри ёки Ўш вилоятида июн воқеасидан кейин биронта ҳам рейдерлик ҳолати бўлгани йўқ. Шу сабабли низомдаги “тўнаш”, “талон-тарож қилиш” ва “ўт қўйиш” деган сўзларни олиб қўйсанглар. Бўлмаса, “ким кимнинг мулкига ўт қўйди, қайси томон бошлади, кимлар кўпроқ ўт қўйди?” деган охири кўринмас текширувлар бўлаверади. Оддийгина “жабрланган” деб умумийлаштириб қўйсак бўлмайди? – дея савол ташлади Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов 16 май куни Бишкекда ўтган ҳукумат мажлисида.

Бироқ Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев Ўш мэрининг сўзларига эътироз билдириб, июн воқеалари чоғида тажовузкорлик ҳолатлари кузатилганини тан олиш зарурлигини айтди.

Атамбаев ҳукумат томонидан кўрсатилаётган моддий ёрдам вазиятни изга солиб, одамларда ишонч пайдо бўлишига йўл очади, деб ҳисоблайди:

- Бирон талотум содир бўлсаёқ босиб олиш, ўт қўйиш, тўнашни тўхтатиши керак қирғиз халқи. Қанчалик аччиқ бўлса ҳам, бу нарсани қабул қилиш керак. Энди бўлар иш бўлди-да. Бу ерда фақатгина рейдерлик ҳолати йўқ. Шунинг учун низомда ҳам бу борада айтилмаган. Мана шу жабрланганларни яхшилаб аниқлаб, ёрдам беришни охирига етказмасак, бу чўзилиб кетадиган иш. Негаки, бунгача кўпчилик одамлар, очиғини айтаман, “ҳукумат жабрланганлар кўрган зиённи тўлолмайди”, деб юришганди. Мана, пул топилиб, тўлаб бермоқчи бўлиб турибмиз, - деди Алмазбек Атамбаев.

Қайд этиш жоизки, кечаги ҳукумат мажлиси чоғида Ўш воқеаларида жабрланган тадбиркорлар учун давлат хазинасидан 450 миллион сўм ажратилгани айтилди, бироқ бу маблағдан ўшлик тадбиркорларнинг барчаси ҳам бирдек фойдала олмайди.

Қирғизистон молия вазири Учқун Ташбаев июн воқеаларида жабр кўрган, бироқ ўша пайтгача ноқонуний тижорат билан шуғулланган тадбиркорларга ёрдам пули берилмаслигини маълум қилди:

- Кўплаб тадбиркорлар рўйхатдан ўтмай, солиқ тўламай, ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланган. Ўша тадбиркорлар ўз вақтида солиқ тўлагиси келмай, қочиб юрган. Энди товон пули олишга келганда ўша одамлар бизнесларини аввалги муддат билан рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилаётган ҳолатлар кўп бўлаяпти. Бироқ биз бундай тадбиркорларга ёрдам беролмаймиз, - деди Учқун Ташбаев.

Бундан ташқари, Қирғизистон ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган низомда моддий ёрдам берилмайдиган тадбиркорликнинг турлари аниқланган. Унда жабр кўрган давлат ёки мунуципал мулкда улуши бўлган тадбиркорларга, июн воқеаларидан кейин мулк эгаси алмашган объектларнинг хўжайинлари ва казино, сауна каби кўнгилочар жойларга моддий ёрдам берилмаслиги кўрсатилган.

Бунгача Ўш воқеаларида жабр кўрган тадбиркорлар рўйхати тузилган ва 2100 тадбиркор товон пули олиш ҳуқуқига эга бўлганди.

Ҳукумат низомига асосан, 5 минг сўмдан 50 минггача зиён кўрган тадбиркорларнинг пуллари тўлалигича тўланади. Бир миллион сўмгача ва ундан ортиқ миқдорда зиён кўрган икки тоифадаги тадбиркорларга 50 минг сўмдан қайтарилмас маблағ ва 150 минг сўмгача енгиллатилган тарзда кредит берилади.

Қирғизистон ҳукумати, бундан ташқари, банклардан йирик миқдорда кредит олган, бироқ июн воқеаларида бизнесидан ажраган тадбиркорларга енгиллик яратиш масаласини кўтарди. Бу борада Миллий банкка, кредитларни тўлаш муддатини узайтириш ва фоизларни тўхтатишга ёрдам бериш топширилди.

Қўшимча қилиб ўтамиз, ўтган йили муваққат ҳукумат декрети билан Ўш ва Жалолободда кўплаб тадбиркорлар солиқлардан ва бошқа тўловлардан озод қилинганди.
XS
SM
MD
LG