Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:44

Уруш фахрийлари эътиборсизликдан нолимоқда


Сўғдлик уруш фахрийси Абдураҳим Воҳидов маҳаллий расмийлар уруш қатнашчиларини йилига бир мартагина эслаб қўйиш билан кифояланаётганидан шикоят қилади.
Сўғдлик уруш фахрийси Абдураҳим Воҳидов маҳаллий расмийлар уруш қатнашчиларини йилига бир мартагина эслаб қўйиш билан кифояланаётганидан шикоят қилади.

Иккинчи Жаҳон урушида қатнашган сўғдлик фахрийларнинг айримлари ўзларига етарлича эътибор қаратилмаётганидан норози.

Хўжанд шаҳар Уруш фахрийлари шўроси раисининг ўринбосари Мамадхон Эшонов Ғалаба байрами арафасида 92 ёшга кирди. Шунга қарамай, у қаддини ғоз кўтариб юришга ҳаракат қилмоқда. Мамадхон Эшонов уруш йилларида олти йил разведкачи бўлиб хизмат қилган. Ҳаёт-мамот жанглари чоғида 60 та “тил”ни асирга олган.

- Ўтган асрнинг 40-йилларида хизматга чақиришди. Шу билан қўшиқда айтилганидек, СССРнинг ярмини, Европанинг ҳам шунча қисмини яёв юриб, халқларга тинчлик олиб келиш ишига ўзимнинг, кўп бўлмаса-да, ҳиссамни қўшдим, - дейди Мамадхон бобо.

Суҳбатдошимиз камтарлик қилиб, “оз бўлса-да” деди-қўйди. Ўша мудҳиш кунларда фашистларга қарши жанг қилиш ва эсон-омон қайтишнинг ўзиёқ қаҳрамонлик эди. Мамадхон бобо эса жанглар давомида немисларга таслим бўлган генерал Власовни асирга олган марди майдонлардан.

- Генерал Власовни ҳибсга олганмиз. Карловар ўрмонзорларида ушладик. Қизиғи шундаки, Власовни менинг взводимда энди бир ой хизмат қилган андижонлик Раҳмонов деган оддий аскар ушлаган. Мана шу операция учун Раҳмонов Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонига сазовор бўлди, менга биринчи даражали Ватан уруши ордени беришди, - дейди Мамадхон бобо.

Унинг айтишича, бобо бошлиқ рота 1945 йилда Берлиндаги Рейхстагга байроқни ўрнатмоқчи бўлганлар хавфсизлигини таъминлаган. Бунинг учун разведкачилар байроқ ўрнатилиши керак бўлган жойгача байроқдорларга йўл очиб боришган.

Бугунги кунда Мамадхон бобо кексалик гаштини сурмоқда. У вилоят ва шаҳар ҳукумати ўзига ғамхўрлик кўрсатаётганини айтади.

Бироқ вилоятда истиқомат қилаётган фахрийларнинг ҳаммаси ҳам Мамадхон бободек давлат ғамхўрлигидан баҳраманд бўлаяпти, деб бўлмайди.

Сўғдлик Майсара Сафедакова икки кам 90 ёшга кирган. У Иккинчи Жаҳон уруши бошланганида 17 ёшда бўлган. Ўша пайтда у Астрахан шаҳридаги учувчилар билим юртини эндигина битириб, ҳарбий самолётларга техник ёрдам кўрсатиш касбини эгаллаган эди.

- Урушнинг биринчи кунидан биз ёш қизчалар Москва шаҳри яқинидаги 738 авиаполкда хизмат қила бошладик. Москва яқинида жанглар бошланганида биз ҳам жангга киришдик. Самолётлар жангдан қайтиб келгач, шу заҳоти ўқ-дорилар билан шайлантирардик.Самолётлар учиб кетгач, зенитка ёнида туриб, Москвани бомбардимон қилмоқчи бўлган фашистлар самолётларини ўққа тутардик, - дейди Майсара ая.

Фашистлар Москва остонасидан улоқтириб ташлангач, Майсара ая ўз полки билан Прага шаҳригача етиб борган. Ая ғалабани ҳам шу ерда қарши олган. Айни пайтда унинг соғлиғи ёмонлашган, юролмайди, кўзи хам хиралашиб, одамларни танимайди.

- Ҳукумат ёрдам бераяптими-бермаяптими – билмадим. Бир йилда бир марта келишади шу байрам олдидан, озгина пул беришади, ун, ёғ, яна шакар бўлса керак - беришади. Шу билан кетадилар, бошқа келишмайди, - дейди Майсара ая.

Унинг айтишича, аядан халқаро ташкилотлар ҳам келиб хабар олишади, озгина пул беришади, озиқ-овқат ташлаб кетишади.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Абдураҳим бобо Воҳидов маҳаллий ҳукуматнинг эътиборсизлигидан анча койинди. Ёши 90 дан ошган Абдураҳим бобо айни пайтда ўрнидан туролмайди. Уруш бошида жангга кирган суҳбатдошимиз Ғалабани Берлин остонасида қарши олган экан. Бироқ у уруш воқеаларини эслашни ёқтирмайди, асосан бугунги ночор аҳволидан нолийди.

- Олаётган нафақам рўзғорга етмаяпти. Оиламда олти киши яшайди. Икки фарзандим ногирон. Бу ҳам бўлса ўша уруш асорати. Оилам ҳукуматга ҳам борди, военкоматга ҳам. “Қўлимиздан келганича ёрдам бераяпмиз, давлат ҳам бой эмас”, дейишаяпти. Бир йилда бир марта 300 сомоний (тақрибан 64 АҚШ доллари – таҳр.) миқдоридаги ёрдам пули неча кунга етарди? Дори-дармон, озиқ-овқатга-чи, - дейди Абдураҳим бобо.

Расмий маълумотларга кўра, Иккинчи Жаҳон урушида 11 мингдан зиёд сўғдлик қатнашган. Шу кунда Сўғд вилоятида 700 нафар уруш фахрийси истиқомат қилади. 2010 йилда эса улар сони мингдан ортиқ эди. Бугунги кунда уруш фахрийларининг деярли ҳаммаси касалманд, улардан айримлари эса ёстиғига михланиб ётибди.
XS
SM
MD
LG