Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:49

Туркистон легионери оқланди


Комилжон ота Қобилов Иккинчи Жаҳон уруши чоғида Туркистон легионида хизмат қилган сўнгги сўғдлик ҳисобланади.
Комилжон ота Қобилов Иккинчи Жаҳон уруши чоғида Туркистон легионида хизмат қилган сўнгги сўғдлик ҳисобланади.

Туркистон легионида хизмат қилган сўғдлик Комилжон Қобилов бу йил ғалаба байрами арафасида реабилитация қилинди.


Комилжон ота 1939 йили Совет армияси сафига чақирилди ва Украинадаги Волин вилояти Ковел шаҳрида разведка полкида хизмат қила бошлади.

- Мен хизмат қилган Ковел шаҳри Волин вилоятининг ғарбида, Полша билан чегарадош минтақада жойлашган. Волин вилояти 1939 йилда ташкил этилган янги вилоят эди. 1941 йилнинг 22 июн куни Полшадан бостириб келган немис фашистлар Волин вилоятини саноқли соатларда босиб олишди. Мен хизмат қилган отли разведка полки ҳам тор-мор этилди. Тирик қолганларни немислар асирга олишди ва бизни Полшага жўнатишди,- дейди ўша мудҳиш йилларни эсларкан Комилжон ота.

Унинг айтишича, концлагердаги ҳарбий асирларга ўлик отларни олиб келиб ташлашарди. Яшашни хоҳлаганлар хом гўштни ейишга мажбур бўлган. Хоҳламаганлар эса оч қолиб, охир-оқибатда жон таслим қилишарди.

“Рус ва ўрта осиёликларни немислар калтаклашарди, таҳқирлашарди, лекин ўлдирмас эдилар, - дейди Комилжон ота, - яҳудийлар эса ўша заҳоти отиб ташланарди”.

1941 йилда Германияда Мустафо Чўқай, Боймирза Ҳайит, Вали Қаюмхон, Рўзи Назар каби бир гуруҳ туркистонлик зиёлилар томонидан урушда асирга тушган ўрта осиёликлардан иборат Туркистон легиони тузилганди. 1942 йилнинг феврал ойида эса Полшада бу легионнинг машқ лагери ташкил этилди. Легион раҳбарлари немислар эгаллаб олган давлатлардаги концлагерларда бўлиб, ҳарбий асирларни ўз сафларига даъват қилишарди. Полшадаги концлагерда ана шундай тарғибот вақтида Комилжон Қобилов ҳам бу легион сафига қўшилади.

“Комилжон ота, сиз шу легионни ташкил этган Мустафо Чўқай, Боймирза Ҳайит, Вали Қаюмхон, Рўзи Назарлар билан учрашганмисиз?” дея сўраймиз суҳбатдошдан. Бу саволга жавоб беришдан олдин ота анча ўйланди - саволимиз унга ёқмагани кўриниб турарди. Шу боис бўлса керак, у қисқа жавоб қилди.

- Узоқдан кўрганман, қўл бериб, саломлашганим йўқ, суҳбатлашмаганман ҳатто. Мен Полшадаги ҳарбий машқ лагерида медбрат бўлиб ишладим,- дейди Комилжон ота.

1944 йилда Полшани озод этган Совет армияси Туркистон легионига қарашли полкни ҳам тор-мор қилди. Легионда бўлган ва омон қолганлар асирга олиниб, СССРдаги лагерларга жўнатилди.

- Мени аввал Сибирга жўнатишди. Изғиринли совуқдан, очликдан, калтаклардан анчагина лагердошларим жон таслим қилди. Сибирдан кейин Урал, Мордовия ва охири Челябинскдаги ҳарбий асирлар қамоқхонасига ташлашди. Қайси қамоқхонага юборишмасин, ҳамма жойда тергов, сўроқ ва калтаклаш бошланарди,- деб эслайди Комилжон ота.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, 1953 йилда Сталин ўлимидан кейин лагердаги кўпчилик асирларга жавоб беришган. Жавоб беришдан олдин, уларда қаерга боришларини, йўлни топиб олиш-олмасликларини сўрашган. “Ха” деб жавоб берганларни қўйиб юборишган. Улар орасида Комилжон ота ҳам бор эди. Бироқ У ватанига - Сўғд вилоятидаги Рўмон қишлоғига қайтиб келганидан кейин ҳам қийинчиликлар тугамади.

Неча ой давомида уни НКВДда тергов ва сўроқ қилишди. Комилжон ота қишлоғида ҳам бошини тик кўтариб юролмас эди. Бундай ачинарли ҳаёт яқин кунларгача давом этиб келди. Йиллар ўтиб, вилоят ва Хўжанд шахар ветеранлар шўроси тавсиялари ва сўровлари натижасида Комилжон Қобилов реабилитация қилинди.

- Иккинчи Жаҳон уруши даврида ҳарбий асирга тушганларни реабилитация қилишда ҳозир ҳам давом этмоқдамиз. Улар хоин эмас, уруш қатнашчилари ҳисобланади. Ахир улар ўз истаги билан асирга тушмаган-ку. Бугун уруш қатнашчилари сони жуда кам қолган. Уларнинг ҳар бирини ҳақиқий қаҳрамонлар, десам хато бўлмайди. Чунки ўша ҳаёт-мамот жангларида, концлагерларда омон қолганликларининг ўзи қаҳрамонликдир,- дейди Хўжанд шаҳар уруш фахрийлари шўроси раис ўринбосари Мамадхон Эшонов.

Комилжон Қобиловга Иккинчи Жаҳон уруши ветерани номи қайтарилди. Унинг урушни эслатувчи битта медали бор, у ҳам бўлса Тожикистон мустақилликка эришгандан кейин берилган. Айни пайтда Комилжон ота Қобиловнинг 40 та невараси ва 30 та эвараси бор.
XS
SM
MD
LG