Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:25

Ўзбек рэпперлари учун "цензура кенгаши" ташкил этилди


Ўзбек рэпперлари "Ўзбекнаво" расмийларининг ўгитларига қулоқ солиб ўтиришибди. (Сурат "Ўзбекнаво" расмий сайтидан олинди)
Ўзбек рэпперлари "Ўзбекнаво" расмийларининг ўгитларига қулоқ солиб ўтиришибди. (Сурат "Ўзбекнаво" расмий сайтидан олинди)

Ўзбекистонда рэпперлар кенгаши тузилди. Кенгаш зиммасига ўзбек рэпперлари ижодини назорат қилиш масъулияти юклатилди. Ўзбек рэпперларидан ўз қўшиқларида ҳақорат ва камситувчи сўзларни олиб ташлаб, она юрт, гўзаллик, меҳр-оқибат, садоқат, севги, ота-она каби мавзуларда қўшиқлар яратиш талаб қилинмоқда.


Март ойи бошида тузилган Ўзбекистонда рэп йўналиши ижодкорларининг Кенгаши етакчилари этиб Терра радио бош редактори Руслан Салиев – Mr.Slan ва хононда Шаҳриёр Аргонов – Shahrik сайланди.

"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси билан боғланганимизда, телефонга жавоб берган ходим Кенгаш борасида ташкилотнинг расмий сайтида тўлиқ маълумот берилганини ва ортиқча изоҳга ҳожат йўқлигини айтиб, гапни қисқа қилди.

- Мана бизнинг сайтимизга киринг. Бу бўйича тўлиқ маълумотлар бор. Рэп йиғилиши бўйича, умуман кенгаш, ҳаммаси бўйича сайтимизда тўлиқ маълумот бор. Ўшандан олишингиз мумкин опа,- деди "Ўзбекнаво" ходими.

"Ўзбекнаво" сайтидаги маълумотга кўра, Кенгаш зиммасига рэп йўналишида ижод қилувчи хонандаларнинг тўлиқ рўйхатини тайёрлаш, маълумотлар базасини яратиш, хонандаларни ҳар ойда бир марта йиғиб, ўзаро муҳокамалар, давра суҳбатлари ўтказиб туриш, хонандаларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш юклатилди.

Эндиликда рэп услубидаги қўшиқларни халқчил, жамият манфаатларига мос ва ўзбекона руҳда яратиб, ўзбек қадриятларига тўғри келмайдиган қўшиқларни ижро этмаслик талаб қилинмоқда.

Озодлик телефон орқали боғланган ўзбек рэпперларидан бири бу борада гапиришни истамади, лекин янги Кенгашнинг тузилганини олқишлашини айтди.

Тошкентлик рэпперлардан бирининг продюссери эса микрофонга гапирмаслик шарти билан, кейинги пайтда рэпперларга нисбатан назорат кучайгани, уларнинг репертуарлари текширувдан ўтказилаётганини айтиб, бу ҳолатни рэпперларга нисбатан цензура ўлароқ баҳолади.

"Ўзбекнаво" тарқатган хабарномага кўра, эндиликда ўзбек рэпперларининг сўкиниш, ҳақорат, камситиш оҳангидаги барча қўшиқларини репертуардан чиқариб ташлаб, уларнинг ўрнига ватан ҳақида, истиқлол ҳақида, Ўзбекистоннинг табиати, экологияси ҳақида, тинчлик ва осойишталик, яхшилик ва инсонийлик ҳақида куйлаш талаб қилинади.

Рэпперлар репертуарининг қаттиқ назоар қилинишига, мусиқа танқидчилари фикрича, уларнинг қўшиқлари қуюшқонидан чиқиб кетгани сабаб бўлган.

Хусусан, Ўзбекистонлик таниқли рэп қўшиқчиси Акромнинг милиция ходимлари ҳақидаги қўшиғини бунга мисол қилиш мумкин.

Газзи босвомман, ментладан қочвомман,
Бензин тўла бак оптом дах...,
Тўхтийдиган ниятим йўқ нех...,
Сирена ëқволиб қувлашвотти орқамдан,
Ўрта бармоғимми кўрсатвомман ойнадан,
Азгина ўйин қил, дейсан мелиса билан
Семириб кетвоссан бекорчилигингдан,
Маннан просто так пул ололмийсан,
Ман “Шумахер” манга етомийсан.


