Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:40

Қирғизистонда ўзбекистонлик маҳбус очлик эълон қилди


Бишкекдаги 1-қамоқхонада умрбод қамалган ўзбекистонлик ва қирғизистонлик маҳбус очлик эълон қилди.

“Фуқаролар коррупцияга қарши” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази тарқатган маълумотга кўра, Қирғизистон фуқароси Рахматулло Туронов ва Ўзбекистон фуқароси Отабек Аҳадовлар ўзларига нисбатан чиқарилган бир умрлик қамоқ жазоси ҳукми асоссиз эканини айтишиб, Қирғизистон Бош прокуратурасидан жиноят ишини қайта тергов қилинишини сўрашмоқда.

Бироқ улар Бош прокуратурадан ўз аризаларига ижобий жавоб ололмагач, 11 май кунидан бошлаб очлик эълон қилишган:

- Бу икки фуқаро бошқа-бошқа жиноят ишлари бўйича қамалган. Масалан, Туроновга нисбатан янги тафсилотларнинг пайдо бўлгани сабабли бир неча маротаба жиноят иши қўзғалган. Унинг жиноят ишида ростдан ҳам ўрганилмаган вазиятлар бор.

Қонунга асосан, янги тафсилотларнинг пайдо бўлгани сабабли фақат Бош прокуратура жиноий иш қўзғаши мумкин. Бироқ Бош прокуратура доимо бундан бош тортаяпти.

Очлик эълон қилганлардан иккинчиси Аҳадов Отабекнинг аризаси БМТ қўмитасида рўйхатга олинган. Ариза шу йил Женевада кўриб чиқилиши кутилмоқда, - деди “Фуқаролар коррупцияга қарши” марказининг маҳбуслар ҳуқуқини ҳимоя қилиш лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси Евгения Крапивина.

Унга кўра, Рахматулло Туронов ва Отабек Аҳадов бундан бир ярим ой муқаддам Қирғизистон президенти, Бош вазир ва парламент раисига ҳам мурожаат қилишган. Бироқ улардан ҳам жавоб бўлмаган.

Маълум бўлишича, 10 йилдан бери қамоқда ётган ўзбекистонлик Отабек Аҳадов, 2001 йили “террорчилик қилган”, ““Иттипақ” уйғур диаспораси лидери Нигмат Баззаков ва “Дўстлик” меҳмонхонаси олдида хитой фуқаросини ўлдирган, деган айбловлар билан ўлим жазосига ҳукум қилинган. 2007 йилда эса ўлим жазоси бир умрлик қамоқ жазоси билан алмаштирилган.

Қирғизистонлик Рахматулло Туронов эса, 2003 йилда Бишкекда “уч аёлни ўлдиришга бюртма берган” деб айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукум қилинган.

Жазони ўташ давлат хизмати раҳбари Шейшенбек Байзаковнинг айтишича, Отабек Аҳадов ва Рахматулло Туронов қамалганидан бери бешинчи маротаба очлик эълон қилишмоқда. Бунгача уларнинг аризаси Олий суд томонидан тўрт маротаба қараб чиқилган.

- Уларнинг аризаларини Олий суд тўрт маротаба қараган ва умрбод қамоқ жазоси ҳукмини ўз кучида қолдирган. Президент маъмуриятининг Авф этиш комиссияси ҳам уларнинг аризаларини ўрганган. Комиссия ҳам шу ҳукумни ўз кучида қолдирган.

Уларнинг очлик эълон қилишга ҳаққи бор. Улар шу билан бешинчи маротаба очлик эълон қилишаяпти, - деди Шейшенбек Байзаков.

Айни пайтда Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот котиби Талант Қўнўқбаев, Отабек Аҳадов ва Рахматулло Туроновнинг аризалари ҳозирда ўрганилаётганини маълум қилди.

- Бугунги кунда Бош прокуратуранинг тегишли бошқармаси келиб тушган аризаларни текшириб, қараб чиқмоқда. Қонунда белгиланган муҳлатга асосан, яъни бир ой ичида аризалар қараб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилиниши керак, - деди Талант Қўнўқбаев.
XS
SM
MD
LG