Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:04

Қирғиз милицияси қийноқларни анъанага айлантирмоқда


2010 йилнинг июн ойидаги Ўш воқеалари чоғида ўз маҳалласидаги қирғиз одамнинг уйига ўт қўйганликда айбланиб қўлга олинган ўзбек йигитининг онаси Каромат опа ўғлининг ҳуқуқ -тартибот тузилмалари ходимлари томонидан қийноққа солинаётганига гувоҳ бўлганини айтади:

- “Горбаня”нинг ёнида солиқ полицияси биносининг тепасида, 3 - қаватда молия полицияси бор экан. У ерга борсам ўғлимни роса қийнаб, уриб, қонга ботириб қўйган экан. Қоровулхонанинг кичкина тешикчасидан “ичкарида ким бор экан”, деб қарасам, ўғлим ўтирибди, қонга бўялиб. “Вой жоним болам, шунақа бўлдими”, десам, биттаси қарсиллатиб тепди, ўғлим яна деворга ёпишиб қолди. Шундан кейин мени у ердан ҳайдаб чиқаришди, -дейди йиғлаб Каромат опа.

19 ёшли Бекбўлўт ўғли Кўчкўнбой Сўқулуқ туманидаги “Голден Сан” заводида ишлаб юрган пайтида компютер ўғирлаганликда гумонланиб қўлга олинган. Кўчкўнбойнинг айтишича, милиция ходимлари уни компютерни ўғирлаганини тан олиши учун қийноққа солган:

- Молларни қараб юрсам эшик таққилаб қолди. Фуқаролик кийимидаги одам “Мени танийсанми?” деб сўради. “Йўқ” дейишимга қўлимга кишан солиб, машинага ўтқазиб кетти. Ёнида икки формачан одам бор экан, Машинадаёқ “бўйнинга ол”, деб резинка таёғи билан калтаклаб кетишди. Новопавловканинг милиция бўлимига олиб боргандан кейин, ечинтириб олиб калтаклашди. Биттаси қўлқоп кийиб олиб, резинка таёғи билан буйрагимга, бошимга, товонимга уриб қийнашди, - деди Кўчкўнбой.

Суҳбатдошларимизнинг айтиб берганлари бир –иккита мисол холос. Қирғизистонда 2010 йили 223 қийноққа солиш ҳолат рўйхатга олинган:

- Бу статистика вазиятни тўла кўрсатмайди. Булар бизга ва биз билан бирга ишлаган икки - уч ташкилотларга келган аризалар холос. Бугунги кунда 53 одамнинг аризаси юзасидан иш олиб боряпмиз. Уларнинг кўпчилиги Ўш ва Жалолобод вилоятларидан келган аризалардир. Бизда далиллар бор. Кўп холларда қийноққа солинган одамларнинг тиббий экспертизалари, боши чайқалгани, синганини тасдиқловчи врачларнинг кўрсатмалари бор. Ўтган йилнинг статистикасини олсак, қийноқларнинг 85 фоизи милиция томонидан қўлланилган, - деди “Эркинлик овози” ташкилоти раҳбари Сардор Бағишбеков.

Бағишбековнинг айтишича, милициядан кейин Миллий хавфсизлик қўмитасида ва маҳбусларни вақтинча сақлаш жойларида қийноққа солиш ҳоллари кўп учрайди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Қирғизистонда қийноқнинг бир неча турлари қўлланилади. Улар танада из қолдирмайдиган элетрошок, бошга елим халта кийдириш, резина таёқлари ва газ моддаларини қўллаш кабилар.

- Охирги вақтларда кўпинча инсон танасида из қолдирмайдиган қийноқларни қўллашга ҳаракат қилишади, - деди Сардор Бағишбеков.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, қийноққа солиш ҳоллари 2010 йилда аввалги йилларга нисбатан анча кўпайган. Бироқ ҳуқуқ - тартибот тузилмалари расмийлари бу иддаоларни рад этиб келмоқда.

Ўш вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Малик Нурдинов милициянинг ўзи қийноқлар бўлмаслигидан манфаатдор эканини айтади:

- Бу сўзлар хақиқатга тўғри келмайди. Сабаби бу ерда ҳозир “Қизил Хоч”, деган ташкилот ишлаяпти. Нодавлат ташкилотлари бор ва яна бошқа ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари бор. Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари бор. Булар қараб туришибди-да, булар кун сайин вақтинча сақлаш жойларини текшириб туришади. Биз ўзимиз хам бундай ҳолларнинг содир бўлишига йўл қўймаймиз, - деди Малик Нурдинов.

Қирғизистон Бош прокуротурасидан олинган расмий маълумотларга таянсак, 2010 йилда қийноқлар юзасидан фақат иккита жиноий иш қўзғатилган ва судга юборилган.

Милиция ходимлари томонидан қийноқларга солинган Бекбўлўт ўғли Кўчкўнбой ўзини қийноққа солган 4 милиция ҳодими устидан ариза ташлаган. Бироқ шу кунгача унинг аризаси Соқулуқ туман прокуротураси томонидан текширилгани йўқ.

Кўчкўнбойнинг айтишича, уни калтаклаган милиция ходимларининг яқинлари унинг уйига келиб аризасини қайтариб олиши учун пул хам таклиф қилишган.

Сухбатдошимиз Каромат опа эса ҳуқуқни ҳимоя қилиш халқаро ташкилотлари кўмагида ўғлининг айбсизлигини исботлаб, қамоқдан қутқариб олганига шукур қилиб, ўғлини қийноққа солган ҳуқуқ - тартибот тузилмалари ходимлари устидан хеч қаерга арзланмаган.
XS
SM
MD
LG