Санъат соҳаси мутасаддилари эндиликда ўзбек рэпперлари ўз қўшиқларида ҳақоратомуз гаплардан қочиб, Шоҳрух сингари кўпроқ ватанни куйлашни тавсия қилишмоқда.

Мани элим, элатим, ой эгнидаги,
Гўзал ахлоқ деган либоси бор миллатим,
Қўлини кўксига доим босган ўзбегим,
Мани элим, ғурурим,
Жоним фидо бўлсин агар у мани камида ҳар дам,
Салом алик бор, оқибати .......


Ўзбекистон ва Туркманистон Халқ артисти Ортиқ Отажонов ўзбек рэпперлари репертуарларини “элакдан ўтказиш” ҳолатини ижобий баҳолайди.

- Энди ҳозир Ўзбекнавода янги бир бўлим очилди деб эшитдим. Ëшларимизнинг нима айтишини аввалдан эшитиб кўриб сўзи кимники, мусиқаси кимники, қаердан олинган, сўзлар замонимизга тўғри келадими, санъат бўйича, ҳар хил йўналишлар бўйича куйлаëтган ëшларимизни тўғри йўлга солиш, уларни тарбиялаш. Мана бу яхши бўлди энди, шу нарса тўғри йўлга қўйилди. Реплар ҳам керак. Чунки ҳар хил томондан меҳмонлар келади. Ҳар хил йўналишлардаги қўшиқлар керак бўлади. Шунинг учун реп бўладими, эстрадами, бошқами, рокми майли синаб кўришаверсин. Уларни тўғри йўлга солиш биз ëши катталарнинг мажбуриятимиз. Уларнинг оғзидан чиқан гапларни тўғри қилиш керак. Тўғри, яхшилаб тарбияласа, ҳеч фойдадан ҳоли бўлмайди,- дейди Ортиқ Отажонов.

Ўзбекистон халқ артисти, прфессор Зоҳид Ҳақназаров эса, ижодда, жумладан, рэпперлар ижодида ҳам эркинлик тарафдорларидир.

- Умуман олганда бунинг салбий таъсирини кўрмаяпман мен. Лекин бизларнинг мусиқа маданиятимизга ҳам бироз хос нарса эмас. Лекин ëшларнинг мана шу усулда ижод қилаëтганини мен қўллаб-қувватлайман. Бизларда кўпроқ мана шу сўзларнинг маъносига жуда катта аҳамият беришади. Лекин мен болаларнинг ҳаракатларида мана шунақа жанрдаги айтишларига мен кўпроқ бадиий сайқал бераман. Бу қўшиқ, албатта сўзлари бироз нотабиий ҳам гоҳида, қанақа тўпламлар бўлади, ҳар хил сўзларни гапираверишади. Лекин мусиқанинг усулига аҳмият бераëтгани, жаҳонда бўлаëтган ҳар хил оқимларга интилаëтгани мени кўпроқ қизиқтиради. Мен у ерда сўзларида ëмон бир нарсаларни бор деб айтмайман. Ижодий изланиш. Бу яхши нарса,- дейди Зоҳид Ҳолиқназаров.

Феврал ойи охирида Ўзбекистон телевидениеси “Ëшлар” телеканалида берилган “Оҳанг ва офат” номли ҳужжатли дастурда рок-н-ролл ва рэп мусиқаларини “қора кучлар томонидан яратилган шайтоний мусиқа”, деб қораланган эди.

“Оҳанг ва офат” дастури муаллифлари фикрича, “рок мусиқаси Африканинг ов расм-русмларидан келиб чиққан”, рэп мусиқасини эса “қамоқхонадаги маҳбуслар яратган.”

Дастурда “Ғарбнинг рок ва рэп мусиқасининг зарарли таъсири ва унинг ўзбек ёшлари бошига қора булут янглиғ яқинлашаётгани хусусида ташвиш билдирилган эди.

Ушбу хавотирлар ортидан рэп ижодкорлари Кенгаши тузилиб, рэпперлар репертуарлари “элакдан ўтказила” бошланди.

Ушбу “элак”дан ўтган ва рэпперлар Кенгаши талабларига жавоб бера оладиган рэп қўшиқлари эса жорий йилда Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилаётган Хип-Хоп фестивалида янграши мумкин.
XS
SM
MD
LG